АЗИЗ ва МЕҲРИБОН УСТОЗЛАР, ҚАДРЛИ ва ҚИММАТЛИ ҲАМКАСБЛАР, МУҲТАРАМ ва ҲУРМАТЛИ АКА-УКА, ОПА-СИНГИЛЛАР!
Муборак ҳаж ойлари ва Қурбон ҳайити билан бирга сизларга соғлик, омонлик, беҳисоб хурсандчиликлар, қувончли, бахтли кунлар, улкан омадлар, дастурхонингизга тўкин-сочинлик, хонадонингизга файзу барака ато этсин!
МУБОРАК ҲАЖ ойлари, МУБОРАК ДАҲА, МУБОРАК ҚУРБОН ҲАЙИТларининг файзу илоҳий, хайр-баракаларидан, инсоннинг ақли ожизлик қиладиган ХУДОИ ТАОЛОНИНГ барча беқиёс, улуғ неъматларидан халқимизни, юртимизни, ҳаммаларингизни хонадонларингизни баҳраманд қилсин!
Ўтганларимизга ЎЗИНИНГ раҳматидан, қолганларимизга офиятидан, беморларимизга шифосидан, хожатмандларимизга ёрдамидан ато этиб, икки дунёда ҳам ишларимизни ўнгидан қилсин!
ИЛОҲО доимо юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин, танимиз соғ, ибодатларимиз қабул, дуоларимиз ижобат бўлсин! ИЛОҲО халқимиз фаровон, турмушимиз обод, хирмонимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз салоҳиятли, илмларимиз зиёда, диёнатимиз гўзал, маънавиятимиз юксак бўлишини насиб этсин!
Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халкимизнинг фаровонлиги, масжидларимизнинг ободлиги учун Юртбошимиз бошчиликларида олиб бораётган барча хайрли, чиройли ишларингизда ПАРВАДИГОРИ ОЛАМ ҳамиша ЎЗИ мададкор булсин!
Сизларга камоли эҳтиром ва чексиз ҳурмат ила
Иброҳим ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
— Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
— Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
— Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!
Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