Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Мусулмон одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганар экан, у ўзи учун ҳаётнинг барча жабҳаларидаги фаолиятида энг олий даражадаги одоб-ахлоқ намунасини кўради. Шу боис, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳақиқий уммат бўлишни истаган одам, у зотнинг ҳаётларини ўрганиши ва ўзи учун намуна қилиб олиши лозим бўлади.
Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун, хусусан, мўмин-мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар. Мана шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, Ислом уммати қадимдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини атрофлича, қунт билан ўрганиб, ўргатиб келган. Саҳобаи киромлар у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзу амалларини, ҳаракату ҳолатларини диққат билан кузатиб, ёдлаб борганлар ва ўзларидан кейинги авлодларга бекаму кўст етказганлар. Уларнинг нақлларини қоғозга тушириш натижасида ҳадис китоблари, сийрат асарлари вужудга келган.
Ҳижрий тўртинчи-бешинчи асрларга келиб, кишиларда илмга бўлган рағбат ва муносабатлардаги ўзгаришларни сезган айрим уламоларимиз мусулмонларнинг амирлари кўпчилик билан ўзаро маслаҳатлашган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари ва ҳаётларини, суннатлари ва сийратларини яхшироқ ўрганиш ва халққа етказиш мақсадида у зот таваллуд топган рабиъул-аввал ойини сийратни ўрганиш мавсуми ўлароқ ўтказишни йўлга қўйганлар. Шундай қилиб, бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхшироқ таниш, одамларнинг у зот ҳақларидаги билимларини ошириш, муҳаббатларини сайқаллаш маъносидаги бир маърифий ойга айлантирганлар. Бунинг учун турли кўринишдаги мавлид маросимларини ташкил қилганлар. Бу иш бугунги кунгача бутун Ислом оламида анъана сифатида давом этиб келмоқда.
Мавлид муносабати билан қилинадиган йиғинлар икки хил шаклда тус олган. Баъзи бир жойларда бу тадбир байрамона кайфиятда, шодлик изҳор қилиш, совғалар улашиш, наът ва нашидлар куйлаш каби ишлар билан ўтказилади. Иккинчиси эса илмий анжуман шаклида ўтказиладиган мавлид йиғинларидир. Булар мавлид ойини сийратни ўрганиш мавсуми сифатида ўтказишга қаратилган тадбирлардир. Бугунги кунда ҳар иккала усулни жамлаган ҳолда мавлид йиғинлари қилиш ҳам кенг ёйилган.
Инсоният тарихидаги энг фасоҳатли, балоғатли ва олиймақом шеърий асарлар “Мадийҳун-Набий” – “Набийнинг мадҳи” дея аталган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида ёзилган шеърлардир. Мусулмон халқларнинг шоирлари ўзлари ва элатларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини у зотнинг мадҳларида битган шеърларида намойиш этганлар. Уларнинг энг сара шеърлари ҳам айнан шу мавзуда бўлган. Бу буюк уммон тинимсиз равишда янги-янги “Зилол сувлар” – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида битилган шеърлар, қасидалар билан тўлиб келмоқда. Бу асарларнинг ҳар бири Набиюллоҳга бўлган муҳаббатнинг рамзи ва намунаси ҳамдир.
Бугунги кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган муборак кунларини нишонлаш ва у зотнинг сийрати санияларини ўқиб-ўрганиш ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт тарзлари, хулқ-ободларидан ўрнак олиб яшамоқлигимиз керак. Юртимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб ахлоқлари, илм олишга тарғиботлари, хайр-у саҳоватлари, инсонийлик фазилатлари бизларга ҳамиша илҳом бериши лозим.
Бутун дунёда бўлганидек, диёримиз мусулмонлари орасида ҳам қадимдан мавлид кунини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан робиъул аввал ойи келгач, барча жоме масжидларимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, юксак одоб-ахлоқлари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинади, мавлиди шарифлар ўқилади.
Бу каби хайрли тадбирларнинг ўсиб келаётган ёш авлодни гўзал ахлоққа йўғрилган азалий қадриятларимиз руҳида тарбиялашда, уларнинг маънан баркамол бўлиб етишишларидаги аҳамиятлари беқиёсдир.
Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлиш айни пайтда сизу бизларнинг зиммамизга масъулият ҳам юклайди. Бу масъулият у зот келтирган динни мусаффолигини сақлаб, келажак авлодга омонат билан етказиш, турли хилдаги бидъат ва хурофотларга берилмай, бузуқ эътиқодларга эргашмай, аксинча, адашганларни тўғри йўлга солиб, чин мўмин-мусулмон бўлиб яшашдан иборатдир.
Ҳусниддин ТУРСУНЗОДА,
Фарғона шаҳар “Янги чек” масжиди имом-ноиби
Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси томонидан тайёрланган юқоридаги роликда "Маҳалла еттилиги" таркибининг вазифалари ҳақида маълумот берилган.
"Еттилик" қуйидагилардан таркиб топган: маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқ ходими ҳамда ижтимоий ходим.