Ўзбекистонлик ҳожилар улуғ ибодат маносикларининг асосийларини адо этиб, Мино водийсидан Макка шаҳридаги меҳмонхонага қайтдилар. Етти мингдан зиёд юртдошимиз дунёдаги миллионлаб диндошлари қатори зиммаларидаги Аллоҳнинг фарзи – ҳаж амалларини бажардилар.
“Ҳаж – 2019” ишчи гуруҳи ҳожиларнинг ибодатлари динимиз талабларига мувофиқ, қийинчиликсиз ва талафотларсиз ўтиши учун ҳамма ишни қилиб, бор куч-ғайратларини сафарбар этдилар.
Ҳожиларимиз буюк ибодат, покланиш, бандаликни изҳор қилиш орқали дунё ҳаётида билиб-билмай қилган гуноҳларини авф этиши ва раҳматини сўраб, Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қилдилар.
Ҳожилар Маккаи мукаррамада Ҳазрати Иброҳим, Ҳазрати Исмоил алайҳимуссалом ва Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юрган ерларини зиёрат этдилар. Арафот маърифатга, Муздалифа шуурга эришиш жойи эканини англаб етдилар. Арафотда туриш – маҳшарнинг бу дунёдаги кичик бир кўриниши эканини тушуниб етдилар.
Мино водийсидаги минглаб чодир барча шаҳар ва қишлоқларнинг қадридан устун эканини фаҳм этдилар. Минода шайтон билан мужодала этиш учун тош отиш ва қурбонлик сўйиб, ҳазрати Иброҳим ва Исмоилнинг итоаткорлигидан ўрнак олиш имкони катта сабоқ бўлди.
Шайтонни тошбўрон қилиш ёмонликларни инкор қилишдир. Ҳаж ибодатининг якунига етиб келаётган ҳожи бу саъй-ҳаракати ила шайтонга ва унинг йўлига эргашганларга ўзининг нафратини изҳор этди.
Тили, ранги, миллати, маданияти турлича бўлган миллионлаб мўмин-мусулмонлар бир тану бир жон бўлиб адо этган муборак ҳаж ана шундай муҳим аҳамиятларга эгадир. Ибодат нияти ила муқаддас ерлар томон қилинган ушбу сафар кишига ўзининг ҳаётини янгидан сарҳисоб қилиш, ўзликни англаш имконини берди.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга кўра, ҳаж ибодатини мукаммал адо этган кишининг мукофоти жаннатдир. Ёш тўла кўзларини, покланиб, топ тоза бўлиб қолган қалбини Аллоҳнинг Байтидан уза олмай, ўз она-Ватанига қайтишга чоғланган ҳожи энди мутлақо бошқа инсондир.
Биз барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, ибодатлари мақбул бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муздалифада...
Бу ерда дунёнинг сохта ялтироқлари — бойлик, мансаб ва мавқе ўз қийматини йўқотади. Бу муқаддас заминда вазир билан оддий ишчи, кучли билан ожиз, хаста билан соғлом бирдай, бир майдонда ёнма-ён тизилади. Ҳамманинг эгнида бир хил либос, ҳамма бир хил қиёфада: икки парча оқ матога уралган... Бу манзара банда кун келиб Рабби ҳузурига мана шундай ҳолда, ҳеч вақосиз ва ёлғиз борадиган ҳисоб кунини эслатади.
Бош устида том ўрнига очиқ осмон, атрофда эса миллионлаб одамларнинг чарчоқли юз-кўзлари... Дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида инсон ўзининг тирик эканини, банда эканини ва айнан мана шу лаҳзада Яратганга нақадар муҳтожлигини бу қадар чуқур ҳис қила олмайди – кимдир лаблари титраб Қуръони карим тиловат қилади, кимдир зорланиб, дуога қўл очади, кимдир эса бутун борлиғини муаззам бир сукунатга топшириб, жимгина ётади.
Шу топда, балки узоқ йиллар ичида илк маротаба инсон ўз қалби билан юзма-юз келади, ўз виждони билан гаплашади. Демак, Муздалифа — англаш макони. Бу ерда инсон ўткинчи ҳаёти давомида қанчадан-қанча ортиқча юкларни орқалаб юргани, дунё лаззатларига алданиб қолганларини ҳис этади. Балки бу манзилда уларнинг баридан воз кечиш, тавба қилиш, покланиш ва Аллоҳнинг жамолига лойиқ бўлиш учун фурсат берилар...
Балки мана шу юлдузлар остидаги очиқ осмонда кимдир умрида илк бор ниқобини ечиб, астойдил йиғлаётгандир... Кимдир илк бор баҳоналарни унутиб, чин юракдан тавба қилаётгандир... Ва балки кимдир ҳаётида илк маротаба Аллоҳнинг унга томир уришидан ҳам яқинроқ эканини бутун вужуди билан ҳис этаётгандир. Мана шу ҳис — банданинг энг олий бахтидир.
Аллоҳ таоло қилган ҳаж ибодатларимизни, чеккан заҳматларимизни ва тунги дуоларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин! Омин.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