Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Январ, 2025   |   21 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:43
Пешин
12:39
Аср
15:44
Шом
17:29
Хуфтон
18:46
Bismillah
21 Январ, 2025, 21 Ражаб, 1446

Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар

31.07.2019   6522   6 min.
Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар

Ҳаж Ислом динининг бешинчи рукни бўлиб, ҳаж қилувчи нафс поклиги ва аҳлоқ сайқалига алоҳида эътиборли бўлиши талаб этилади. Аллоҳ таоло Ўзининг  байтига ҳаж ибодатини бажариш учун чақирибдими, демак  ҳаж қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир.   Шунинг учун ҳаж қилувчилар олий даражадаги одоб билан одобланишлари зарурдир.

“Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса (яъни эҳромга кирса), ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз Аллоҳ уни билади” (Бақара сураси, 197-оят).

Ҳажга отланган инсон тилини турли фаҳш, ғийбат ва ноўрин сўзлардан тийиши зарур. Ҳаждан кўзланган мақсад мукаммал равишда рўёбга чиқиши учун бир қанча қалб амаллари ва одобларни бажо келтириш лозим бўлади:

  • Ҳажга кетаётган инсон  аввало Аллоҳ ризолигини тилаб, ибодатда бўлиши керак. Шунингдек, “ҳожи она” номини олиш, фахрланиш ва риёкорлик каби иллатларда йироқ бўлиши зарур.
  • Барча гуноҳлардан тийилиб, Аллоҳ таолога тавба қилсин.
  • Атрофида  кексалар, ота-оналари бўлса, уларнинг розилиги ва дуоларини олиш яхши амаллардан ҳисобланади.
  • Кимнинг дилини оғритган, зулм  қилган бўлса, улардан сафар олдидан узр сўрасин. Ўзи ҳам кечиримли бўлсин.
  • Ҳаж сафари тайёргарлиги билан овора бўлиб, намоз ва бошқа ибодатларга эътиборсизлик қилмасин.
  • Кимдан қарзи бўлса, сафарга кетгунча барча қарзларни тўлаб қўйсин.
  • Ҳаж сафари чоғида ҳар дақиқанинг қадрига етиб ибодат ва зикрлар билан машғул бўлиш, қўлидан келганича  одамларга яхшилик қилиш пайида бўлиши керак.
  • Сафар чоғида  ғийбат, чақимчилик ва беҳуда сўзлардан тилини тийсин.
  • Ҳаж давомида ҳаёллари тижоратдан ҳоли бўлган ҳолда,  қалбда ибодатларини Яратганнинг ҳузурида қабул бўлишини  чин ихлос ила сўрасинлар. 

Ҳаж сафарига борувчи аёлларга хос бўлган масалалар: 

  • Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари эса очиқ ҳолда бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган даражада бўлиши, тор ва қора рангда бўлмаслиги  талаб этилади.
  • Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида халақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади.
  • Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”
  • Меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади. Меҳмонхонада оз вақт бўлишликни, ҳаж сафарига нима мақсадда боришликни доим ёдда сақлаган ҳолда элликбошининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш шарт.
  • Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
  • Меҳмонхоналарда ҳам сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
  • Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш керак.
  • Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (кўкрак нишони) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.
  • Ибодат ёки бошқа ҳолатларда меҳмонхонадан ташқарига чиқиладиган бўлса, калитни топшириб кетиш зарур.
  • Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки  бошқа ишлар юзасидан элликбошини огоҳлантириб қўйиш лозим.
  • Ибодат вақтларида аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, Каъба тавоф қилинмайди, намоз, Қуръон ўқилмайди. Қолган амаллар тўлалигича қилинади. Умра зиёрати ҳайз кунларига тўғри келиб қолса аёл шифокорлар билан маслаҳатлашиб  иш кўрилади.
  • Аёллар камида уч киши бўлиб юриши, кечаси ёлғиз  юрмасликлари лозим. Масжид узоқда бўлса,  шахсий автомобилларга ўтирмаслик, фақат таксилардан фойдаланиш тавсия этилади.
  • Масжидул Набавийдаги бир ракаат намознинг савоби минг ракаат намозга, Масжидул Ҳарамдаги бир ракаат намознинг савоби эса юз минг ракаат намоз савобига тенглигини доимо эсда сақлаб, вақтни ғанимат билиб, доимо ибодатда бўлиш керак.
  • Ҳаж ва умра охирида аёлларнинг сочларидан, соч учидан бир бармоқ айлантирарлик узунлигида соч кесилади. Соч узун бўлса, сочнинг учидан, соч калта бўлса ўнг томонда қайчи билан кесилади. Эҳромга киришдан олдин шуларни ҳисобга олиш керак.
  • Ҳажга борувчи аёллар ибодат вақтида улкан ажрлар берилиши ҳисобга олиб, бировларнинг ҳақига, молига  ҳиёнат қилмаслик, атрофдагилар билан жанжалмаслик, ўзи ва бошқалар учун савобли амаллар қилишга ҳаракат қилиши талаб қилинади.
  • Бегоналардан аудио, видео тасмалар, турли китоблар олмаслик талаб этилади.
  • Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича ёрдам бериш тавсия этилади.
  • Биз Абу Ҳанифа мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг ибодатларига эътибор бермаслик талаб этилади.
  • Ҳозирги вақтда тасбеҳлар, жойнамозлар ўзимизнинг юртда ҳам сероб бўлгани боис у ердан юк қилиб кўтариб юрмаслик, уйда қолган фарзандлардан тасбеҳ,  жойнамоз ва бошқа нарсаларни уйга олиб келиб қўйишлари тавсия этилади.
  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага  матоларни турли ниятларда суртиш,  Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
  • Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда покизаликка қатъий эътибор бериш талаб этилади.
  • Ҳажга бораётганлар нима мақсадда кетаётганлигини аниқ билиб олишлари лозим, шунингдек, ибодат вақтларида аёлларни пардозланиб юришлари ман этилади.
  • Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилган вақтда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
  • Шифокорлар доим хизматда бўлганлиги боис ўзингизми, ҳамхонангизними тоби қочиб қолса, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
  • Меҳмонхоналарда юк йўқолиш каби ҳодисалар бўлганида, дарҳол элликбошига мурожаат қилиш керак.
  • Ҳаж сафарига кетаётганда ва қайтишда аэропорт маъмурияти томонидан талаб этилган меъёрдан ортиқ юк олмаслик талаб этилади.
  • Тошкент аэропортига қайтиб келингандан кейин жомадон ёки юклар йўқолгани маълум бўлса, жомадон учун берилган чиптани элликбоши билан биргаликда аэропорт маъмуриятига топширилади.
  • Ҳаж сафаридан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, тўй ва маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш, ёшлар тарбиясида  ибрат бўлишлари  тавсия этилади. Хайрли амалларда давомли бўлиш икки дунё саодатига эриштиради.

Ҳаж сафари давомида бажарган ибодатларингиз Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни мақбул даражасида бўлишини, мабрур ҳаж насиб этишини тилаб қоламиз.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси  мутахассиси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Мақсадимга эришдим" деган адашади

16.01.2025   6515   4 min.

Ҳар биримиз ҳаётда муваффақият қозониш истагида бўламиз-у, лекин унга етиша олмаймиз. Бунинг сабаби эса “муваффақият”ни етиб бўлмас бир рўё деб ўйлашимиздир. Аслида биз муваффақиятга элтувчи омилларга беэътибор бўламиз, натижада муваффақиятсизликларимиз кўпайиб бораверади.

Муваффақият – бу яхшидан янада яхшироғи томон интилишимиздир. (Баркамоллик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир). Бирортаси сизга “Ҳаётдаги мақсадимга эришдим” деса, билингки, у одам қулай бошлабди. Киши муваффақият сари ҳаракат қилиши зарур. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ҳеч бир одамнинг ажрини зое қилмас. Бадиъуз замон Ҳамазоний бундай дейдилар:

Вожиб манга тиришмоғим, қилмоқ жаҳд,
Шарт бўлмағай нажоҳни идрок этмак.

Ҳаёт бўстонидан муваффақият меваларини териш илинжидаги кишига оид мана бу насиҳатлар сизга ҳам асқатади. Бу насиҳатлар икки дунё саодатини топиш учун чақириқдир. Зеро, охират диёрида киши очиқ-ойдин хусронга юз тутар экан, унинг дунё ҳаётидаги зафаридан не наф?!

Аллоҳ таолога тақвони лозим тутинг, шунинг ўзи хайр­ли озиқа ва аъло насиҳатдир. Зеро, Аллоҳ таоло Талоқ сурасининг 2–3-оятларида: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...», дея марҳамат қилади ва яна худди шу суранинг 4-ояти сўнгида ҳам: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадур!» – дея  тақво қилишга амр қилган.

Қалбингиз аввал Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига, ке­йин эса ота-онангиз ва атрофингиздагиларга муҳаббат ила тўлиб-тошсин. Зеро, муҳаббат кишини ёшартиради, умрни узайтиради, хотиржамлик бахш этади. Нафрат эса қалбни қорайтиради. Муҳаббат жароҳатга малҳам бўлиб хизмат қилади ҳамда қалбга меҳр ва яқинлик тафтини солади.

Ўзингизга бўлган муҳаббатингиз бошқаларга нисбатан кичикроқ, озроқ бўлсин. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 9-оятида ансорийларни мақтаб: «...Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар...», дея марҳамат қилади. Одамларга яхшилик илиниб фараҳманд бўладиган кишилар ҳақиқий бахтиёр инсонлардир. Бадбахтлар эса фақат ўз манфаатларини кўзлайдилар. Охир-оқибатда ҳеч қандай савобга эришмайдилар.

Қалбингизни муҳаббат, бағрикенглик, ғамхўрлик каби туйғулар билан тўлдириш учун ҳаракат қилинг. Ҳеч шак йўқки, бадбахтларнинг қалблари ҳасад, ғазаб ва нифоқ ила лиммо-лим бўлади.

Ўтган ишларга қайғурманг! Нохушликларга кўз ёш тўкиш фойда бермайди. Бировларнинг мусибатларидан куладиганлар эса ўзларига жабр қиладилар. Кўзадаги тўкилган сутга айюҳаннос солгандан кўра, унинг ўрнини қоплаш пайида бўлинг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу муборак сўзларини доимо ёдда тутинг: “Сенга бирор иш содир бўлса, “агар бундай қилганимда, мана бундай бўларди-да” дея кўрма, фақатгина “Аллоҳ тақдир қилган экан, Ўзи хоҳлагани бўлди” деб
айтгин. “Агарда” шайтонга йўл очиб беради”[1].

Нафсингизни яхши гумон қилишга ўргатинг! Зеро, яхши гумонда бўладиганлар тунда осмонга тикилиб, ойнинг назокатини ҳам кўра оладилар. Бадгумонлар эса самога ташлаган назари ортида зулматдан бошқа нарсани кўра олмайдилар. Бошқаларни ўзидан кўра яхшироқ деб ўйлайдиганлардан бўлинг. Яхшиликка йўювчилар бошқаларнинг муҳаббатига сазовор бўладилар. Бадгумонлар эса ўз атрофидагиларни гўё қувиб-соладилар.

Ҳалиймий  айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши гумонни хуш кўрардилар. Чунки  бадгумонлик Аллоҳ таоло хусусидаги ёмон ўйловдир. Некгумонда бўлиш эса Аллоҳ таоло хусусидаги яхши ўйдир. Мўмин ҳамма ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло хусусида яхши гумонда бўлишга маъмурдир”.

Бошқа бир ҳадисда Муовия ибн Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: “Ё Аллоҳнинг Расули, бизнинг орамизда шумланадиганлар бор”, дедим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У кўнгилларига келган нарса холос. Бу нарса уларни (бирон иш қилишдан) тўсмасин”, дедилар».

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1] Имом Муслим ривояти.