Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Навос ибн Самъон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродаринг сени тасдиқлаб, сенга ишониб турганида, унга ёлғон гап айтишинг катта хиёнатдир», дедилар» (Аҳмад ривояти).
Яна бир муборак ҳадисларнинг бирида айтилишича, мусулмоннинг мусулмонга қилган хиёнати ёлғон гапириш билан содир этилар экан. Бунда бир мўмин бошқа бир мўминга – биродарига у унга ишониб турганида уни алдайди, сўзласа ёлғон сўзлайди. Бундан унинг қалби оғринади, ихлоси сўнади баъзан биродарлик алоқалари узилиши ёҳуд биродарига нисбатан ишонч қайтмаслиги мумкин. Мана шуни назарда тутиб ҳам ёлғон – хиёнатга тенгдир, деб зикр қилинган бўлса ажаб эмас.
Ёлғон гапириш, ёлғон кўрсатма – гувоҳлик бериш тилдан етиши мумкин бўлган бандаларга энг оғир зарар берувчи амал ҳисобланади. Ёлғон – гуноҳи кабирадир. Роббисига кабира гуноҳлар билан йўлиқмаган бандани Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилса, Ўзи истаган қулидангина уни кўтариши мумкин-у, аммо кабира гуноҳларни давомий қилиб юрган бандаси ҳақида ваъда бермаган.
Ғийбат сўз ҳам, тўхмат сўз ҳам аввало ёлғон гапириш орқалигина содир бўлади. Ғийбатни қанчалар оғир гуноҳлиги ҳақида унинг даражаси зино қилгандан ҳам юқорироқ эканлигига аҳамият берадиган бўлсак, ғийбат сўзлар кўп ҳолларда айнан мана шу ёлғон гувоҳлик беришлар орқалигина юзага келишини кўришимиз мумкин. Биз тилимизни ёлғондан тийсак, жазоси сўнгсиз азоб бўладиган ғийбатнинг ҳам, тўхматнинг ҳам, чақимчиликнинг ҳам олдини олган бўламиз. Бунда ҳам бир инсоннинг қалбига озор етмайди, ҳам арзимаган бир гап деб жамоат орасида обрўйимиз тўкилмайди. Аллоҳ наздида ҳам даражамиз кўтарилади, ҳам ёлғон гапиришимиз мумкин бўлган бир вақтда ростини айтиб, савоб ва ажрларга эга бўламиз иншааллоҳ!
Аллоҳ таоло айтади:
«Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар сураси, 3).
«Албатта, Аллоҳ исрофчи ва каззоб бўлган шахсни ҳидоят қилмас» (Ғофир сураси, 28).
Яъни, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳақ динга йўллаб қўймайди. У ҳаддан ошиб залолатга ботган ва У зот шаънига ёлғон тўқийдиган кимсани ҳидояти - иймонга, муваффақ қилмайди.
Иймон тушунчаси фақатгина мусулмонларга эмас, ҳар бир бандасига бериладиган улуғ неъмат ҳисобланади. Банда дунёга келиб, ўзи умри давомида топгани энг буюк ризқ бу – иймондир. Ўз – ўзидан юқоридаги оятлардан англашиладики, бир банда ростгўй бўлса, унга мусулмон бўлиш шарафи насиб этиши билан биргаликда, иймон ҳам қалбга ўрнашар, ростгўйлиги сабабидан Аллоҳнинг назарига тушар экан. Тасаввур қилинг, шунинг акс ҳолати бўлса, аслида у мусулмон бўлсада нимадир “сабаб” бўлиб ёлғонни касб этиб олиб, тавбани кечиктириб, бунда бардавом бўлгудек бўлса ўзи учун берилган иймон неъмати ва унинг нуридан мосуво бўлиши ҳам мумкин экан.
Ўзининг ҳақ каломида келтирилган қуйидаги оятга диққат қилайлик:
«Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар» (Наҳл сураси, 105).
Яъни, Аллоҳга ва оятларига иймон келтирмаган кимсагина У зот шаънига ёлғон тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ёлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин унга яқинлашмайди.
“Яхши билан юрсанг етарсан муродга, Ёмон билан юрсанг қоларсан уятга” деган ҳикматли сўз бор халқимизда. Буюк Аршнинг соҳиби бўлган Аллоҳ азза ва жалла ёлғон гапиришнинг оғир гуноҳлигини ва унга мўмин бўлганлар яқинлашмаслигини уқтиради. Шундай экан, банда дўст танлашда ҳам эҳтиёткор бўлмоғи лозим экан. Мўмин киши нафақат ёлғондан узоқ туриши, балки ёлғончи кимсаларга ҳам яқин бўлмаслиги керак экан. Албатта, мусулмонга ҳамма амални ҳам, ҳамма нарсанинг ҳам энг аълоси, яхшиси ярашади.
Меҳрли ва раҳмли бўлган Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ амалларни қилишдан, уларга яқин бўлиб Унинг розилигини тополмай қолишимиздан паноҳ берсин,, Ўзи рози бўладиган ишларга йўллаб, қалбларимизни гўзал, хайрли ишларга илҳомлантириб қўйсин. Амин Я Роббил Аъламин.
(Давоми бор...)
Вилоят бош имом хатиби: Т.Рўзиев
65 - وَكُونُوا عَوْنَ هَذَا الْعَبْدِ دَهْرًا بِذِكْرِ الْخَيْرِ فِي حَالِ ابْتِهَالِ
Маънолар таржимаси: (Эй ушбу назмни ёдлаб унинг маъноларига эътиқод қилганлар) тазарру қилган ҳолатда (Аллоҳга дуо қилган пайтларингда) доимо бу бандага (ҳам) яхши дуо қилиш билан ёрдамчи бўлинглар.
Назмий баёни:
Бу бандага кўмакда бўлинглар мудом,
Эзгу дуолар-ла, ёлворган ҳар дам.
Луғатлар изоҳи:
كُونُوا – олдинги байтдаги خُوضُوا феълига атф. Охиридаги واو исми.
عَوْنَ – исми фоил маъносида келган масдар. كُونُوا нинг хабари эканига кўра насб бўлиб турибди.
هَذَا – музофун илайҳ. Танбеҳ ҳарфи бўлган هَ ва исми ишора ذَا дан таркиб топган лафз. Ушбу исми ишора билан яқинга ва яқиннинг ҳукмида бўлган зотга ишора қилинади. Манзумани ўқиётганларга Нозим яқиннинг ҳукмидадир.
الْعَبْدِ – исми ишора ذَا дан бадал. Бу калиманинг маъноси عَبْدُ اللهِ экани ва ундан Нозим раҳматуллоҳи алайҳ ўзини ирода қилгани биринчи байтнинг изоҳида баён қилинган эди.
دَهْرًا – зарфликка кўра насб бўлиб турибди. دَهْرٌ истилоҳда “кетма-кет келувчи вақтларнинг йиғиндиси” маъносини англатади.
بِذِكْرِ – жор мажрур عَوْنَ га мутааллиқ. Зикр калимасининг кўплаб маънолари бўлиб бу ерда “дуо қилиш” маъносида келган.
الْخَيْرِ – музофун илайҳ. Бу калима, аслида, اَخْيَرُ исми тафзилнинг ҳамзаси ҳазф қилинган шаклидир.
فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.
حَالِ – жор мажрур ذِكْرِ га мутааллиқдир. Ҳол калимаси луғатда бир нарсанинг сифати, ташқи кўриниши ва умумий ҳолатига нисбатан ишлатилади.
ابْتِهَالِ – музофун илайҳ. Бу калима луғатда қаттиқ ялиниб сўрашга нисбатан ишлатилади. Шунинг учун ҳам ўзбек тилига “ёлвориш”, “ўтиниш”, “тазарру қилиш” каби маъноларда таржима қилинади.
Матн шарҳи:
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу асарини якунлаш арафасида ўқувчиларнинг хайрли дуоларидан умидвор эканини баён қилган. “Ёлворган ҳар дам” деган сўзлари билан дуонинг энг муҳим одобларидан бирига ишора қилган. Зеро ибодатларнинг мағзи бўлган дуо қилишнинг кўплаб одоблари бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилардир:
Биринчи одоб – эзгу ният қилиш.
Дуо қилишда аввало Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишни адо этиш ният қилинади. Шу билан биргаликда барча ҳожатлари раво бўлиши Роббисининг иродасига боғлиқ эканини қалбан эътироф этиб дуо қилади. Мазкур сифатга эга бўлган дуо, албатта, манфаатли бўлади.
