Ҳаж амалини адо этган тожикистонликларнинг илк гуруҳи 18 август куни ватанига қайтади. Бу ҳақда Дин ишлари ҳамда анъаналар ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси маълум қилди, дея хабар (https://azon.uz/content/views/tojikistonda-hojilarning-qaytishini-dabd) бермоқда AsiaPlus нашри.
Август ойининг охиригача тожикистонлик ҳожиларнинг бари ватанига қайтган бўлади. Қайтишдан олдин улар билан Макка ва Мадинада тушунтириш ишлари олиб борилади, ҳожиларни кутиб олишни фақатгина оила даврасида ўтказиш кераклиги уқтирилади.
Қўмитанинг таъкидлашича, “қонунга биноан “ҳожиталбон” ва “ҳожи оши” сингари маросимлар тақиқланган. Зам-зам суви ва хурмо қоқисини тарқатса бўлади. Аҳоли ҳожиларни эсон-омон қайтиб келганлари билан табриклаши мумкин”.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда 6 минг тожикистонлик ҳаж зиёратини амалга оширмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Иссиқ ҳавода кўп юриш натижасида айрим одамларда икки оёғи ораси қизариб, ачишади. Эҳромда шундай ҳолатда малҳам, вазелин каби нарсалар суртса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Эҳромдаги киши сиз айтгандек ҳолатга тушиб қолганда ёки товони ёрилганда хушбўй бўлмаган малҳамлардан фойдаланиши мумкин. Бунда ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди. Агар хушбўй малҳам ёки вазелиндан фойдаланса, бунда садақа қилиши лозим бўлади. Агар кўп марта суртса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Шунинг учун бундай касалликка дучор бўлган инсон имкон қадар хушбўй бўлмаган малҳамлардан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақида фуқаҳоларимиз бундай дейдилар:
وَلَوْ دَاوَى بِهِ جُرْحَهُ أَوْ شُقُوقَ رِجْلَيْهِ فَلَا كَفَّارَةَ عَلَيْهِ ؛ لِأَنَّهُ لَيْسَ بِطِيبٍ فِي نَفْسِهِ إنَّمَا هُوَ أَصْلُ الطِّيبِ أَوْ طِيبٌ مِنْ وَجْهِ فَيُشْتَرَطُ اسْتِعْمَالُهُ عَلَى وَجْهِ التَّطَيُّبِ.
“Эҳромдаги киши жароҳат, оёқ ёриқларини зайтун ёғи билан ёғласа, зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Чунки у хушбўйлик эмас, балки хушбўйлик олинадиган нарса ёки бир жиҳатдангина хушбўйлик холос. Каффорат вожиб бўлишлиги учун уни хушбўйланиш учун истеъмол қилган бўлиши шарт” (“Ҳидоя” китоби).
Аллома Камол Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Эҳромдаги инсон ёғ ёки сиркани еса, жароҳати ёки товонидаги ёриқларига суртса ё қулоғига томизса, унга ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди” (“Фатҳул Қодир” китоби).
Мулла Али ал-Қорий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
ولو تداوى بالطيب او بدواء فيه طيب غالب ولم يكن مطبوخا فألزقه بجراحته يلزمه صدقة اذا كان موضع الجراحة لم يستوعب عضوا
“Агар хушбўй нарса билан ёки хушбўйлик ғолиб бўлган нарса билан даволанса ва улар оловда пиширилган бўлмаса, сўнг уни жароҳатига ёпиштирса ва жароҳат бир тўлиқ аъзони ташкил қилмаган бўлса, садақа лозим бўлади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.