Шу кунларда об-ҳавонинг кескин кўтарилиб кетиши оқибатида кўпчилик ўзини соя-салқин жойларга, сув ҳавзалари бўйига, тоғ олди дам олиш масканларига уряпти.
Маълумки, зилзила, сув тошқинлари, қаттиқ шамол эсиши, кучли ёмғир, қор ва дўл кабиларнинг ёғиши, момақалдироқ гумбурлаши ва чақмоқ чақиши Аллоҳ таолонинг қудратига, азаматига далолат қилувчи Унинг аскарларидандир.
Жазирама иссиқ ҳаво ҳам Унинг қудратига далолат қилувчи аскарлардан биридир. Жазирама иссиқ ҳақида ҳадиси шарифларда ҳам зикр қилинган.
حَدَّثَنَا عَلِيُّ بْنُ عَبْدِ اللهِ قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ قَالَ: حَفِظْنَاهُ مِنَ الزُّهْرِيِّ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «إِذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ فَأَبْرِدُوا بِالصَّلَاةِ، فَإِنَّ شِدَّةَ الْحَرِّ مِنْ فَيْحِ جَهَنَّمَ».
وَاشْتَكَتِ النَّارُ إِلَى رَبِّهَا فَقَالَتْ: يَا رَبِّ، أَكَلَ بَعْضِي بَعْضًا. فَأَذِنَ لَهَا بِنَفَسَيْنِ نَفَسٍ فِي الشِّتَاءِ، وَنَفَسٍ فِي الصَّيْفِ، فَهُوَ أَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الْحَرِّ، وَأَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الزَّمْهَرِيرِ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иссиқ кучайганда намозни салқинлатиб ўқинглар, чунки иссиқнинг шиддати жаҳаннам тафтидандир», дедилар».
(У зот:) «Дўзах Роббига шикоят қилиб: «Роббим, ич-этимни еб юбордим», деди. Шунда У Зот дўзахга икки нафасга изн берди: қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг қаттиқ иссиқ ва энг қаттиқ совуқ ана ўшандандир», дедилар» (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
Ушбу ҳадиси шарифда ҳавонинг ўта иссиқлиги жаҳаннам тафтидан эканини очиқ баён этиляпти. Шу кунларда иссиқ ҳавода юрар эканмиз, жаҳаннам тафти ҳақида тафаккур қилиб, ўзимизни ўнглайлик!
Жаҳаннамнинг бир марта нафас олиши шунчалик жазирама иссиққа сабаб бўлса, унинг ўзининг ҳарорати қандай экан?! Аллоҳ таоло бизни жаҳаннамдан асрасин!
Бу дунёнинг иссиғидан соя-салқин жойларга қочиб қутулармиз, аммо охиратдаги иссиқдан қаерга қочамиз?!
Шу кунларда “Аллоҳумма ажирний мин ҳарри жаҳаннам” дуосини кўпроқ ўқийлик!
Маъноси: “Эй Аллоҳ, мени жаҳаннам оташидан асрагин!”
Аллоҳ таоло барчамизни дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли бандаларидан айлаб, жаҳаннам азобидан асрасин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил балиғо” китобларининг “Рўза ҳукмлари” бобида бир ҳадисни келтирадилар:
"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар сизлардан бирортангиз оғиз очадиган бўлса, хурмо билан оғиз очсин. Албатта у баракадир. Агар уни топа олмаса, сув билан ифторлик қилсин. Чунки у покловчидир” (Аҳмад, Доримий ривояти).
Айтаманки, инсоннинг табиати ширинликни ёқтиради, айниқса очликдан сўнг. Жигар ҳам ширинликни хушлайди. Арабларнинг ҳам табиати хурмога моил. Хурмо муносиб вақтда тановул қилингани учун, барака олиб келади" (иқтибос тугади).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ҳар бир ишларида ҳикмат ва фойда мужассамдир. Ушбу ифторликда хурмо тановул қилиш ҳадиси ҳам жуда кўплаб фойдани ўз ичига олади. Айниқса, тиббий жиҳатдан!
- Оғиз очиш пайтида қорин очқаб, бадан кўп таом истаб турган ҳолатда хурмо биринчи бўлиб ошқозонга етиб борса, мияга тўқлик ҳиссини жўнатади. Натижада ҳолсизланиб турган ошқозонга енгил ва тез ҳазм бўлувчи мева жойлашади.
- Витамин А, B-1,2,3,5,6,9, C, D, K, Калций, темир, фосфор, руҳ, натрий ва марганец сингари комплекс элементларни ўзида мужассам қилган.
- Хурмодаги калий миқдорининг юқорилиги боис асаб тизими ўзига келади.
- Очликнинг сўнгги соатларида қонда қанд миқдори кўтарилади. Натижада ҳолсизлик, дангасалик, диққатни жамлай олмаслик каби ҳолатлар авж олади. Хурмо эса қондаги қанд миқдорини пасайтиради.
- Чексиз қувват манбаи бўлиб, кун давомидаги чарчоқдан фориғ этади.
- Таркибида кўплаб фойдали элементлар ва витаминлар сабаб, саратон касаллигини бартараф этади.
- Жигар фаолиятини яхшилайди.
- Ўзи шира, глюкоза ва сахарозага бой бўлсада, қанд миқдорини кўтармайди. Аксинча, туширади. Бир кунда тўрт донадан истеъмол қилиш тасвсия қилинади. Ортиқчаси кўплик қилади.
- Ўпка ишлашини яхшилайди.
- Анемия ва гипертонияда жуда фойдали.
- Иммунитетни кўтаради.
- Юрак фаолиятини ривожлантиради.
- Юздаги нерв толалари шол бўлишидан сақлайди.
- 1 донаси тахминан 23 калорияга эга.
- Озишни истаганлар ширинлик сифатида тановул қилсалар бўлади.
- Кислота балансини ушлаб туради.
- Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга энг яхши озуқа манбаи ҳисобланади.
- Стресс ва тарангликни камайтиради.
Шу ва шунга ўхшаш фойдали жиҳатларни ўзида мужассам этган хурмо меваси ёшу қарига бирдай мос келади. Фақат уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур.
Ифторлик ва саҳарлик дастурхонингиздан тотли хурмо меваси аримасин!
Н.Саидакбарова
тайёрлади