Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари,
Сиз ва Сиз орқали барча юртдошларимизни Ислом динининг энг улуғ байрами — Қурбон ҳайити муносабати билан муборак ҳаж ибодатини чин ихлос ва катта мамнунлик ила адо этаётган ҳожиларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.
Аллоҳ таоло бутун халқимизга ушбу қутлуғ айёмни файзу баракотли қилсин, юртимиздаги тинчлик, осойишталик неъматини бардавом айлаб, халқимиз фаравонлигини янада зиёда этсин.
Биз, ўзбекистонлик ҳожилар бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга қут-барака, халқимизга бахт-саодат, эртанги умидимиз бўлган фарзандларимизга нурли келажак сўраб дуолар қилмоқдамиз.
Ҳар йили минглаб фуқароларимизнинг ҳаж ибодатини юксак савияда, барча қулай шарт-шароитлар яратилган ҳолатда адо этаётганлари, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда виждон эркинлигини кафолатлаш, миллий-диний қадриятларимизни қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин ифодасидир.
Сизнинг саъй-ҳаракатингиз билан дунё илм-фани, маданияти, хусусан, муборак ислом таълимоти ривожига бемисл ҳисса қўшган азиз аллома-авлиёларимизга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатил-моқда, уларнинг бой илмий мероси ўрганилмоқда, қадамжолари халқимиз ардоғидаги табаррук манзилларга айлантирилмоқда.
Янгидан барпо этилган масжидлар, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси ва Ҳадис илми мактаби юртимизда миллий-диний қадриятларимизга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ифодасидир. Ушбу муаззам мажмуалар халқимизга илм-маърифат тарқатиш, ёшларимизни тўғри йўлга бошлашда йўлчи юлдуз вазифасини бажаришига ишонамиз.
Мазкур маърифат кошоналарига қадам қўйган киши улуғ алломаларимиз, бой тарихимиздан ибрат олиши, руҳий-маънавий олами бойиб чиқиши шубҳасиз.
Шу кунларда имон нури зиёдалашиб, қалби мусаффо бўлган етти мингдан ортиқ ҳожиларимиз Маккаи мукаррама, Арафот ва Мино водийсида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб дуои хайрлар қилмоқдалар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида Яратганнинг розилиги йўлида, риё ва гуноҳлардан холи бўлган, ҳусни хулқ ила адо этилган мабрур ҳажнинг мукофоти жаннат экани ва гуноҳлардан пок бўлиши баён қилинган.
Дарҳақиқат, ҳаж улуғ мукофотларга ноил қилиши билан бирга инсон ҳаётида яхшилик сари бурилиш ясайдиган ибодатдир. Шундай экан биз — ўзбекистонлик ҳожилар ишонтириб айтамизки, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатиб, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳудудларни обод этиш ва эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзишдек савобли ишларда бор куч-ғайратимизни аямаймиз.
Муҳтарам Президент Жаноблари, биз ҳожилар Арафотда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда юртимиз ҳамиша омон, элимиз доимо тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.
Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаймиз, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз. Жонажон Ўзбекистонимизда бошланган улкан ислоҳотларнинг ёруғ юз билан амалга ошишида Аллоҳ таолодан тавфиқ ва мадад сўраб қоламиз.
Ўзбекистон ҳожилари
Макка шаҳри, Арафот водийси,
2019 йил 10 август
1. Ерни ифлос қилманг
“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилманг!” (Аъроф сураси, 56-оят).
2. Аллоҳ покликни яхши кўради
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ покизадир – покизаликни севади”.
3. Ахлат ташламанг!
Набий алайҳиссалом: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар.
4. Аллоҳ кечириб юборади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда юриб кетаётиб тиканли бир шохни кўриб, уни олиб ташлади. Шунда Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди”, дедилар.
5. Бу ҳам – садақа
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашингиз ҳам – садақадир”, деганлар.
6. Қанча мева бўлса шунча савоб
Набий алайҳиссалом: “Ким бир ўсимлик экса ва мева берса, Аллоҳ таоло унинг меваси ададича (савоб) беради”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД