Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Мусибат фақат ёмонларнинг зулм қилиши эмас, балки яхшиларнинг жим туриши ҳамдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ким ошқозонига (нима кириб-чиқаётганига) эътибор бермаса, бошқа нарсаларга ҳам эътибор бермайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамлар сокинлик пайтида бир хилдирлар. Машаққатли дамларда эса уларнинг қандайликлари маълум бўлади.
Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ
*****
Курашаётган пайтимда йўқ бўлиб қолган бўлсанг, ғалаба қозонганимда ёнимда бор бўлиб қолишни ўйлама!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳақни билишнинг ўзи билан тўхтаб қолмаслик керак. Натижаси қандай бўлишидан қатъи назар ҳақни гапириш ҳам керак!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Адолат қарор топганда, ҳатто ҳайвонлар ҳам тартиб-интизомга амал қилади.
Иброҳим Фиқий
*****
“Ҳамма одамларни рози қилиш” деган қонуният мени қамраб олмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
“Мени фалончи юборди” деган гап 10 йиллик тажриба ва 5 та дипломга тенг бўлиб қолди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Араб бўла туриб, ўзингга ўхшаган араб билан инглиз тилида гаплашишинг сенинг маданиятли, зиёли эканингни мутлақо англатмайди. Балки ўз тилингни билмайдиган жоҳил, унинг гўзалликларидан маҳрум бир кимса эканингни англатади.
Нажиб Маҳфуз
Ўзбек бўла туриб, ўз тилида гаплашишни ўзига эп кўрмай, бир-бири билан русча гаплашадиган кимсаларга ҳам мос тушар экан.
*****
Ҳурматга лойиқ бўлиб, унга эришолмаслигинг ҳурматга лойиқ бўлмай, унга эришганингдан яхшироқдир.
Марк Твен
*****
Интернет материалларидан тўплаб,
таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов
Шу йил 9 январь куни Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида вакиллик ходимлари, шаҳар-туман бош имом-хатиблари ва иқтидорли имомлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳ Ўзбекистон туманига ташриф буюрди.
Дастлаб тумандаги 7 та масжид ва 7 та маҳаллада, шунингдек, “Ҳаж — 2024” зиёратчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, амалий тадбир режаси тузилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ва имом-хатибларга бириктирилган маҳалла ҳудудидан “Ҳаж – 2024” зиёратчисини маънавий-маърифий тадбирларга жалб этди. Биргаликда маҳалланинг энг камида 3 тагача муаммоли хонадонига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўради. Уларнинг муаммоларини ўрганди, таклиф, фикр-мулоҳазаларини тинглади. Имом-хатиблар 22 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Шунингдек, тумандаги "Қудаш" мурувват уйига ташриф буюрилиб, ташриф чоғида мурувват уйида яшовчи имконияти чекланган, меҳр-мурувватга муҳтожларни ҳолидан хабар олиниб, мурувват уйи учун маиший техника ва маиший жиҳозлар ҳамда бошқа турдаги зарурий ашёлар хайрия қилинди.
Шу билан бирга, мурувват уйида "Яшил макон" дастури доирасида 100 туп мевали ва манзарали кўчатлар экилди.
Туманнинг "Боғи Эрам" маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилага ҳомийлар кўмаги билан замонавий қулай шароитларга эга бир хоналик уй қуриб берилди. Ишчи гуруҳ мазкур хонадонга ташриф буюриб, хонадон эгалари билан мулоқот қилди.
Пешин намози сўнгида масжидларда жамоатга маъруза қилиниб, одамларга манфаат етказишнинг фазилати, офият улкан неъмат экани, ёшлар тарбияси доимий эътибор марказда бўлиши зарурлиги, бу борада ота-оналарнинг ўрни ҳақида илмий ва ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Масжидлар ва имомлар фаолияти кўздан кечирилди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан керакли тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати