Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2025   |   17 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:34
Bismillah
12 Июл, 2025, 17 Муҳаррам, 1447

Ашуро куни рўзаси фазилати

29.08.2019   6192   12 min.
Ашуро куни рўзаси фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни дейилади. Бу куннинг ўзига хос фазилати бор. Бу ҳақда кўплаб ривоят ва ҳадислар келган.

عَنْ حَاجِبِ بْنِ عُمَرَ عَنْ الْحَكَمِ بْنِ الأَعْرَجِ قَالَ: انْتَهَيْتُ إِلَى ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا وَهُوَ مُتَوَسِّدٌ رِدَاءَهُ فِي زَمْزَمَ فَقُلْتُ لَهُ: أَخْبِرْنِي عَنْ صَوْمِ عَاشُورَاءَ فَقَالَ: إِذَا رَأَيْتَ هِلاَلَ الْمُحَرَّمِ فَاعْدُدْ وَأَصْبِحْ يَوْمَ التَّاسِعِ صَائِمًا قُلْتُ: هَكَذَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصُومُهُ قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Ҳожиб ибн Умар Ҳакам ибн Аърождан ривоят қилади: “Мен Ибн Аббос розийаллоҳу анҳунинг олдига борсам у Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган экан. Мен: “Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер”, дедим. Шунда у: “Агар Муҳаррам ойи ҳилолини кўрсанг, ҳисобини қилиб, тўққизинчи куни рўза тут”, деди. Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай рўза тутармидилар?” деб сўрагандим, у: “Ҳа”, деб жавоб берди” (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти).

Ашуро кунининг фазилати у кунда тутиладиган рўза билан чамбарчас боғлиқ. Яҳудийлар Ашуро кунини улуғлаб, бу кунда рўза тутардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топганларидан кейин ўзлари рўза тутдилар ва умматларини ҳам рўза тутишга буюрдилар. Ҳатто Ашуро куни рўзаси ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини хабар қилдилар. Бу ҳақидаги ривоятни қуйид кўриб чиқамиз. Ҳозир эса юқорида келган ривоятга эътибор қаратамиз.

Бу ерда Муҳаррамнинг ўнинчи эмас, балки тўққизинчи куни рўза тутиш ҳақида гап кетмоқда. Бунинг сабабини қуйидаги ривоятни ўрганиш орқали билиб оламиз.

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: حِينَ صَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللهُ صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ قَالَ: فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالطَّبَرِيُّ.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга (бошқаларни ҳам) буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни, яъни Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутиб юрардилар. Баъзи саҳобалар яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашиб, байрам қилишларини айтишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келаси йили, тўққизинчи куни ҳам рўза тутишни ният қилдилар. Аммо келаси йил келмасидан аввал у зот Аллоҳ даргоҳига риҳлат қилдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ниятлари, қилишни режалаштирган ишлари шаръий қонун бўлиб, бунга ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши керак. Демак, Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки тўққизинчи ёки ўн биринчи кунлари ҳам рўза тутиш мақсадга мувофиқ. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий ва насронийларга тескари иш қилиб келганлар. Бу ерда ҳам шу одатни кўриш мумкин. Айнан уларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуродан бир кун олдин рўза тутишни ният қилганлар.

عَنْ الْحَسَنِ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: أَمَرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِصَوْمِ عَاشُورَاءَ يَوْمَ الْعَاشِرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثُ ابْنِ عَبَّاسٍ حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

Ҳасан Ибн Аббосдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини ўнинчи куни тутишга буюрганлар” (Термизий ривоят қилган ва: “Ибн Аббоснинг ривояти ҳасан-саҳиҳ”, деган).

Бу аввалда бўлган иш. Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий ва насронийлар Ашуро кунини байрам қилишларидан хабар топгунларигача Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутиб келганлар ва бошқаларни ҳам бу ишга тарғиб қилганлар. Юқоридаги ривоятда айтилган иш содир бўлгач, тўққизинчи куни ҳам рўза тутишни ният қилганлар. Мана шу уч ривоятни жамлаб умумий хулоса чиқариш мумкин:

1. Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки бир кун олдин ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.

2. Юқоридаги Ибн Аббос томонидан айтилган “тўққизинчи куни рўза тутган ҳолингда тонг оттир”, деган қавли “тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутасан”, деган маънони англатади.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صِيَامَ يَوْمٍ فَضَّلَهُ عَلَى غَيْرِهِ إِلاَّ هَذَا الْيَوْمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَهَذَا الشَّهْرَ يَعْنِي شَهْرَ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кун – Ашуро куни ва ушбу ой, яъни Рамазон ойи рўзасини истаганчалик (интиқ бўлганчалик) бошқа кун ва ойларнинг рўзасини афзал кўрмас эдилар” (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки хил рўзани интиқ бўлиб кутардилар. Булар Ашуро куни рўзаси ва Рамазон ойи рўзаси. Рамазон ойи рўзаси фарз. Уни тутган банда чексиз ажр-савобга эришади. Бу ой фазилати ва унда тутиладиган рўза ҳақида қанча гапирса, шунча оз. Аммо мазкур ривоятда Ашуро кунининг рўзаси ҳам қанчалик фазилатли экани айтилмоқда. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон амални қилишга беҳикмат интиқ бўлмаганлар. У зот қачон Муҳаррам ойи келар экан, ўша кунда рўза тутаман, деб интизорлик билан кутдиларми, демак, бу кунда рўза тутиш, бошқа солиҳ амалларни қилиш мақсадга мувофиқ. Биз ҳам Пайғамбаримизга эргашиб, Рамазон ва Ашуро рўзаларини интиқиб кутишимиз ва уларни рисодаладгидек адо этишга ҳаракат қилишимиз керак.

عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ عَنْ أَبِيهِ أَنَّ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ يَوْمُ عَاشُورَاءَ تَصُومُهُ قُرَيْشٌ فِي الْجَاهِلِيَّةِ وَكَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصُومُهُ فَلَمَّا قَدِمَ الْمَدِينَةَ صَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ فَلَمَّا فُرِضَ رَمَضَانُ تَرَكَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَمَنْ شَاءَ صَامَهُ وَمَنْ شَاءَ تَرَكَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ.

Ҳишом ибн Урва отасидан, отаси Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Жоҳилият даврида Қурайш Ашуро куни рўзасини тутардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу кун рўзасини тутардилар. У зот Мадинага борганларида ҳам бу кун рўзасини тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Рамазон ойи рўзаси фарз бўлганида Ашуро куни рўза тутишни тарк қилдилар. Бас, ким хоҳласа тутар. Хоҳламаганлар тутмас эди” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Молик ва Аҳмад ривояти).

Ушбу ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан то ҳижрий иккинчи йилгача Ашуро куни рўзасини тутганлар ва бошқаларга ҳам ушбу кун рўзасини тутишни буюрганлар. Ҳижрий иккинчи йилда Рамазон ойи рўзаси фарз бўлганидан кейин у зот Ашуро куни рўзаси ихтиёрий экани, хоҳлаганлар тутиши ва хоҳламаганлар тутмаслиги мумкинлигини маълум қилдилар.

Лекин эътибор бериб қарасак, бошқа бирон нафл рўзага Ашуро куни рўзасичалик тарғиб қилмаганлар. Шундан маълум бўладики, бу куни рўзасини тутиш суннати муаккада саналади.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ: مَا هَذَا قَالُوا: هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ فَصَامَهُ مُوسَى قَالَ: فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борганларида яҳудийлар Ашуро куни рўза тутаётганларини кўриб, “Бу нима?” деб сўрадилар. Шунда: “Бу хайрли куни бўлиб, унда Аллоҳ бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу сабаб Мусо ушбу кунда рўза тутган”, деб жавоб берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва ушбу кун рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам рўза тутишга амр қилдилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).

Бу ривоятда яҳудийлар нима сабабдан Ашуро куни байрам қилишлари баён қилинмоқда.

Аллоҳ таоло айнан шу куни Мусо алайҳис салом ва Бани Исроил қавмини Фиръавн зулмидан қутқарган экан. Яҳудийлар мана шуни сабаб қилиб, бу кунда рўза тутар эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб, Мусо алайҳис саломга яҳудийлардан кўра мусулмонлар ҳақлироқ эканини айтдилар ва Ашуро куни рўза тутишга амр қилдилар.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ أَهْلُ خَيْبَرَ يَصُومُونَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ يَتَّخِذُونَهُ عِيدًا وَيُلْبِسُونَ نِسَاءَهُمْ فِيهِ حُلِيَّهُمْ وَشَارَتَهُمْ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَصُومُوهُ أَنْتُمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى.

Абу Мусо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Хайбар аҳли Ашуро куни рўза тутар, ушбу кунни байрам қилиб нишонлар, хотинларига ўша кунда тақинчоқлар тақтириб, ясантиришар эди. Буни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бас, сизлар ҳам ушбу кун рўзасини тутинглар!” дедилар” (Бухорий, Муслим, Насоий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган).

Бу ривоятда ҳам яҳудийлар Ашуро кунини ўзгача кайфиятда байрам қилишлари, хусусан бу кунда рўза тутишлари айтилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийларнинг бу ишларини кўриб, мусулмон Мусо алайҳис саломга уларда кўра ҳақлироқ эканини айтиб, ўз умматларини Ашуро куни рўза тутишга буюрдилар.

وَعَنْ أَبِي قَتَادَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Бу ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг қанчалик фазилатли экани маълум бўлади. Бошқа ой ёки кунларда тутиладиган рўза туфайли банданинг гуноҳлари кечирилиши айтилса-да, бироқ қанча гуноҳи мағфират қилиниши аниқ баён қилинмаган. Ушбу ривоятда эса Ашуро куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда.

Уламолар юқорида келган ва бу борада ворид бўлган барча ривоятдан келиб чиқиб, Ашуро куни рўза тутиш суннати муаккада, деган хулосага келишган. Қайси банда ният ва ихлос билан Ашуро куни рўзасини тутса, ваъда қилинган ажр-мукофот ва гуноҳлари кечирилишига эришади. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслик, фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиш ҳар бир мўмин инсоннинг бурчидир.

 

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

бош имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

11.07.2025   2011   3 min.
Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

Хотира

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.

1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.

1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.

1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.

1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.

Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.

1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,

1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис  бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.

1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.

1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.

1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.

Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:

— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.

Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.