Зеро, дуо қилишнинг ўзи банда учун сўраган нарсаси ато этилишидан кўра яхшироқ бўлади. Чунки Аллоҳ ирода қилган бандагина дуо қила олади.
Иккинчи одоб – кўп дуо қилиш.
Дуо энг улуғ ибодатлардан бўлгани учун имкон қадар кўп дуо қилишга ҳаракат қилинади. Зеро, бандаларни дуо қилишга Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган:
“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, – деди”[1].
Ушбу оятда дуо қилишга буюриш билан биргаликда уни Ўз фазлу марҳамати билан ижобат этишини ҳам баён қилган. Оятнинг давомида эса Аллоҳга дуо қилишдан кибрланганларга қаттиқ таҳдид қилинган. Шунинг учун бандалар ҳаётлари давомида доимо дунёларига тааллуқли ишларида ҳам, динларига тааллуқли ишларида ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматига муҳтож эканларини изҳор қилиб боришлари лозим бўлади.
Каттоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таоло мўминнинг тилини узр сўрашга йўналтирган бўлса, албатта унга мағфират эшигини очган бўлади”, деган.
Учинчи одоб – таҳоратли ҳолатда дуо қилиш.
Дуо ижобати учун таҳоратли ҳолатда бўлиш шарт бўлмаса-да, таҳоратли ҳолатда дуо қилиш афзал ҳисобланади.
Тўртинчи одоб – кафтларнинг ички тарафи билан дуо қилиш.
Дуо ибодат бўлганидан унда қилинадиган амалларда шариат кўрсатмаларига риоя қилиш лозим бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай кўрсатма берганлар:
عَنْ مَالِكِ بْنِ يَسَارٍ السَّكُونِىِّ ثُمَّ الْعَوْفِىِّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا سَأَلْتُمُ اللَّهَ فَاسْأَلُوهُ بِبُطُونِ أَكُفِّكُمْ وَلاَ تَسْأَلُوهُ بِظُهُورِهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Молик ибн Ясор Сакуний Авфийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Аллоҳдан сўрасангиз, кафтларингнинг ичлари билан сўранглар, Ундан кафтларингизнинг орқалари билан сўраманглар”, – дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда кафтнинг ичи билан сўраш яъни кафтнинг ичини юқорига қилиб дуо қилиш таълим берилган. Бу ҳадиснинг шарҳида уламолар шундай деганлар: қўлнинг ичи билан дуо қилиш кишининг эҳтиёжмандлигига далолат қилувчироқ бўлади. Чунки бундай дуо қилиш гўёки қўлларини чўзиб, унга бериладиган нарсага интизор бўлиб, сўраб турган кўринишда бўлади.
Бешинчи одоб – қўлларини баланд кўтариб дуо қилиш.
Дуо қилишда эътибор бериш лозим бўлган одоблардан яна бири қўлларни кўтариб дуо қилишдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَا مِنْ عَبْدٍ يَرْفَعُ يَدَيْهِ حَتَّى يَبْدُوَ إِبْطُهُ يَسْأَلُ اللَّهَ مَسْأَلَةً إِلاَّ آتَاهَا إِيَّاهُ مَا لَمْ يَعْجَلْ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَكَيْفَ عَجَلَتُهُ قَالَ يَقُولُ قَدْ سَأَلْتُ وَسَأَلْتُ وَلَمْ أُعْطَ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирор-бир банда то қўлтиғи кўринадиган даражада қўлларини кўтариб, Аллоҳ таолодан бирор нарсани сўрар экан, агар шошқалоқлик қилмаса, албатта, Аллоҳ унга ўша нарсани ато этади”, дедилар. Шунда (саҳобалар): “Эй Аллоҳнинг Расули, унинг шошқалоқлик қилиши қандай бўлади”, – дейишди. У зот: “Сўрадим, сўрадим, менга бирор нарса ато қилинмади”, дейди”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Ушбу кўриниш ҳам эҳтиёжмандликка далолат қилувчироқдир.
Олтинчи одоб – Аллоҳга ҳамду сано билан бошлаш.
Барча ишларида Роббисини ёдга олиб, Унга ҳамду санолар айтиб бошлаш мусулмон кишининг одобларидан ҳисобланади. Шу маънода ҳамду сано билан бошланган дуо ижобат қилинишга яқинроқ бўлади.
