Илм Аллоҳ розилиги учун ўрганилади, олим дейилиш учун эмас!
Қуръон Аллоҳ розилиги учун ёдланади, қори дейилиш учун эмас!
Намоз Аллоҳ розилиги учун ўқилади, намозхон дейилиш, одамларнинг ишончига кириш учун эмас!
Рўза Аллоҳ розилиги учун тутилади, рўзадор дейишлари учун эмас!
Закот Аллоҳ розилиги учун берилади, бой, пулдор деб аталиш учун эмас!
Ҳаж Аллоҳ розилиги учун қилинади, ҳожи ака деб чақиришлари учун эмас!
Эҳсон, садақа Аллоҳ розилиги учун берилади, сахий, қўли очиқ дейишлари учун эмас!
Машина Аллоҳ розилигини топишга сабаб бўладиган ишларга миниш учун олинади, одамларга мақтаниш, кўз-кўз қилиш учун эмас!
Янги либос Аллоҳ танани беркитишга буюргани учун олиб кийилади, мода ёки фалон бренддан кийинар экан дейишлари учун эмас!
Ота-онага Аллоҳ розилиги учун, Унинг амрига итоат қилиб яхшилик қилинади, ҳовли-жой, машина ва бошқа матоҳларни ҳадя қилишлари учун эмас!
Тўй икки ёшнинг иффатини сақлаш, суннатга амал қилиш ва умматнинг сонини кўпайтириш учун қилинади, ноёб таомлар қўйиб одамларга мақтаниш, исроф, дабдаба учун эмас!
Сўзимизни ушбу оятлар билан якунлаймиз:
قُلْ إِنَّ صَلاَتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَبِذَلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَاْ أَوَّلُ الْمُسْلِمِينَ
“Сен: “Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман... деб айт” (Бу оят мусулмон одам бутунлай Аллоҳига ажралиб чиқиши лозимлигини кўрсатади. У намозни фақат Аллоҳ учун ўқийди. Бошқа зот учун ёки бадантарбия, ахлоқий машқ, ота-онасини хурсанд қилиш учун эмас. У ибодатларини фақат Аллоҳ учун адо этади. Ҳаж қилса, рўза тутса, закот берса, Аллоҳ учун қилади. Бировнинг гапи, мақтови ёки эҳтироми учун қилмайди.) (Анъом сураси, 162, 163-оят).
Мақолани Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Эр-хотин узоқ вақт бирга ҳаёт кечиришди. Турмушларига 30 йил тўлган куни аёл эрталабки нонушта учун нон пиширди. Аслида у бу ишини ҳар доим қиларди. Аёл одатига кўра эрига ноннинг тепа қисмини бермоқчи бўлди. Бироз ўйланиб турди-да: “Бугун бир марта ноннинг тепа қисмини ўзимга олиб, таг қисмини эримга бераман. 30 йил мобайнида ноннинг тепа қисмини егим келди. Энди бир марта одатга хилоф қилсам бўлар”, деб ўйлади. Эрига ноннинг таг қисмини узатди. Эрининг ноннинг таг қисмини олиши билан қувониб кетди: “Бугун қандай ҳам зўр совға бердинг. Мен ўзи ёшлигимдан ноннинг тагини ейишни яхши кўраман. Лекин менга устини берганинг учун сен ҳам таг қисмини яхши кўрсанг керак, деб доим тепа қисмини ердим”, деди.
Хулоса шуки, биргаликдаги ҳаёт давомида бир-бирини авайлаш, ўзи яхши кўрган нарсани бошқага ҳам илиниш жуда гўзал фазилатдир.
Рамазон ойида саҳарлик ва ифторлик пайтлари ширин таомлар тайёрлаб бераётган оналаримиз, жуфти ҳалолларимизнинг ҳақларига дуо қилайлик. Таровиҳлар, хатмлар сўнгида ўзимизга тилаган тилакларни уларга ҳам илинайлик! Зеро, ўзига раво кўрганини бошқага ҳам раво кўрмагунча иймонимиз комил бўлмаслиги ҳақида ҳадиси шариф бор.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмайди”, дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Акбаршоҳ Расулов