ЖУМА НАМОЗИ
Жума намози икки ракат фарздир. Ундан олдин ва кейин тўрт ракат суннат ўқилади. Жума фарзидан олдин ва кейинги суннатлар пешин намозининг тўрт ракат суннатлари каби ўқилади. Жуманинг икки ракат фарзи бомдод намозининг фарзи каби ўқилади.
Жума намозида фарздан олдинги тўрт ракат суннатдан кейин, икки ракат фарз ўқилмасдан олдин имом минбарда хутба қилади.
ЖАНОЗА НАМОЗИ
Ният: «Юзимни Каъбанинг бир тарафига қилиб, шу имомга иқтидо қилиб Аллоҳ таоло учун жаноза намозини ўқишни ният қилдим».
Қўллар қовуштирилиб киндик остида тутилади, имом ният қилгач, унинг ортидагилар ҳам ифтитоҳ такбирини айтади, сўнгра сано ўқийди: «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик. Ва табарокасмук ва таъала жаддук ва лаа илаҳа ғойрук».
Сўнг имом овоз чиқариб такбир айтгач, яъни «Аллоҳу акбар» дегач, унинг ортидагилар ҳам ичларида ўзлари эшитадиган даражада такбир айтади. Бу такбирда қўллар кўтарилмайди. Сўнг салавот ўқилади. Ва яна қўлни кўтармасдан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтилади ва жаноза дуоси ўқилади. Дуодан сўнг қўллар қовуштирилган ҳолда «Аллоҳу акбар» деб, ўнг ва чап томонларга салом берилади.
ЖАНОЗА ДУОСИ
Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабийрина ва закарина ва унсана. Аллоҳумма ман аҳяйтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал Ислам. Ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу ъалал ийман.
Маъноси: «Ё Аллоҳ! Бизларнинг тиригимизни, ўлигимизни, бу ерда бўлганларни ва бўлмаганларни, кичикларимизни ва катталаримизни, эркак ва аёлларимизни кечир. Ё Аллоҳ, биздан туғилажак янги наслларни Ислом динида дунёга келтир. Ажали етиб ҳаётдан кўз юмадиганларнинг жонларини имонли ҳолларида олгин».
Жанозаси ўқилаётган маййит балоғатга етмаган ўғил бола бўлса, мана бу дуо ўқилади:
Аллоҳуммажъалҳу лана фаротав-важъалҳу лана ажров-ва зухров важъалҳу лана шафиъам-мушаффаъа.
Маъноси: «Ё Аллоҳ! Бу болани жаннатда бизни қарши олувчи, мукофот ва захира қил. Бу болани биз учун шафоати мақбул шафоатчи қил».
Жаноза балоғатга етмаган қиз бола учун ўқилаётган бўлса, қуйидаги дуо ўқилади:
Аллоҳуммажъалҳа лана фаротав-важъалҳа лана ажров-ва зухров-важъалҳа лана шафиъатам-мушаффаъта.
Маъноси: Ё Аллоҳ! Бу қиз болани жаннатда бизни қарши олувчи, мукофот ва захира қил. Бу қизни бизга шафоати мақбул шафоатчи қил.
Бу дуоларни билмаганлар «Аллоҳуммағфирлий ва лаҳу ва лил-муъминийна вал муъминат».
Яъни, Ё Аллоҳ, мени ва уни, эркак ва аёл барча мўминларни кечир», дея дуо қилсалар ёки «Роббана атина фид дуня...» дуосини ўқисалар ҳам бўлади.
Жаноза намозининг бошланишига улгурмаган киши жамоатга тезда қўшилиб, ифтитоҳ такбирини айтади ва имомга иқтидо қилади. Имом салом берганидан кейин, тобут кўтарилмасдан олдин қолган такбирларнинг ўзини айтади.
Тушган, ўлик туғилган болага жаноза ўқилмайди. Унга исм қўйилиб ювилади ва матога ўраб кўмилади. Тирик туғилиб ўлган болага ҳам исм қўйилиб, ювилиб, жанозаси ўқилади.
ҲАЙИТ НАМОЗИ
Ҳар бир намозни бошлашдан аввал ният қилингани каби ҳайит намозини бошлашдан олдин ҳам ният қилинади. «Юзимни Каъбанинг бир тарафига қаратиб, шу имомга иқтидо қилиб, шу вақт Рамазон (ёки Қурбон) ҳайити намозини Аллоҳ таоло учун ўқишни ният қилдим», дейилади.
Сўнг имом «Аллоҳу акбар», дея ифтитоҳ такбирини айтгач, жамоат ҳам қўлларини кўтариб, ифтитоҳ такбирини ичларида ўзлари эшитадиган даражада айтади.
Сўнг ҳамма ичида, ўзи эшитадиган даражада сано ўқийди. Сўнг имом кетма-кет қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Имом ҳар бир такбир айтганида жамоат ҳам унинг ортидан қўлларини кўтариб такбир айтади. Бу такбирларнинг биринчи ва иккинчи такбиридан сўнг қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланиб, киндик остида тутилади.
Сўнг имом ичида «Аъузу»ни ва «Бисмиллаҳ»ни айтиб, овоз чиқариб Фотиҳа сурасини ва яна бир сурани ўқийди, руку ва икки марта сажда қилинади.
Руку ва саждадан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом Фотиҳа сураси ва бир сура ўқигач, рукуга бормай, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтилади. Сўнг тўртинчи такбир айтилиб, рукуга борилади ва икки марта сажда қилинади. Сўнг чўкка ўтириб ташаҳҳуд, салавот, дуо ўқилиб салом берилади ва намоз тугайди. Кейин имом минбарга чиқиб хутба қилади, сўнг дуо қилинади.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД