2019 йил 5 июл, муборак жума куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғида янги “Шайх Шамсиддин” номидаги масжиди очилди. Қишлоқ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода. Авваллари масжид учун 12 км узоқликдаги туман марказига боришига тўғри келар, маросимлар, тўй-маъракаларда қийинчиликка дуч келинар эди. Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ўз масжидлари, имом-хатиблари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ҳудуд аҳолисини янги рўйхатдан ўтган масжид билан муборакбод этдилар. Муфтий ҳазратларининг эзгу тилаклари, дуои хайрларини етказдилар.
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти аввало инсонларни рози қилиш, уларнинг оғирини енгил қилишдир. Аслида XX аср бошларида қурилган, бироқ ўтган давр мобайнида турли сабаблар билан ёпиб қўйилган ушбу масжидни очиш учун бир қанча жонкуяр ихлос эгалари кўп тер тўкдилар. Барча зарурий ҳужжатларни тайёрладилар. Масжид биноси ҳашар йўли билан қайта таъмирланиб, янги таҳоратхона қурилди. Сўнгги йилларда диний-маърифий сохада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасининг яна бир исботи ўлароқ масжид очилиб, қишлоқ аҳли, айниқса, нуроний кексаларнинг шодлигига сабаб бўлмоқда. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади.
Иброҳим домла Иномов масжидда биринчи жума намозини адо этиб бердилар. Аллоҳнинг байтида тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати Қиёмат қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган пок ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилдилар.
Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2060 тага етди. Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи”, Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий” номидаги янги масжидлар очилгани эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Cавол: Тил ва лабни ишлатмасдан Қуръони каримни ўқиб чиқса, хатм қилган ҳисобланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони каримни хатм қилган бўлиши учун ҳарфларни тил билан талаффуз қилиб, камида ўзи эшитадиган даражада ўқиган бўлиши керак. Чунки нутққа тегишли ҳукмларда энг камида ўзи эшитиши шартдир. Шунга кўра бирор шахс сажда оятини ичида, ўзи эшитмайдиган даражада ўқиса, тиловат саждасини қилиши вожиб бўлмайди. “Шарҳул виқоя” ва унинг шарҳи “Умдатур ривоя” китобида қуйидагилар айтилган:
وأَدْنَى المخافتةِ إسماعُ نفسِه، هو الصَّحيح وهذا قول أبي جعفر الهندواني - رضي الله عنه - إذ مجرد حركة اللسان لا تسمى قراءة بدون صوت عنده،
“Махфийликнинг энг ками ўзига эшиттиришдир. Саҳиҳ гап ҳам шу. Бу Абу Жаъфар Ҳиндувоний розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Чунки тилнинг ўзини овоз чиқармасдан қимирлатиш бу кишининг наздида қироат ҳисобланмайди”.
Гапира олмайдиган одамлар, агар тилини қимирлата олса, шундай ўқийди. Буни ҳам қила олмаса, кўзнинг ўзи билан, қалби билан ўқийди. Фақиҳларимиз соқов инсоннинг намози, такбир айтиши, қироат қилишини баён қила туриб, уларнинг тил билан такбири таҳрима айтиши шарт эмас дейишган. Шунга кўра гапира олмайдиган кимсалар Қуръони каримни кўзи билан ўқиб, хатм қилаверадилар.
ولا يلزم العاجز عن النطق بها كالأخرس تحريك لسانه وكذا في حق القراءة هو الصحيح لتعذر الواجب
“Соқов каби гапира олмайдиган одамнинг тилини қимирлатиши вожиб эмас. Қироат қилишидаги ҳукм ҳам мана шу ва бу гап саҳиҳдир. Чунки у вожиб бўлган амални қила олмайди”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.