Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июл, 2025   |   8 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:55
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
03 Июл, 2025, 8 Муҳаррам, 1447

Намоз сабоқлари: Аёлларга хос масалалар (Аудио)

12.11.2019   4790   1 min.
Намоз сабоқлари: Аёлларга хос масалалар (Аудио)

Балоғат ёшига етган қиз ва туғиш ёшидан ўтмаган аёллар бачадонидан ҳайз ва нифос келади:

Ҳайз

Ҳайзнинг энг кам келиш муддати уч кеча-кундуз, энг узоқ келадиган муддати ўн-кеча кундуздир. У кунларда қон давомли келмай, ора-сира тўхташи ҳам мумкин. Бироқ оралиқдаги бу кунлар ҳам ҳайз кунлари ҳисобланади.

Аёлларга ҳайз кўрган кунларида: намоз ўқиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш (Қуръон муаллимаси толибага сўзма-сўз ҳижжалаб Қуръон ўргатиши мумкин), Қуръони каримни ушлаш, Каъбани тавоф этиш, масжидга кириш, эри билан жуфтлашиш ҳаром бўлади.

Аёллар ҳайздан тоза бўлгач, ҳайз кўрган кунларидаги намозларнинг қазосини ўқимайдилар. Лекин Рамазон рўзасини тутмаган кунларининг қазосини тутиб беришлари лозим.

Нифос

Аёл туққандан сўнг бачадонидан келадиган қон нифос дейилади. Нифоснинг энг узоқ келиш муддати қирқ кундир. Энг оз келиш муддати белгиланмаган.

Аёл ҳайз кўрганда унга ҳаром бўлган нарсалар нифос кўрганида ҳам ҳаром бўлади. Аёл нифос кунларидаги намозлар қазосини ўқимайди, Рамазон ойида рўза тутмаган кунларининг қазосини тутиб бериши лозим.

Истиҳоза

Хасталик туфайли аёлларда таносил йўлидаги ё бачадон томири ёрилиши сабабли келадиган қон “истиҳоза қони” дейилади. Ҳайз кўрганда ўн кундан ўтиб келган; уч кундан оз келган қон, нифосда қирқ кундан ўтиб келган қон ва ҳомиладордан келган қон истиҳоза бўлади. У ҳолатларда аёллар намоз ўқишни, рўза тутишни қолдирмасликлари керак.

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

Аудио
Бошқа мақолалар

Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?

30.06.2025   4574   5 min.
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.

Ушбу мавзуга киришдан аввал «саҳоба» ва «фазл» сўзларининг маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим.

«Саҳоба» сўзи «саҳиба» ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «суҳбатдош бўлмоқ» ва «соҳиб бўлмоқ» деган маъноларни англатади.

Истилоҳда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлик ҳолларида кўрган одамга саҳоба дейилади.

Мусулмон одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрса бўлди, суҳбатлашиб ўтирмаса ҳам саҳоба бўлаверади.

Уламолар бу масалада кўплаб батафсил баёнотлар, турли фикр-мулоҳазаларни келтирганлар. Лекин мазкур тортишувларнинг барчасининг натижаси юқоридаги таърифга бориб тақалади.

«Фазл» сўзи луғатда «зиёда», «ортиқлик», «устунлик» деган маъноларни англатади.

Шундан «Саҳобаларнинг фазли» иборасининг маъносини тушуниб олиш мумкин.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамсизлар», деганлар.

Шунга биноан, ҳар бир мусулмон мазкур бахтиёр шахсларни севиши, ҳурматлаши ва эъзозлаши лозимдир.


Аллоҳ таоло уларга «яқин фатҳ»ни мукофот қилиб берди. Ҳудайбиядан сўнг тезда бутун дунёни фатҳ қилиш бошланди. Икки ойдан кўп вақт ўтмай, биринчи, энг муҳим фатҳлардан бири – Хайбар фатҳи бўлди. Ундан кейин эса навбатдаги фатҳлар кетма-кет содир бўлаверди.

Мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағзини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирлар эди.


«Биринчи пешқадам муҳожирлар».

Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаган пайтда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир.

Уламолар: «Ушбу оятда «олий мақом эгалари» деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейдилар. Чунки улар энг қийин вақтда иймонга келиб, энг қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.


Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ақаба»да байъат қилган, дин қардошларини ўз юртлари – Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида ўзлари емай, уларга едирган, ўзлари киймай, уларга кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.


Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар», яъни пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик, яъни энг қийин дамда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Аллоҳ ана шу уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан «рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».


Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам мана шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониши, қазосидан яхшилик кутиши, неъматларига шукр қилиши, бало-офатларига сабр қилишидир.

Аллоҳ улардан рози эканлиги учун: «Уларга остидан анҳорлар оқиб турган ‎жаннатларни… тайёрлаб ‎қўйди».

Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар, балки «улар у (ер)ларда абадий мангу қолувчи ‎бўлган ‎ҳолларида‎».

Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.


«Ана ўша улкан ютуқдир».

Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?


Аллоҳ «Ҳашр» сурасида саҳобаи киромларни шундай мадҳ этади:

«Диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо ‎қилинган, Аллоҳдан фазл ва розилик умид ‎‎қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам ‎берадиган фақир муҳожирларгадир. ‎Ана ўшалар ‎содиқлардир‎» (8-оят).

Муҳожирлар аслида маккалик кишилар бўлиб, дину иймон йўлида она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли уларнинг кўпчилиги мискин, фақирга айланганлар.

Улар фақатгина Аллоҳ берадиган фазлни деб, Унинг розилигини топамиз, деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан, Аллоҳнинг ва Расулининг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «Иймонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.
 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди