Муборак Ҳаж сафаридан олдин ватандошларимизнинг юртимизнинг муқаддас қадамжоларига ва зиёратгоҳларига ташриф буюриши анъанага айланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда яхши анъанани давом эттириш мақсадида Ҳаж-2019 Тошкент вилояти бу йилги тараддудда бўлиб турган ҳожилардан 3 та гуруҳи зиёратчиларининг қадимий ва гўзал Самарқанд вилоятига саёҳатини ташкил қилдилар.
100 нафарга яқин юртдошларимиз Имом ал- Бухорий, Гўри Амир, Ҳазрати Ҳизр ва Шоҳи Зинда мажмуаларига ташриф буюриб, зиёрат қилдилар. Зиёратчиларга мажмуа ва маданий ёдгорликларимизнинг тарихи, буюк бобокалонларимиз қолдирган бой илмий мерос ҳақида маълумотлар берилиши билан биргаликда, зиёрат одобларига доир билимлар ҳам тақдим этилди.
Асори атиқалар, тарихий обидалар, буюк аждодларимиз ётган ва гўзал мажмуага айлантирилган масканлар зиёратчиларда жуда катта таассуротлар қолдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати