Кун ўтгани сайин юртимизда диний соҳада кенг имкониятлар тобора юксалиб бормоқда. Бу Аллоҳнинг биз бандаларига, жумладан, юртимиз мусулмонларига ато этаётган улуғ неъматларидандир. Ана шундай қувонарли воқеалардан бири Навоий вилоятида янги масжиднинг очилиши бўлди.
Шу йилнинг 1 август куни Навоий вилояти Қизилтепа тумани Варозун маҳалласида «Абу Бакр Сиддиқ» номли янги жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Навоий вилоят бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиев, туман бош имом хатиби Завқиддин Орипов, туман ҳокими бошчилигидаги мутасадди раҳбарлар, имомлар, шунингдек, қишлоқ ва маҳалла фаоллари иштироки этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов сўзга чиқиб, маҳалла аҳлини янги масжид билан қутладилар ва ушбу масжид мусулмонларнинг дуолари ижобат бўладиган, ёш авлоднинг гўзал ахлоқий фазилатлари шаклланадиган мўътабар маскан бўлишини тилаб, керакли тавсиялар бердилар, хайрли дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло янги масжидни қишлоқ аҳли учун, умуман, вилоят мусулмонлари учун илм-маърифат ва ахлоқий тарбия маскани бўлишини насиб этсин!
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Cавол: Саждаи саҳв қилиш учун салом беришда бир томонга салом бериладими ёки икки томонгами?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Яъни намозхон саждаи саҳв қилишда бир томонга салом берса ҳам, икки томонга салом берса ҳам тўғри иш қилган бўлади. Чунки фуқаҳоларимиз ҳар икки ҳолатни саҳиҳ — тўғри деб фатво беришган. Айрим фуқаҳолар ёлғиз намоз ўқиётган киши – икки томонга салом бериши, имом эса – бир томонга салом бериши яхшидир, деганлар. Чунки имом икки томонга салом берса, эргашувчиларнинг баъзиси намоз тугалланди деб ўйлаб намозга зид ҳатти-ҳаракат содир этиши мумкин, дейишган (“Дурарул ҳуккам” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.