Ҳаж амалини адо этган тожикистонликларнинг илк гуруҳи 18 август куни ватанига қайтади. Бу ҳақда Дин ишлари ҳамда анъаналар ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси маълум қилди, дея хабар (https://azon.uz/content/views/tojikistonda-hojilarning-qaytishini-dabd) бермоқда AsiaPlus нашри.
Август ойининг охиригача тожикистонлик ҳожиларнинг бари ватанига қайтган бўлади. Қайтишдан олдин улар билан Макка ва Мадинада тушунтириш ишлари олиб борилади, ҳожиларни кутиб олишни фақатгина оила даврасида ўтказиш кераклиги уқтирилади.
Қўмитанинг таъкидлашича, “қонунга биноан “ҳожиталбон” ва “ҳожи оши” сингари маросимлар тақиқланган. Зам-зам суви ва хурмо қоқисини тарқатса бўлади. Аҳоли ҳожиларни эсон-омон қайтиб келганлари билан табриклаши мумкин”.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда 6 минг тожикистонлик ҳаж зиёратини амалга оширмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан