Мисрнинг етакчи «Сада ал-Балад» ахборот агентлиги веб-сайтида «Ўзбекистон очиқ маълумотлар рейтингида дунё бўйича 30-ўринга кўтарилди» сарлавҳали мақола инглиз тилида эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Ўзбекистон Open Data Inventory очиқ маълумотлар рейтингида 70 балл тўплаган ҳолда дунёда 30-ўринга кўтарилди, - дейилади нашрда. - Ушбу натижа республикада очиқлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол ифодаси ҳисобланади. Open Data Inventory очиқ маълумотлар рейтингида дунёнинг 195 мамлакати баҳоланди».
Мақолада мазкур рейтингда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллагани маълум қилинган.
«Жаҳон рейтингида Қозоғистон 51-, Қирғизистон 92-, Тожикистон 126- ва Туркманистон 195-ўринда қайд этилган. 2022 йили Ўзбекистон мазкур рейтингда жаҳоннинг 192 давлати орасида 66 балл тўплагани ҳолда 40-ўринни эгаллаган эди», - деб ёзади «Сада ал-Балад».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабарингиз бор, Ўзбекисто Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида йирик халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, профессор Музаффар Комилов ўртасида учрашув ўтказилди.
Суҳбат аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш энг устувор вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мусулмон донишмандлари кенгаши билан алоқаларни ривожлантириш, диний бағрикенглик ҳамда анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Мусулмон донишмандлари кенгаши билан ҳамкорликда буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд шаҳрида қайта барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси фаолияти доирасида самарали алоқаларни йўлга қўйиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари учун аҳиллик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни турли хавф-хатарлардан асраш масалалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бу йўналишда томонлар кенг ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, делегациялар ташрифларини амалга ошириш, биргаликда турли илмий ва амалий тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.