Дуо – энг улуғ ибодат. Ҳадиси шарифда “Дуо ибодатнинг мағзидир” дейилган. Инсон бошига тушган мушкулнинг ариши, қарздан қутулиши, беморликдан тузалиши, иши юришиши, оила қуриши, сафардан омон қайтиши ва бошқа ҳожатлари раво бўлишида дуо қилиш муҳимдир. Зеро, у шу дуоси орқали Аллоҳ таолога муножот қилиб, Ундан ёрдам сўрайди. Дуо қилишда бошқа сабабларни ҳам амалга оширади. Айниқса, кўпчиликнинг ёки инсонларнинг бир-бирлари ҳақларига қилган ғоибона дуолари тезроқ ижобат бўлиши умид қилинади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дейдилар, Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қайси бир мусулмон ўзининг биродарига ғоибона дуо қилса, бир Фаришта: “ва лака бимисл” – “Сенга ҳам дуойинг мислича бўлсин” деб туради”, деганларини эшитдим (Имом Муслим ривояти).
Бошқа ривоятда эса: “Мусулмон кишининг ўз биродарига қилган ғоибона дуоси мустажоб дуодир. Унинг бош томонида муваккал бир фаришта бўлади, биродарининг ҳаққига ҳар дуо қилганида: “Амин! Ва лака бимисл” деб туради”, дедилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Muslim.uz сайти жамоаси томонидан “Дуо қилайлик!” номли янги лойиҳа бошланганини маълум қиламиз. Энди сиз сўрамоқчи бўлган дуоингизни https://t.me/DuoQilaylikBot ушбу манзилга ёзиб юборишингиз мумкин. Биз дуоларингизни умумлаштириб, Muslim.uz сайтида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари соат 17:00 да, яъни Пайшанба куни тугаб, Жумъа кунига ўтар маҳалида эълон қиламиз. Албатта, эълон қилинган дуоларни ўқиган мухлисларимиз “Омин!” дейишади. Бу эса дуо ижобат бўлишининг бир неча шартларини ўзида мужассам этади.
Аллоҳ таоло барчамизнинг дуоларимизни ижобат айлаб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин! Омин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Ал-Баҳжа” китобида ҳазратимиз имом Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбандий қуддиса сирруҳунинг ўз муридларига айтиб қолдирган икки васиятлари бор. Тафаккур этувчилар учун ғоят қадрли бўлгани учун бу икки васиятни келтирамиз.
Биринчи буюк васият:
“Сўфийлик йўлининг ҳақиқий муриди, қайси бир улуғ даражага етган бўлмасин, ҳамиша ўзини энди биринчи қадамини қўяётган, янги бошловчи сифатида кўриши лозим”.
Иккинчи буюк васият:
“Мурид ўзининг тарбияси ва ички оламининг тозалиги эътиборидан қайси бир юксак чўққига кўтарилган бўлмасин, барибир, ўзининг нафсини Фиръавннинг нафсидан юз чандон ёмонроқ деб эътиқод қилиши керак!”.
Ақлли инсон, дейлик, “итмиънон” — хотиржамлик деб номланмиш баланд мақомларга кўтарилган тақдирида ҳам нафсини ўз ҳолича ташлаб қўймасдан, доимо назорат қилиб турмоғи шарт. Чунки ҳатто шундай кишиларни ҳам ўз нафсининг ҳийлаю найрангидан тўла ҳимояланган, деб бўлмайди. Шундай экан, биз оддий одамлар жамиятдаги юқори лавозимларни яхши кўришлигимизу бунчалар худбинлигимиз билан қандай қилиб нафсимизнинг ёмонликларидан сақлана олишимиз мумкин?! Ё Аллоҳ, бизларга ўзинг тавфиқ бергин.
Агар Аллоҳ мадад бермаса, бизлар ўз ҳолимизча нафсимизнинг шумлигию унинг саноқсиз ҳийлаларидан ҳеч қачон қутила олмаймиз. Инсоннинг ёмон хулқи эса, шубҳасиз, уни бахтсизликка, исёнга судрайди. Шу сабабли ҳам ёмон хулқ-атвор – бу хасталик бўлиб, унинг дори-дармони тариқатдир. Ёхуд ёмон феълни гўё маънавий кир, маънавий ифлослик дейдиган бўлсак, тариқат уни ювадиган тоза сувдир. Кирлардан қутулиш учун сувдан фойдаланиш зарур! Аллоҳ Буюк, Олим – барча нарсани Билгувчидир. Хулқларимизни камолга етказишимиз ва ёмонликларни тарк этишимизда эса ҳар нарсага Қодир, Буюк ва Қудратли Аллоҳнинг мададига муҳтожиз. Унинг мадади руҳиятимизга ҳаёт берувчидир.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.