Аслида қарз бериш савобли иш. Қарз беришнинг савоби садақа беришникидан кўпроқдир. Чунки, садақа муҳтожнинг ҳам, муҳтож бўлмаганнинг ҳам қўлига тушиши мумкин. Аммо қарз фақат муҳтожнинг қўлига тушади.
Лекин афсуски, қарз олиб бермаётганлар кўпайиб бормоқда. Киши қийин аҳволда турганда дўстидан қарз олиб, ишини битиради. Аммо қарзни қайтариш вақти келганда, турли баҳоналар билан бермаслик йўлини ахтаради, қочиб юради. Баъзилар эса очиқчасига олган қарзидан тонади. Бу Аллоҳ таолодан қўрқмаслик, ўта кетган пасткашлик, ориятсизликдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ
“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар...” (Нисо сураси, 29-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Бойнинг (қарзни тўлашга имкони бор кишининг) (зиммасидаги ҳақни) бермай, чўзиб юриши зулмдир” дейилган. Бешовлари ривоят қилишган.
Демак, пулни қайтармаётган кимса бировнинг молини ўзлаштирган, унга зулм қилган бўлади. Қолаверса, ўртадаги дўстлик, биродарлик риштасига футур етади.
Баъзилар “Агар ўлиб қолсам, қарзимни ўғилларим қайтаради” деб хотиржам юришади. Тасаввур қилинг, сиз ўлдингиз. Ҳамма сизни дафн этиш билан оввора. “Отамнинг қарзлари бор эди. Меросни тақсимлашдан олдин ўша қарзни узиб қўяйлик. Қани, отамнинг дафтарчаларига қарайликчи, кимдан қанча қарз олган эканлар?” деб бирорта фарзандингиз айтадими? Шундай дейишига кўзингиз етадими?
Агар қарзни бермай ўлиб қолсангиз, фарзандларингиз ҳам сизнинг қарзингизни беришга ҳаракат қилмасалар, қиёмат куни ўша ҳақдорга сизнинг савобларингиздан берилади. Агар савобларингиз тугаб қолса, у ҳолда ҳақдорнинг гуноҳларидан сизнинг устингизга юкланади. Бу жуда оғир ҳолат. Ўзи сиз ўша пайтда битта сажданинг савобига муҳтож бўлиб турасиз. Аммо барча савобларингиз бошқаларга ўтиб, бошқаларнинг гуноҳлари сизнинг зиммангизга юкланади. Ўта оғир вазият бу.
Шунинг учун қарздорлар кўзларини очишлари, ҳақдорларни рози қилиш чорасини кўришлари керак. Чунки, охиратда ҳақдор кечирмагунча Аллоҳ таоло кечирмайди.
Биттаси дўстидан қарз олган. Қайтариш вақти келганда, сўраса, “Пулим йўқ. Имконим бўлиши билан бераман” деган. Аммо ўша қарздорнинг тагида ласетти машинаси бўлган. Бу жуда пасткашликдир.
Агар ўша қарз олган кимса Аллоҳ таолодан қўрққанида, машинани сотиб, жигули олиб минса ҳам ортган пулни қарзига тўлаган бўларди.
Аллоҳ таоло барчамизга қарздан нажот берсин! Қарзни тўлашга имкони бўла туриб, бермай юрганларга инсоф берсин!
Нозимжон Ҳошимжон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё – иймондандир. Иймон жаннатдадир. Фаҳш қабоҳатдандир. Қабоҳат эса дўзахдадир” [1], деганлар.
Каъб ҳазратларининг бир гаплари бор: “Ҳамманинг олдида одамлардан уялганингиз сингари ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилинглар”.
Бизлар омма олдида уятчан бўлганимиз қадар махфий пайтларда Аллоҳ таолодан ҳаё қилаяпмизми?! Ҳамманинг олдида бирор хато қилиб қўйгудек бўлсак, одамлар бизни гап-сўз қилишларидан қўрқиб юрганимиз каби ҳеч ким кўрмаган пайтда Аллоҳ бизни кўриб турганини ҳис қила оляпмизми?!
Улуғлардан бири бундай дейди: “Ҳамманинг олдида қилишдан уяладиган ишини яширинча қилган одамнинг қадри йўқдир”.
Аллоҳ таолонинг наздида беқадр бўлишимиз ва одамлар орасида ҳурматимизни йўқотишимиз қай биримизга ёқади?! Мана бу мисралар жуда тўғри ёзилган:
Гар ҳаё пардаси ситилса ногоҳ,
Қўрқув ҳам солмаса иш ниҳояси,
Истаган нарсангни қилавер гумроҳ,
Бехайр ҳаётнинг шудир дояси.
Иффат тарк айласа инсонни агар,
Ортидан кетгайдир хайру ҳаловат.
Кўзларинг очиброқ солсанг-чи назар:
Пўстлоқ турар экан, новда саломат!
Лекин ҳаё бобида уялмаслик керак бўлган амаллар ҳам борки, бу ишларни ҳикмат ва одоб ила адо этмоғимиз лозим. Улуғлардан бири: "Уч нарса борки, улардан уялма:
1. Илм излаш. Бир сўраб, бир сўрамай юрадиган бўлсанг, у ҳолда ҳеч қачон илмга эриша олмайсан.
2. Бадан касаллиги. Аллоҳ таоло сени бирорта касаллик билан синаса, ўз қобиғингга ўралиб олиб, одамлардан ажралма.
3. Камбағал яқин қариндош. Бу менинг амакимнинг ўғли ёки тоғамнинг ўғли дейишдан уялма”, дейди.
Ҳаё мартабаларининг энг юқориси банда Роббисидан ҳаё қилиши ва У Зотга осийлик қилмаслиги, ибодатларида камчиликка йўл қўймаслигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолодан ҳаё қилса, бошни ва у қамраб олган нарсалар (кўз, қулоқ каби аъзолар)ни сақласин, қорин ва у қамраб олган нарсалар (фарж каби аъзолар)ни эҳтиёт қилсин. Ўлим ва чиришни ёдга олсин. Охиратни истаган киши дунё зийнатларини тарк қилади, ким уларни қиладиган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий маънода ҳаё қилган бўлади”, [2] дедилар.
Аллоҳ таоло берган неъматларини ва У Зотнинг ҳаққини адо этишда камчиликка йўл қўяётганингизни кўра олишингиз ҳаёдандир. Аллоҳ таолога итоат қилиб, Унга осийлик қилмасангиз қиёмат кунида бандага амаллари кўрсатилганида Аллоҳ таоло у бандани азоблашдан ҳаё қилади.
Ривоят қилинишича, Миср азизи (шоҳ ёки хазинабон)нинг аёли Юсуф алайҳиссаломга кўнгли тушиб бузуқ ишни қилмоқчи бўлганида, уйнинг бурчагида турган бутнинг юзини ёпиб қўяди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Нима қиляпсан?” – деб сўрайди. Аёл жавобан: “Ундан ҳаё қиляпман”, дейди. Юсуф алайҳиссалом эса: “Мен Аллоҳдан ҳаё қилишга ҳақлироқман”, дейди.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривоят қилган ва “Ҳасан саҳиҳ” қарор берган.
[2] Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.