Жорий йилнинг 10 июль куни Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйилди. Маросимда Зафаробод тумани ҳокими И.Қаршибоев, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов ва бошқалар иштирок этишди.
“Масжидимиз биноси 2000 йили қурилган бўлсада, бироқ бугунги кунга келиб хонақоҳ ва таҳоратхона тагидан емирилиб, авария ҳолатига келиб қолган эди. Сабаби бу ерларда шўрланиш кучли. Янги қуриладиган масжидда албатта ана шу шароитлар ҳисобга олинган ҳолда зарурий чора-тадбирлар кўрилади”, дейди масжид имом-хатиби Фахриддин Расулов.
Янги масжид сиғими 250 кишига мўлжалланган бўлиб, шу йилнинг якунига қадар битказилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари халқ ҳашари ва маҳаллий тадбиркорлар кўмагида амалга оширилади.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда Жиззах вилоятида “Боймоқли”, “Қоратепа” (Зомин т.), “Янгиқишлоқ” (Дўстлик т.), “Янгиқишлоқ-2” (Фориш т.) “Жиззахлик” (Ш.Рашидов т.) масжидлари қулай шароитларга мувофиқ ҳолда янгидан қурилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида "Хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришнинг долзарб масалалари" мавзусида малака ошириш ўқув курслари бошланди.
Мазкур ўқувлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Давлат бошқаруви академияси ҳамда Дин ишлари бойича қўмита ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Семинарда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Қўмита раисининг ўринбосари Матлуба Қаҳҳорова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси маслаҳатчиси Дилбар Ғуломова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси биринчи проректори Илёс Мирзиётов ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари иштирок этди.
Мазкур ўқув машғулотларини ташкил этишдан мақсад Қўмита фаолиятини ривожлантириш, тизимда ишни тўғри ва самарали ташкил этиш, жойларда хотин-қизлар соҳасидаги муаммоларни ечиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан тайинланган масъул ходимларнинг кўникма ва малакаларини ошириш мақсади кўзланган.
Сўзга чиққанлар томонидан хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайгани, бу эса жамиятимиз ривожига ижобий таъсир кўрсата бошлагани, бундан буён ҳам мазкур жараён изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Шунингдек, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Эслатиб ўтамиз, малака ошириш ўқув курслари 27 январгача давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати