Ким Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини хоҳламайди?
Ким Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатда қўлларидан кавсар сувини ичишни истамайди?
Ким Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатда қўшнилари бўлишни хоҳламайди?
Ким Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қилишни хоҳламайди?
Ким Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом бўлишни истамайди?
Буларнинг барчасини қўлга киритишимиз учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга доим саловот айтишимиз лозим бўлар экан.
Аллоҳ Ўзининг муборак каломи Қуръони каримда ҳам биз бандаларига Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишимиз таълимотини бериб, шундай хитоб қилади:
إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй, мўъминлар! (сизлар ҳам) унга саловат ва салом айтинг!” (Аҳзоб,56)
“Саловот” сўзи – дуо, раҳмат, улуғлаш ва мақташ маъноларидадир. “Салом” сўзи эса – барча бало ва офатлардан омонда бўлиш демакдир. Аллоҳ таоло томонидан бўладиган саловат ва салом – раҳмат ва мақтов маъносида. Фаришталар томонидан бўладиган саловат ва саломлар эса – истиғфор ва дуо маъносидадир.
Юқорида келтирилган ояти каримада оламлар Раббиси ва яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг шахсан Ўзи Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишга буюрмоқда. Бу эса Пайғамбаримизнинг мартабалари ҳамда у зотга нисбатан саловат ва саломларнинг ўрни нақадар олий эканидан далолатдир.
Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўнта саловат айтади (яъни, ўнта гуноҳини мағфират қилади)".
Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд ҳолда келдилар. Биз: "Юзингизда хурсандчиликни кўряпмиз! (нима бўлди?), – дедик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менинг олдимга фаришта (Жаброил алайҳиссалом) келди ва: "Эй, Муҳаммад! Роббингиз шундай деди: "Мен сизга бир марта саловот айтган кишига ўнта саловот айтишим ва сизга бир марта салом айтган кишига ўнта салом айтишим сизни рози қилмайдими", – деб хабар берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Қиёмат кунида умматларимнинг менга энг яқини, менга уларнинг саловотни энг кўп айтувчиларидир".
Имом Саноний бу ҳадиси шарифдаги "инсонларнинг менга энг яқини" деган гапни "инсонларнинг менга турар жойи ва шафоатимга ҳақли бўлиш жиҳатидан энг яқини" деб, бошқа муҳаддис уламолар эса "жаннатдаги ўрин жиҳатидан менга энг яқини" деб шарҳлаганлар. Ҳаммамизга маълумки, қиёмат кунида ҳеч бир инсон учун шафоатчи, ёрдамчи бўлмайди.
Фақатгина, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламгина Аллоҳ таолонинг розилиги билан Ўзлари хоҳлаган умматларини шафоат қиладилар. Ўша шафоатга сазовор бўладиганларнинг бир тури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига саловот ва саломни кўп айтувчилардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтиб туриш – ҳар бир банданинг бурчи. Аллоҳ таоло шунга амр қилган. Аммо жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш яна ҳам зарур ва алоҳида фазилатга эгалигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз.
Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни менга саловотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказинглар ва мен эшитурман», дедилар».
Шофеъий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг жаннатда менга энг яқин бўладиганларингиз менга саловотни кўпроқ айтадиганларингиздир. Бас, ёруғ кеча ва нурли кунда менга саловот айтишни кўпайтиринглар», дедилар.
Шофеъий ва Байҳақий ривоят қилишган. Аллоҳ билувчи.
Ҳадиси шарифдаги «ёруғ кеча»дан мурод жума кечаси, «нурли кун»дан мурод жума кунидир.
Ана шундоқ бир кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтмоқ жуда ҳам марғуб иш. Умматларнинг айтган саловотлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилинур. Аллоҳнинг амри ила у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саловотларни эшитадилар, улардан хурсанд бўладилар.
Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Шафоатларига мушарраф бўлишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга саловотни кўпайтирсин!
Ким Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни қўлларидан кавсар сувини ичишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга саловотни кўпайтирсин!
Ким суннатга амал қилишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга саловотни кўпайтирсин!
Ким Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қилишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга саловотни кўпайтирсин!
