Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июл, 2025   |   7 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
02 Июл, 2025, 7 Муҳаррам, 1447

ХОРИЖЛИК АБИТУРИЕНТЛАР УЧУН ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚАРО ИСЛОМ АКАДЕМИЯСИГА ҚАБУЛ БОШЛАНДИ

16.07.2019   3817   1 min.
ХОРИЖЛИК АБИТУРИЕНТЛАР УЧУН  ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚАРО ИСЛОМ АКАДЕМИЯСИГА  ҚАБУЛ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси 2019-2020 ўқув йили учун чет эл фуқароларини бакалавриатда ўқиш учун 15 июнь кунидан қабул очилганини эълон қилади. 

Хорижлик абитуриентлар академияга кириш имтиҳонларидан озод этилади ва суҳбат асосида қабул қилинади. Талабалар истакларига кўра, ўзбек ва рус тилида ўқишлари мумкин. Уларга диний ва дунёвий фанлардан ўз соҳасининг етук профессор-ўқитувчилари дарс беради.  

Академияда қуйидаги йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича таҳсил олиш мумкин:

Бакалавриат таълим йўналишлари (4 йил):

  • Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мусулмон мамлкатлари);
  • Халқаро муносабатлар;
  • Исломшунослик (қуръоншунослик, ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқи, ақида ва тасаввуф, ислом тарихи ва манбашунослиги);
  • Диншунослик;
  • Психология (Дин социопсихологияси);
  • Филология ва тилларни ўқитиш (араб тили);
  • Туризм (зиёрат туризми).

Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Россия Федерацияси, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаси фуқаролари таҳсил олмоқда. 2019 йилдан бошлаб, Россия мусулмонлари диний кенгаши муфтийси Албир Крганов докторантурага қабул қилинди.

Бу йилги қабул жараёнида чет эл фуқароларига қулайлик яратиш мақсадида ҳужжатларни электрон тарзда international@iiau.uz ва +998907888745 (Telegram ва WhatsApp) рақами орқали қабул қилиш йўлга қўйилди. Шунингдек, хорижий талабалар учун ўқиш шартномаси суммасининг ўзларига мақбул шаклини танлаш имконияти яратилган.

Ўқишга қабул қилинган хориж фуқароларининг виза олиши ва яшаши билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш академиянинг Халқаро ҳамкорлик бўлими мутахассислари ёрдамида амалга оширилади.

Мурожаат учун:

international@iiau.uz

+998907888745

+998935510593 (инглиз тилида мурожаат учун)

+998712449593

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бахтли инсоннинг 4 белгиси

02.07.2025   507   3 min.
Бахтли инсоннинг 4 белгиси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир куни Фатҳ ибн Хоқон халифа Мутаваккилнинг ҳузурига кирди. Халифа жим ўтарар ва бир нарса ҳақида чуқур ўйларди. Фатҳ бу жимликни бузиб: “Нималар ҳақида ўйлаяпсиз, эй мўминлар амири?” – дея сўради. Халифа: “Мен ер юзида турмуши энг фаровон киши ким экан?” деб ўйлаётган эдим”, деди. Фатҳ бўлса: “Дунёда энг фаравон ҳаёт кечираётган киши сиз-да! Аллоҳга қасамки, у – сизсиз!” – деди. Халифа: “Йўқ! Мен эмас. Кенг ҳовлиси, солиҳа аёли, қобил фарзандлари ва етарли ризқи бўлган киши – ҳаёти энг фаравон одамдир”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Тўрт нарса бахтнинг белгисидир: солиҳа аёл, кенг турар-жой, солиҳ қўшни, яхши улов. Тўрт нарса эса бадбахтлик белгисидир – ёмон хотин, ёмон қўшни, чатоқ улов, тор хонадон”, деганлар.

Баъзилар бахтни машҳурликда, молу давлатга эга бўлишда деб биладилар. Бу дунёда Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ҳис қиладиган саодат таъмини тотиш бахтига мушарраф бўлмаган ҳолда яшаб ўтадилар.

Орифлардан бири: “Подшоҳлар бизда қандайин бахт борлигини билганларида эди, унга етишиш учун бизга қарши қилич кўтариб жанг қилишарди”, дейди.

Ғалаба билан саодат орасида катта фарқ бор. Ғалаба бу – ўзингиз истаб турганнинг устидан зафар қозониш бўлса, ненинг устидан ғолиб бўлсангиз, у сизнинг хоҳишингизга мансуб бўлмоғи чин саодатдир.

Оскар Уайльд[1]нинг шундай гапи бор: “Бахт фақатгина унга бир нечта кишилар билан бирга етишсанг ҳақиқий бўлади. Оғриқ, азоб ҳам фақатгина бир ўзингнинг бошинг­га тушса аламли бўлади. Саодат – бошқа кишиларни бахтли қилишдир”. 

 Олмон физиги Макс Планк: “Саодатни муҳофаза қилиш учун уни бошқалар билан бўлишишинг керак”, деган.

 Ғарб мутафаккирларидан яна бири: “Тажрибамдан ўтган нарса шуки, энг буюк бахт – яхшиликни яширинча қилганимдан кейин кутилмаганда бу яхшилигим одамлар қулоғига етиб боришини кўришим”, деган эди.

 Инглиз ёзувчиси Уильям Сомерсет Моэм[2]: “Биз улға­йиб борарканмиз саодат – олишда деб ўйлардик, кейинчалик билдикки, бахт – беришда экан”, дейди.

 Бахт – бошқаларга тортиқ қилиш ва яхши ишларни амалга оширишда мужассам. Бахт бировдан нарса олиш ва ўзганинг қўлига қарашда эмас.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Тўлиқ исми: Оскар Фингал О’Флаэрти Уиллс Уайльд. 1854 йилда Дублин шаҳрида туғилган. Шоир, драматург, сценарист. 1900 йил 30 ноябрда 46 ёшида  Парижда вафот этган.
[2]  1874 йил 25 январда Францияда туғилган. 1965 йил16 декабрда  Ницца шаҳрида вафот этган. 1897 йилда чоп этилган  “Ламбетлик  Лиза” романи билан машҳур бўлган.

 

Мақолалар