Агар инсоннинг кўзларида ёш бўлмаса нима бўларди? Бу кўз ёшининг фойдаси нима?
Аллоҳ таоло бизнинг кўзларимиз ҳимояси учун қош, қовоқ, киприк ва кўз ёшини ато этган. Кўз ёши кўз соққасини намлаб, уни қуриб қолишдан ҳимоя қилади. Киприк эса бир неча сония давомида юмилиб-очилиб туради ва бу орқали кўз ёшининг кўзнинг ҳамма жойларига етиб боришини таъминлайди. Агар кўздан суюқлик чиқмаганда кўз қуриб қолган ва тез орада ўз фаолиятини бажара олмай қолган бўларди.
Ҳа, кўз ёши кўзни намлаш ва унга ёпишган турли бактерияларни ювиш вазифасини бажаради. Унда яна биз билмаган кўплаб фойдалар, вазифалар бор. Инсон йиғлаганда, унинг кўзида жойлашган безлар ёш ишлаб чиқаради. Маълумки, инсон турли сабабларга кўра йиғлайди. Баъзилар сиқилиб, баъзилар оғриқдан, айримлар дунё учун йиғлайди. Аммо йиғиларнинг ичида энг афзали ва улуғи Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлашдир. Ҳа, инсон Роббисидан қўрқиб йиғласа, унинг кўзлари энг яхши кўз ёшини ишлаб чиқаради. Бу шундай кўз ёшики, у охиратда дўзах оловини ўчира олиши ҳақида ҳадиси шарифларда айтилган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَيَخِرُّونَ لِلأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزِيدُهُمْ خُشُوعاً
“Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар ва у хокисорликларни зиёда қилур” (Исро сураси, 109-оят).
Аллоҳ таолодан қўрқиб, гуноҳларини эслаб йиғлаган кишининг кўзёшлари нафақат унинг кўзларини намлаб, уни микроблардан тозалайди, балки, Аллоҳдан қўрқиб тўкилгани учун охиратда дўзах оловидан ҳимояланишига сабаб бўлади.
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бир беморни кўргани келсалар, у тузалиб кетган экан. Шунда ўша кишига: "Аллоҳ сени ёд этибди, сен ҳам у зотни ёд этгин. Аллоҳ сени дарддан фориғ қилибди, у Зотга шукр қилгин. Билиб қўй, дарду балолар Маликул-Карим Аллоҳнинг савалайдиган қамчисидир. Бемор одам касалдан кейин ё чопқир отдек, ё кўп қоқиладиган асов эшакдек бўлади".