Талаба қушларга оид маълумотларни яхши ўқиб-ўзлаштирган эди. Ўқув йили охирлаб, имтиҳон яқинлашганда, у зоология фанидан бўладиган имтиҳонга яхши тайёргарлик кўриб, қушлар ҳақидаги маълумотларни яна такрорлаб чиқди. “Имтиҳондан муваффақиятли ўтсам керак” деб ўйларди ўзича.
Лекин имтиҳон пайтида устоз унга қушлар ҳақидаги саволни умуман бошқача тарзда берди: талабанинг олдига бир сурат қўйди. Суратда бир неча қушларнинг оёқ тасвирлари бор эди. Устоз расмни берар экан, “Бу оёқлар қайси қушларга тегишлилигини, уларнинг номини топишинг керак” деди. Талаба расмларни кўргач, жавобни топа олмаслигига ишонч ҳосил қилиб, бироз хижолат бўлди. Ўрнидан туриб, устознинг ёнига борди ва қўлидаги жавоб варақасини бўш ҳолда узатди. Устознинг бундай услубда савол берганидан хафа эди у. Устоз эса совуққонлик билан “Имтиҳонда йиқилдинг” деди.
Домла жавоб қоғозини олар экан, талабага “Исмингни ёзмабсан-ку! Исминг нима?” деб сўради. (Афтидан устоз дарсга келиб, ўз мавзусини ўтиб кетаверган, талабаларнинг исмлари билан қизиқмаган). Шунда талаба аччиғи келиб, шимининг почасини кўтарди-да, “Оёғимнинг шаклига қараб исмимни, кимлигимни топиб олинг” деди.
Ҳикмат: “Яхши жавоб олиш учун яхши савол беринг!”
“Вазиятларни бошқариш санъати” китоби асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Дунёда бир касаллик бор. Унинг номи "неъматга ўрганиб қолиш"дир.
Бунда неъматларга шу қадар ўрганиб қоласизки, гўё улар неъмат эмасдек.
Уйингизга кирасиз. Аҳлингиз соғ-саломат. Бунинг учун шукр қилмайсиз. Чунки бу неъматга ўрганиб қолгансиз.
Истаган нарсангизни сотиб оласиз. Буни сизга инъом қилган Зотга шукр қилмайсиз. Чунки сотиб олишга ўрганиб қолгансиз.
Уйқудан уйғонасиз. Соғ-саломатсиз. Ҳамд айтмайсиз. Чунки аъзоларингиз шу қадар яхши ишлаяптики, уларнинг ичингизда борлигини ҳатто унутиб юборгансиз.
Энди билдингиз. Ҳамд ҳамроҳингиз бўлсин!
Алҳамдулиллаҳ....
Абдулқодир Полвонов