Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Май, 2025   |   4 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:50
Қуёш
05:19
Пешин
12:25
Аср
17:17
Шом
19:24
Хуфтон
20:48
Bismillah
02 Май, 2025, 4 Зулқаъда, 1446

Саудия Арабистонида ўтказиладиган халқаро Қуръони карим мусобақасида қориларимиз қатнашади

05.09.2019   4624   1 min.
Саудия Арабистонида ўтказиладиган халқаро Қуръони карим мусобақасида қориларимиз қатнашади

Шу йилнинг 7-11 сентябрь куни Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш  бўйича  Саудия Арабистонининг  Макка шаҳрида  41 халқаро   Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. 

Мазкур мусобақа қуйидаги 4 йўналишда бўлиб ўтади: 

  1. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш билан бирга Қуръони карим сўзларининг маъноларини билиши.
  2. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш.
  3. Қуръони каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
  4. Қуръони каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан чиройли оҳангда ўқиб бериш. Бу йўналиш Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлмаган ва мусулмонлар камчилик бўлган давлатлар иштирокчилари учундир. Мусулмон давлатлар вакиллари ушбу йўналишда қатнаша олмайди.

Маълум қилинишича, бу йилги мусобақада 103 та давлатдан 146 нафар вакиллар иштирок этади.

Юртимизнинг 2 нафар вакили Тошкент ислом институти талабаси Ҳусниддинов Зуҳриддин қори ва Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий мадрасаси талабаси Орифжонов Абдурауфхон мазкур мусобақада иштирок этиш учун шу йилнинг 3 сентябрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

                                                                      

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Киши дўстининг динидадир

17.04.2025   6660   2 min.
Киши дўстининг динидадир

Дўстингиз билан бирор дунёвий манфаат ёки бир мақсад учун эмас, аксинча, Аллоҳ йўлида биродар бўлишни хоҳлайсиз.

Борди-ю, хатога йўл қўйсангиз, ҳеч иккиланмай сизни тўғри йўлга бошлашини хоҳлайсиз.

Дўстингиз сирингизни бировларга тарқатмасдан, ичида сақлашини хоҳлайсиз.

Дўстингиз сизни ғийбат қилмаслигини ва яна сиз ҳақингизда ёмон гаплар гапирмаслигини хоҳлайсиз.

Барча ишларда тилию дили бир бўлишини хоҳлайсиз.

Ишингиз тушиб турганида, сизга ҳеч иккиланмай ёрдам беришини хоҳлайсиз.

Дўстингиз хулқингиздаги камчиликларни меъёр доирасида кўтариб, ташлаб кетмаслигини хоҳлайсиз.

Дўстингиз сизни пастга тортқиламасин, аксинча, ўзи кўтарилган зинапоялар томон олиб чиқсин. Ўзингиздан-да, хушхулқ, амалда маҳкам ва  ўткир ақл эгаси бўлган кишини дўст сифатида танланг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бундай дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз уни кўриш сизларга Аллоҳни эслатадиган ва гапи илмингизни зиёда қиладиган ва амали сизларни охиратга ундайдиган одамдир”[1].

Қаерда бўлсангиз ҳам солиҳ кишиларни излаб топинг ва уларни дўст тутинг. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

Уларнинг сафида бўлмасам ҳам мен,
Солиҳ кишиларнинг ошуфтасиман.
Ул зотлар ортидан эргашиб зора,
Шафоат йўлига топсам гар чора.
Муккасидан кетган гуноҳлар ичра,
Бундай кишиларни суймасман сира,
Бўлса ҳам амалларим ундан-да қора.

Луқмони Ҳаким раҳимаҳуллоҳ ўғлига васият қилиб: “Эй ўғлим, бирга юрсанг сенга безак бўладиган, унинг олдида бўлмаганинг пайт сени ҳимоя қиладиган киши билан дўст тутин”, деган экан.

Доимо сизга ёрдам қўлини чўзадиган ва яхшилик томон етаклаб, ёмонликдан четлатадиган кишиларга яқин бўлинг. Яхшилар билан бирга бўлишга интилинг.

Кузатувлардан маълумки инсон дўстига жуда катта таъсир ўтказади. У дўстини яхшилик йўлига бошлаб, унинг иймонию диёнатини зиёда қилиши ҳам мумкин, ёки, аксинча, залолат ва бузғунчилик ботқоғига ботириб, уни ҳалокатга юз туттириши ҳам мумкин. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динидадир. Шундай экан, бирингиз ким билан ошно бўлаётганига қарасин”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” 
номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ривояти.