Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2025   |   28 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2025, 28 Муҳаррам, 1447

Бахт калитлари

14.08.2019   2741   1 min.
Бахт калитлари

Эр эрта тонгда уйқудан турди. Нонуштани қилиб бўлгач, кийимларини кийиб, ишга жўнашга чоғланди. Офиснинг калитини олиш учун ўзининг китоблари турадиган хонасига кирди. Қараса, столнинг ва компютер турадиган хоннинг усти қалин чанг билан қопланган экан. Оҳисталик билан у ердан чиқди ва хотинига: “Аёлим, севгилим, хонамга кириб, стол устидан калитларимни олиб чиқиб бер” деди. Аёл калитларни олиш учун ҳалиги хонага кирди. Калитларни олиб, энди чиқмоқчи эди, хон устидаги чангнинг ўртасига бармоқ билан: “Хонимим, сени севаман. Эй умримнинг йўлдоши, сени жуда ҳам севаман” деб ёзиб қўйилибди. Ортга қайрилиб, хонадан чиқмоқчи эди, компютер турадиган хоннинг устидаги чангнинг ўртасига ҳам бармоқ билан: “Хонимим, сени севаман. Эй умримнинг йўлдоши, сени жуда ҳам севаман” деб ёзиб қўйилибди. Аёл хонадан чиқиб, калитларни эрига узатар экан, юзида табассум кўринарди. Гўёки, у эрининг нима демоқчилигини тушунгандек, бундан кейин уйининг тозалигига жиддий эътибор беришга қасд қилгандек эди. Ҳа, бу ҳодиса хато қилган аёлига ёмон муомала қилмасдан, балки унинг хатосини гўзал шаклда тушунтириб, ноқулай ва кўнгилсиз вазиятни ҳурсандчиликка айлантирган ақлли эрнинг уйида содир бўлган. Мана шу ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий бахтиёр оиладир. Зеро, оилапарвар динимиз Ислом ҳам бизларни ана шундай мулойимликка, оғир вазиятларни ҳам юмшоқлик билан ҳал этишга чорлайди. Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларни бахтиёр оилалардан қилсин, омин!    

 

Нозимжон Ҳошимжон

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фурсат ғаниматдир

22.07.2025   3563   2 min.
Фурсат ғаниматдир

Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.


Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.


Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.


Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.

Абдулвоҳид ИСАҚОВ,

Наманган шаҳридаги

“Мирёқуббой Мирҳакимбой”

жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар