Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти ва аҳамиятини, халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи эканини эътиборга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 11 август – якшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2019 йил 11 август Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Қурбон ҳайитининг жойларда юқори савияда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри
ЎзА
Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг шарҳловчиси сифатида ҳукм чиқариш ваколатига эга эдилар. Шунга биноан ҳадис ҳукм чиқариш бўйича икки асосий соҳани қамраб олади.
Биринчи соҳа: Қуръони каримда зикр этилган ҳукмларни ёритиб бериш.
Иккинчи соҳа: Қуръони каримда кўрсатилмаган масалаларни ҳукм шаклида белгилаш.
Биринчи соҳада ҳадис Қуръони карим оятларини тафсир қилади. Умумий маънога эга бўлганини хослаштиради, яъни унга хусусий маъно беради, мутлоқ, яъни, қайд ва шартсиз оятларни қайдлайди.
Шу ўринда баъзи бир мисоллар келтириб ўтамиз. Қуръони каримда “Намоз ўқинглар” деб амр қилинган. Лекин намозларнинг сони, сифати, ракъатларининг сони Пайғамбаримиз алайхиссалом томонидан белгиланган ва амалда кўрсатиб берилган. Бу эса мужмал иборани изоҳлаш мисоли.
Умумий мазмунни хос қилиш учун мисол. Қуръони каримда мерос тизими умумий маънода келган. Яъни мерос қолдириш ва мерос олиш ҳуқуқи берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос олиш учун дин бирлиги, қотил бўлмаслик ва қул бўлмасликни шарт қилиб қўйиб уни хослаштирганлар. Масалан, ўз отасини ўлдирган ёки ноҳақ йўл билан унинг ўлимига сабаб бўлган фарзанд отасидан мерос олиш хуқуқидан маҳрум бўлади.
Иккинчи соҳа бўйича ҳадисга тегишли масалалар. Зарурат чоғида Қуръони каримда айтилмаган бирон бир янги ҳукмни ҳадис ҳукм қилиб белгилаб беради. Бу ўринда айрим ҳукмлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан махфий ваҳий ёки илҳом орқали содир бўлган ва баъзилари у зотнинг ижтиҳодлари ва шахсий фикрларидан келиб чиққан. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилишда ҳам ислом руҳи ва фалсафасини назарда тутар эдилар.
Бу ўринда кўп мисоллар бериш мумкин. Масалан, момога меросдан олтидан бир ҳисса бериш, никоҳ битимининг тўғри бўлиши учун гувоҳлар шартлиги, бадан аъзолари хун баҳосини белгилаш каби ҳукмлар киради.
Ислом шариатида ҳадисларнинг ўрни аҳамиятли экани кўриниб турибди. Ҳукмлар фақатгина Қуръони каримнинг ўзидан олинмайди. Қуръони каримда келган кўпгина ҳукмлар тафсилотини билиш учун ҳадислар муҳим аҳамият касб этади. Балки шаръий ҳукмларнинг бир қанчаси ҳадислар орқали келиб чиққан экан.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.