Еттинчи одоб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.
Дуодаги муҳим одоблардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдир. Бу ҳақида Али розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинган:
عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ قَالَ كُلُّ دُعَاءٍ مَحْجُوبٌ حَتَّى يُصَلَّى عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَّ وَآلِ مُحَمَّدٍ. أَخْرَجَ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Токи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг оилаларига салавот айтилмас экан, барча дуо тўсилгандир”. Табароний “Авсат”да ривоят қилган.
Саккизинчи одоб – азму қарор билан сўраш.
Дуо қилишда тараддудланмасдан, “агар хоҳласанг” деб истисно қилмасдан азму қарор билан сўраш лозим. Бу ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَا يَقُولَنَّ أَحَدُكُمُ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِى إِنْ شِئْتَ اللَّهُمَّ ارْحَمْنِى إِنْ شِئْتَ لِيَعْزِمْ فِى الدُّعَاءِ فَإِنَّ اللَّهَ صَانِعٌ مَا شَاءَ لاَ مُكْرِهَ لَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз ҳаргиз эй Аллоҳим, агар хоҳласанг мени мағфират қилгин, хоҳласанг менга раҳм қилгин демасин. Дуода азму қарорли бўлсин. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини яратувчидир, уни мажбур қилувчи йўқдир”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Шунга кўра дуо қилувчи кечирармикин деб иккиланмасдан дуо қилиши лозим. Солиҳ Муррий раҳматуллоҳи алайҳ: “(Дуо ижобатига ишора қилиб) Кимки иштиёқ билан эшикни тақиллатса, албатта, унга очилади, – деб кўп айтар экан. Бу гапни эшитган Робиатул Адавия унга: “Бу эшик қачон ёпиқ бўлганки, унинг очилиши сўралса”, – деб эътироз билдирибди. Шунда Солиҳ Муррий: “Шайх билмади, хотин билди”, – деган экан.
Тўққизинчи одоб – қалби бошқа нарса билан банд бўлмасдан дуо қилиш.
Дуо қилувчининг тилида талаффуз қилаётган сўзлари билан қалби бир хил бўлиши, қалби бошқа нарсалар билан “банд” бўлмаслиги ижобат қилинадиган дуонинг шартларидан ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ ادْعُوا اللَّهَ وَأَنْتُمْ مُوقِنُونَ بِالإِجَابَةِ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَجِيبُ دُعَاءً مِنْ قَلْبٍ غَافِلٍ لاَهٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ижобат қилишига аниқ ишонган ҳолда Аллоҳга дуо қилинглар, билингларки, ғофил (тили талаффуз қилаётган нарсадан бошқа нарса билан) банд бўлган қалбдан Аллоҳ дуо қабул қилмайди”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
“Рисалатул Қушайрия” китобида қуйидаги ривоят келтирилган: “Мусо алайҳиссалом тазарруъ билан ёлвориб дуо қилаётган кишининг ёнидан ўтдилар ва: “Эй Аллоҳим, агар унинг ҳожатини раво қилиш менинг қўлимда бўлганида албатта раво қилар эдим”, – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга: “Мен унга сендан кўра меҳрибонман. Лекин у менга дуо қилмоқдаю, бироқ қалби қўйида турибди, Менга дуо қилаётган банданинг қалби Мендан ўзгада бўлса дуосини қабул қилмайман”, – деб ваҳий юборди. Мусо алайҳиссалом ҳалиги кишига бу хабарни етказди. Шунда у бутун қалби билан Аллоҳ таолога астойдил дуо қилган эди, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилди”.
Шунинг учун дуо қилувчи сўровини қалбидан чиқариб дуо қилиши лозим.
Ўнинчи одоб – ижобатига аниқ ишониб дуо қилиш.
Дуонинг муҳим одобларидан бири қилаётган дуоси албатта ижобат бўлишига аниқ ишониб дуо қилишдир. Чунки ваъдасига хилоф қилмайдиган Зот ижобат қилишини ваъда берган:
“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилувчи дуо қилганда, ижобат қилурман”[2].
Шунга кўра, доимо дуо қилишга ҳаракат қилиб бориш лозим.
Давоми бор...