Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Декабр, 2024   |   25 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:03
Хуфтон
18:23
Bismillah
26 Декабр, 2024, 25 Жумадул сони, 1446

Муфтий ҳазратлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида қатнашмоқда

7.10.2019   2527   1 min.
Муфтий ҳазратлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида қатнашмоқда

7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги семинари бошланди. Тадбир аввалида Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ қори Абдураззақов Қуръони карим оятларини тиловат қилди ва хайрли дуолар ўқилди.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Диний идора раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов ва Котибият мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов иштирок этмоқда.
Ушбу халқаро семинар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Семинарда тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинади. Анжуман иши доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Семинарда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги 50 га яқин давлат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман тафсилотларини сайтимизда ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Келинликка номзод шахснинг ҳуқуқ ва одоблари

26.12.2024   636   3 min.
Келинликка номзод шахснинг ҳуқуқ ва одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Келинликка номзод шахснинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва одоблари мавжуд.

1. Келинликка номзод шахс ўзини хушрўй кўрсатиш учун зийнатланишга ҳақли.

Уламоларимиз бунга мисол қилиб, Субайҳа бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг ҳадисини келтиришади. Унда «Қачонки нифосдан покланганда, совчилар учун зийнатланди» деган жумла бор. Бошқа бир ривоятда: «...сурма суртиб, хино қўйиб тайёрланди», дейилган.

2. Келинликка номзод шахс куёвликка номзодни кўришга ҳақли.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муғийра розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги: «Унга назар сол, чунки бундай қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», деганлари келинликка номзодга ҳам тегишли.

3. Келинликка номзод шахс куёвликка номзод билан суҳбатлашишга ҳақли. Бу – табиий ҳолат. Кўришгандан кейин, оила қуриш нияти бўлгандан кейин, ўртада суҳбат бўлиши турган гап.

4. Келинликка номзод шахс муайян эркакни ёқтириш ва унга никоҳланиш истагини билдиришга ҳақли.

قَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ وَلَدَتْ سُبَيْعَةُ الْأَسْلَمِيَّةُ بَعْدَ وَفَاةِ زَوْجِهَا بِنِصْفِ شَهْرٍ، فَخَطَبَهَا رَجُلَانِ أَحَدُهُمَا شَابٌّ وَالْآخَرُ كَهْلٌ، فَحَطَّتْ إِلَى الشَّابِّ، فَقَالَ الشَّيْخُ: لَمْ تَحِلِّي بَعْدُ، وَكَانَ أَهْلُهَا غَيَبًا وَرَجَا إِذَا جَاءَ أَهْلُهَا أَنْ يُؤْثِرُوهُ بِهَا، فَجَاءَتْ رَسُولَ اللهِ r، فَقَالَ: قَدْ حَلَلْتِ فَانْكِحِي مَنْ شِئْتِ. رَوَاهُ مَالِكٌ.

«Умму Салама айтадилар:

«Субайҳа Асламия эрининг вафотидан ярим ой ўтиб туғди. Унга икки киши совчи қўйди. Улардан бири ёш, бошқаси қари эди. У ёшига мойил бўлди. Чол: «Ҳали ҳалол бўлганинг йўқ», – деди. Аёлнинг аҳли ғойиб эди. Чол аёлнинг аҳли келганда уни ўзига беришларидан умидвор бўлди. Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Бас, у зот: «Сен ҳалол бўлдинг. Кимни истасанг, ўшанга никоҳлан», дедилар» (Молик ривоят қилган).


Икки тараф риоя қилиши лозим нарсалар

Келинлик ва куёвликка номзодлар никоҳдан олдинги учрашув ва бошқа муносабатларда риоя қилишлари лозим бўлган нарсалар қуйидагилардан иборат:

1. Икковлари бир-бирларига номаҳрам эканликларини унутмасликлари зарур.

Чунки асли маҳрам бўлмаган икки жинсдаги шахснинг никоҳдан бошқа нарса маҳрам қила олмайди, жумладан, совчилик қилиш ва унаштириш ҳам.

2. Икковлари учрашмоқчи бўлсалар, фақат маҳрамларининг иштирокида учрашишлари шарт.

3. Икковлари учрашганда қўл бериб кўришишлари мутлақо мумкин эмас.

4. Никоҳдан олдин икковлари холи қолишлари мутлақо мумкин эмас.

"Бахтиёр оила" китобидан

Мақолалар