Ким жаннатда Набийимиз саллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин бўлишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга саловотни кўпайтирсин!
"Ас – Солату вас – саламу алайка я Росулаллоҳ" (яъни, Эй, Расулуллоҳ! Сизга саловот ва саломлар бўлсин!
Жамшид НАЗАРОВ
Бир савдогар бой одам ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олган, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди. Турли хил муолажалардан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади. Бир куни бу ташвишлардан жуда зерикиб кетди ва машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб кетди. Йўл-йўлакай, Нил дарёси бўйида жойлашган кичик бир қишлоқча ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. Деҳқон эса ерга тўшалган тупроқда ўтириб, бир нима ейиш билан банд эди. Бой одам машинасидан тушиб, деҳқоннинг овқат еяётганини кузата бошлади.
Деҳқон уни кўриб қолиб: "Меҳмон бўлинг, овқатдан енг, чой ичинг!" деб чақирди. Бой одам ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди, аммо деҳқон унинг баҳонасига қарамай, уни таклиф қилишда давом этди. Ахири бой одам ерга тўшалган жойга ўтирди. Унинг олдига овқат тўла патнис қўйилди. Унда бутун помидорлар, бодринг, кўкатлар, салат барги, пиширилган бедана тухумлари, нон ва кўмирда қайнатилган чой бор эди.
Бой одам деҳқонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: "Бисмиллоҳ" деб егин, деди. Бой "бисмиллоҳ"ни айтиб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, ерга йиқилди. Деҳқон қўрққанидан оиласи билан уни уйига олиб кириб, ётоқхонага ётқизишди. Бой одам ўзининг дори-дармонларини олиб, оғриқни босишга уриниш билан овора бўлди.
Шу кеча деҳқон уйидаги намозхонада қоим бўлиб, бой одам учун Аллоҳдан шифо сўраб, тинмай дуо қилди. Саҳарга яқин, бой одам деҳқоннинг “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўлларини дуога очганини кўриб қолди. Ҳайратда қолган бой, деҳқондан сўради: "Бу "эчкининг ҳаққи" нима дегани?".
Деҳқон шундай жавоб берди: "Бу Аллоҳ билан менинг орамдаги бир сир".
Бой одам деҳқондан бу сирни очишни сўради ва ҳоли жонига қўймаганидан кейин деҳқон ҳикоя қила бошлади: "Ёшлигимда ишчи бўлиб ишлардим, олган маошимни тўплаб, уйланиш учун сақлардим. Уйланишим учун менга 100 жунайҳ миқдорида маблағ зарур эди. Бир куни қўшнимнинг қизи икки эгизак бола туғиб, онаси вафот этиб қолди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда эса, ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ. Болаларнинг очликдан йиғлашлари менга эшитилган сари юрак-бағрим эзилиб кетади. Шундан кейин мен тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва қўшнимга сездирмай нарсаларни унинг ҳовлисига киритиб қўйдим. Қўшним нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо яна бу билан қўшнимнинг муаммоси ҳал бўлмаслигини билар эдим.
Бир кеча тушимда бир шайх келиб: "Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла", деди.
Эрталаб туриб, қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олдим. Қўшнимнинг ҳовлисига олиб кириб боғладим. Шундан кейин қўшнимнинг уйида болаларнинг чинқираб йиғлаган овози тинди. Қўшним эса ҳар куни “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан сўрасам, Аллоҳ қабул қилади. Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншааллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради, деди. Бой одам деҳқоннинг ҳакоясини эшитдию, аммо унга унчалик эътибор қилмади.
Лекин шу воқеадан кейин яна бир марта шифокорнинг ҳузурига таҳлил учун борганида шифокорнинг хулосасини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган ошқозон ва ичакларидаги дардидан асар ҳам қолмаган эди.
Бой одам бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига борди ва унинг қўлларини ўпиб миннатдорчилик билдирди ва унга ҳам шундай савобли ишлар қилишни ўргатишини сўради. Деҳқон эса уни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир фақирнинг уйини олдида бир тўхтаб, унга: "Аллоҳ билан савдо қил!" деди. Бой одам: - Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мумкин? деб сўради. Шунда деҳқон: "Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