Куни кеча 9 июль куни Ҳадис илми мактабига 2019-2020 ўқув йили учун “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” ва “Араб тили” фанларидан ижодий имтиҳон бўлиб ўтди. Имтиҳон олиш учун Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институтидан жами 12 нафар етакчи профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Ижодий имтиҳонларда 53 нафар абитуриент иштирок этмоқда.
Ижодий имтиҳон синовлари жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Диний идора таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов кузатувчи сифатида иштирок этдилар ҳамда имтиҳонлар холис, шаффоф ва адолатли ўтишини назорат қилдилар.
Бугун, 10 июль куни Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи куни, “Ўзбекистон тарихи” фанидан тест синовлари соат 8:30 да бошланди. Тест синовларида 51 нафар абитуриент қатнашди.
Тест синовлари ҳужжатлари солиб муҳрланган махсус қоп абитуриентлар ҳамда кузатувчилар гувоҳлигида очилди. Абитуриентларга имтиҳон ҳайъати аъзолари томонидан тест синов варақаларини тўлдириш қоидаларини тушунтирилди.
Шунингдек, имтиҳон ва тест синовларига Пайариқ тумани Ички ишлар бўлими ходимлари ва Пайариқ тумани Тез тиббий ёрдам ходимлари жалб қилиниб, зарур бўлган ҳолатда абитуриентларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди.
Тест синови жараёнларининг адолатли, шаффоф ва холис ўтиши тўлиқ таъминланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
8 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Мулоқотда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, айниқса, ҳаж ва умра ибодатларини уюштириш ишлари янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, “Ҳаж – 2025” мавсуми ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтгани, мутасаддилар саъй-ҳаракати билан ҳожиларга юқори даражада шароит ва имкониятлар ҳозирлангани, ўзбекистонлик зиёратчилар тартиб-интизоми, одоб-ахлоқи билан барчага намуна бўлиб, рисолагидек тоату ибодат қилганлари эътироф этилди.
Учрашувда томонлар келгусида ҳам диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ҳаж ва Умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириб бориш каби масалаларни муҳокама қилишди. Шунингдек, ҳамкорликда ўтказиладиган маърифий тадбирлар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати