Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Маккада бир камбағал киши яшарди. У солиҳа аёлга уйланган эди. Бир куни аёли унга: “Эй азиз хожам, бизда ейишга таом ҳам, кийишга либос ҳам йўқ” деди. Эр дарҳол иш излаб бозорга чиқди. Роса иш қидирди, аммо топа олмагач, Масжидул Ҳаромга бориб, икки ракат намоз ўқиди ва Аллоҳдан мушкулини осон қилишини сўраб, астойдил дуо қилди. Дуосини тугатиб, Ҳарам майдонига чиқди. Ўша ерда бир ҳамён топиб олди. Очиб қараса, ичида минг динор бор экан. Топиб олинган пул билан хотинимни ҳурсанд қиламан деб дарҳол уйига жўнади. Лекин аёли ҳамённи рад этди ва эрига: “Сиз бу ҳамённи қайтариб беришингиз керак. Чунки, Ҳарамда ётган нарсани олиш жоиз эмас” деди. Эр яна Ҳарамга жўнади. Борса, у ерда бир одам: “Ким ичида минг динор пули бор ҳамён топиб олди?” деб қичқираётган экан. Ҳалиги киши ҳурсанд бўлиб кетди ва дарҳол: “Мен топиб олдим. Ма, ол ҳамёнингни. Уни Ҳарам майдонидан топиб олгандим” деди. Ҳамён эгаси фақир кишига узоқ тикилиб турди-да, кейин: “Ҳамённи ўзингга олиб қол. У сеники. У билан бирга яна тўққиз минг динор ҳам бор эди” деди. Фақир киши ҳайрон бўлиб турган эди, ҳамён эгаси яна сўзида давом этди: “Шомлик бир саҳоватли киши менга ўн минг динор берди ва “Бундан минг динорини Ҳарам майдонига ташлаб қўй. Агар топиб олган киши ҳамённи сенга қайтариб олиб келса, уни ўзига қайтар. Чунки, ўша қайтариб олиб келган одам омонатдор кишидир” деди”. Бу гапларни эшитган фақир киши жуда ҳурсанд бўлиб кетди ва Аллоҳга кўп шукрлар қилди. Зеро, Роббимиз Ўзининг муқаддас Каломида: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” деб марҳамат қилган. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Нозимжон Ҳошимжон
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.
Ҳурматли юртдошлар!
Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.
Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти