Агар Аллоҳ таоло кислород ва водород атомларини ёғдириб, ўзинглар сув қилиб олинглар деса, нима қила олардик?!
Қайси лаборатория у атомларни сувга айлантиришни эплай оларди?!
Бу ишга қанча маблағ сарф бўлиб кетарди?!
Аллоҳнинг бизга раҳмати туфайли ичадиган сувимиз ёмғир-қор кўринишида тайёр сув бўлиб ёғади. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَهُوَ الَّذِي يُنَزِّلُ الْغَيْثَ مِن بَعْدِ مَا قَنَطُوا وَيَنشُرُ رَحْمَتَهُ وَهُوَ الْوَلِيُّ الْحَمِيدُ
“У зот (одамлар) ноумид бўлганларидан кейин ёмғирни нозил қилур ва Ўз раҳматини таратур. У валий ва мақталган зотдир” (Шуро сураси, 28-оят).
Маълумки, ёмғир жуда катта тезликда ерга тушади. Аслида, бундай тезликда тушган нарса баландлик, эркин тушиш тезлиги ҳамда ернинг тортишиш кучи натижасида улкан кучга айланиб, бошимизни мажақлаб, ҳалокатимизга сабаб бўлиши керак эди. Лекин ундоқ бўлмай, катта тезликда тушаётган ёмғир томчилари юзимизга майин урилади. Бу ҳам Раҳмоннинг марҳамати, меҳрибонлигидир.
Нозимжон Ҳошимжон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Камтарлик либосининг қиёси йўқ, уни ҳеч нарсага таққослаб бўлмайди. Аллоҳга дуо қилишнинг энг самарали йўли бу – камтарликдир. Имом Аҳмад Рифоий ўзининг китобларидан бирида бундай дейдилар: “Аллоҳга олиб борадиган йўл иккита қадамдан иборатдир. Биринчи қадамда, оёқингизни бўйнингизга қўясиз, иккинчисида эса, Аллоҳ таолога тўғридан-тўғри мурожаат қиласиз. Бўйингга оёқни қўйиш нима дегани? Яъни бу камтар бўлишни англатади. Камтарлик одамлар учун эмас, балки Аллоҳ азза ва жалла учундир.
Яна бошқа олимлардан бири, ҳозир исмлари эсимда йўқ, айтадилар: Аллоҳ таолога олиб борадиган йўлларни кўрдим. Уларнинг аксарияти тирбанд экан. Камтарлик йўлига назар солдим, унинг бўш, очиқ ва қисқа эканини кўрдим. Нима учун?
Агар сиз амалларингиз билан мағрурланиш йўлидан ўтмоқчи бўлсангиз, қанчадан-қанча одамлар ўзларининг амаллари билан мағрурланишининг гувоҳи бўласиз.
Агар сиз Аллоҳ ризолиги учун курашиш, жанг қилиш йўлидан ўтсангиз, ўзингиздан фахрланишни сезасиз. Албатта ҳар бир инсон бундан фахрланиши мумкин. Бундай қиладиганлар кўп.
Агар сиз Аллоҳ розилиги учун мол-дунё, маблағ сарфлаш, эхсон, хайрия қилиш йўлидан ўтмоқчи бўлсангиз. Ё Аллоҳим мен фалон нарсаларни берганман, камбағалларга миллион пул сарфладим дейишингиз мумкин. Бунда ҳам нафс ўзини-ўзи мағрур ҳис қилади ва бундай қиладиганлар ҳам кўп.
Аммо камтарлик йўли билан Аллоҳнинг розилигини излайдиган киши ўзини ожиз ва кучсиз ҳис қилади. Аллоҳнинг ҳақларини, ибодатларини бажаришда ўзининг нуқсон, камчиликларини кўради. Бу ажойиб туйғу, ажойиб. Бу туйғуни ким сезиши мумкин? Қалби кирлардан холи бўлганлар. Улар ўзини ҳеч нарсага, ҳеч нарсага қодир эмасликларини англайдилар. Аммо Аллоҳ таоло улар учун ҳамма нарсани пайдо қилади.
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий
раҳимаҳуллоҳ маърузаларидан Даврон Нурмуҳаммад таржимаси