Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июн, 2025   |   19 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
15 Июн, 2025, 19 Зулҳижжа, 1446

Мушкул тушгандаги дуо

09.09.2019   15318   7 min.
Мушкул тушгандаги дуо

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул тушганда: «Улуғ ва Ҳалийм бўлган, улуғ Аршнинг Роббиси бўлган, осмонлару ернинг Роббиси бўлган Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ», деб дуо қилар эдилар». 

Шарҳ: Бизнинг тилимизда «бошга мушкул тушиш» деб аталадиган ва инсон жонини қисиб турадиган катта ғамни араблар «карб» деб атайдилар. Бу оддий ғамдан бир неча бор кучли бўлади. Ушбу бобдаги «мушкул»дан мақсад арабча «карб» бўлади.

Бу ривоятда дуо маъносидаги гаплар йўқ. Аммо таҳлил ва Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларининг зикри бор. Ана ўшаларни ихлос билан такрорлаш баъзи сўзларни айтиб дуо қилишдан кўра мушкулни кушойиш қилишда катта ўрин тутади. 

Имом Термизий ривоят қилган «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таоло, кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман, деди» ҳадиси шу ерда амалга ошади. 

Мушкулнинг номини айтмай, уни аритишни ҳам тилга олмай фақат ушбу ривоятда келган ибораларни ихлос ила такрорлайверилса, албатта, Аллоҳ таоло кушойиш беради.

Зотан дуо очиқ – ойдин ёки зимдан бўлади. Карамли зотга мақтов айтишнинг ўзи, ундан сўраш билан тенг. Карамли зотга ҳамд айтиш, унга удо қилиш билан тенг.

Бошига мушкул тушиб, ғамга ботган бандага тавсия қилинадиган энг машҳур дуолардан бири Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнида туриб қилган дуоларидир.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зуннуннинг балиқ ичида туриб қилган дуоси «Лаа илаҳа иллаа анта, субҳанака, иннии кунту миназ золимийн»дир. Қай бир мусулмон одам ўша дуони қилса, албатта, Аллоҳ унга ижобат қилур», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу дуо Қуръони Каримнинг «Анбиё» сурасида зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».

Зуннундан мурод, Юнус соллаллоҳу алайҳи васалламдир. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани. Юнус соллаллоҳу алайҳи васалламни денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташлаган. 

Шунинг учун у зот алайҳиссалом Зуннун–балиқ эгаси, лақабини олганлар. 

«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди».

У киши қавмларига Аллоҳнинг амрини етказганларида, улар қабул қилмадилар. Юнус соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар.

«Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди».

Бу гумон қавмларининг саркашлигидан келиб чиққан эди. Юнус соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга, сизлар Аллоҳ амрига бўйинсунмасангиз, бошқа жой қуриб кетгани йўқ, Аллоҳнинг ери кенг, бошқа жойга бориб даъват этсам, улар қабул қиладилар. Аллоҳ мен учун ер юзини тор этиб қўймайди, дегандай иш қилган эдилар.

Уламоларимиз айтишларича, аслида у киши бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда, 

«Зулматларда туриб», яъни, кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб:

«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».

Бу гап чин ихлос билан, Аллоҳнинг улуғ сифатларини эслаб, ўзининг айбдорлигини бўйнига олиб, нажот сўраб қилинган дуо эди.

«Бас, Биз уни (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз».

Яъни, Биз Юнуснинг дуосини қабул қилдик. Уни балиқ ичидан соғ-саломат чиқариб, ғамдан қутқардик. Мўминларни доимо шу тарзда қутқариб келганмиз.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким ғамга мубтало бўлса, ушбу оятдаги «Ла илаҳа илла анта, субҳанака иннии кунту миназ-золимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар.

 

Абдурроҳман ибн Абу Бакрадан ривоят қилинади: 

«У отасига:
«Отажон! Ҳар тонгда «Аллоҳим! Баданимга офият бергин! Қулоғимга офият бергин! Кўзимга офият бергин! Сендан ўзга илоҳ йўқ» деб дуо қилишингизни эшитаман. Буни тонгда ва кечқурунда уч марта қайтарасиз.
Яна «Аллоҳим! Мен Сендан куфрдан ва фақирдан паноҳ сўрайман. Аллоҳим! Мен Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман. Сендан ўзга илоҳ йўқ» деб тонгда ва кечқурунда уч марта қайтарасиз?» деди.
«Ҳа! Болажоним, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни айтганларини эшитганман. Мен У зотнинг суннатларига амал қилишни яхши кўраман», деди.
Ва яна айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушкули борнинг дуоси: «Аллоҳим! Раҳматингдан умидворман. Мени бир кўз очиб-юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма. Менинг ҳамма ишларимни Ўзинг ўнгла. Сендан ўзга илоҳ йўқ»дир», дедилар
».

Шарҳ: Ҳар эрта ва кеч ушбу дуоларни қилишда унинг қилувчи кўп хайрли нарсаларни сўраган бўлади. Инсон бу дуода сўралган нарсаларга ҳар дамда муҳтожлиги бор.

Ана ўша ўзи муҳтож бўлган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда, У зот айтган лафзларни такрорлаб сўраганга нима етсин.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул пайтда: «Ҳалиму Азийм Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Улуғ аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Осмонлару ернинг Роббиси, Карийм Аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳим! Бунинг ёмонлигини биздан кетказгин», дер эдилар». 

Шарҳ: Бу дуодан бошига мушкул тушганда банда Рббисининг баркамол сифатларини зикр қилиш ила У зотдан ўз мушкулини кушойиш қилишини сўраши фойдали эканини билиб оламиз.

«Ҳалиму Азийм Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ». 

Аллоҳ таолонинг бу икки сифати дунёдаги барча мушкулларни саноқсиз кўпайтирганда ҳам, кушойиш қилишдан яна отиб қолади. 

«Улуғ аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ». 

Аллоҳ таолонинг бу сифати барча мушкулларни осонлик билан кушойиш қилишига бандада заррача шубҳа бўлмаслиги керак. 

«Осмонлару ернинг Роббиси, Карийм Аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ». 

Аллоҳ таолонинг ушбу сифатларини айтиб туриб қилинган дуо албатта, дуо қилувчининг мушкулларини равон бўлишига гаровдир.

«Аллоҳим! Бунинг ёмонлигини биздан кетказгин». 

Албатта, бқоридаги сифатларни иймон – эътиқод ила зикр қилиб туриб, бу дуони қилинса, қабул бўлиши осон.

 

манба: islom.uz

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

13.06.2025   2684   3 min.
Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.

Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393 м.й.): “Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).

Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).

Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид)мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).

Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.

Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:

– бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар.

Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади.

– Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар.

Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, фитна қўзғаш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.

Ғуломов ФАТҲУЛЛОҲ,

Ал-Ҳудайбия жомеъ масжиди имом ноиби

МАҚОЛА