Оиланинг тинч ва барқарорлиги, турли иллатлардан саломатлиги ҳар бир инсоннинг бахти учун муҳим саналади. Бу умматни солиҳ мўмин шахс билан қўллаб-қувватлаш деган буюк орзудир.
Кўпчилик инсонлар оила саломатлиги ва барқарорлигига боғлиқ бир неча ишлардан бехабардир. Шу боис ушбу ишларни очиқ, аниқлик билан ўрганиш зарур. Ана шу ишлардан бири эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликдир. Кўп вақтларда ота-оналар ёш фарзандларини тушунмайди, деган хаёл билан ўрталарида бўладиган можороларни уларнинг кўз ўнгида амалга оширади. Бу жуда катта хато саналади. Бола ҳали тили чиқмаган бўлса-да, лекин айтилаётган кўп сўзларни англайди ва буларни қалбининг тўрида сақлаб юради. Шунинг учун фарзандлар уларнинг ёшидан қатъий назар ота-оналар ўртасидаги можоролардан бирортасини ҳам билмаслиги, кўрмаслиги керак.
Дарҳақиқат, турмуш ҳаёти ҳар қандай муваффаққиятли ва саодатли бўлса ҳам, унда турли келишмовчиликлар бўлиб туриши аниқ нарса. Чунки ақл ва тушунчалар турлича, фел-атворлар ҳам бир хил эмас. Қандай бўлса ҳам муоммо тезда ҳал қилиниши лозим. Агар келишмовчилик сабабларини мунозара қилиш керак бўлса, фарзандлардан йироқда, тинчлик билан муҳокама қилиниши муҳим саналади. Бу нарса жуда кўп фойдаларни олиб келади. Шулардан қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин:
– Болалар руҳиятини саломатлиги ва беғубор болалигини сақлаш;
– Ота-онаси учун болалар қалбида яхши таассурот қолдириш ва уларга бўлган муҳаббатнинг давомийлиги;
– Муоммони ўзаро розилик йўлида ечимга олиб бориш ва тез ҳал этишга ёрдамлашиш. Чунки улардан ҳар бири ўрталаридаги келишмовчиликни бирор киши билишини истамаса, бу мавзуни сир тутишга ва биров эшитиб қолмаслиги учун овозларини пасайтиришга шошилишади. Мана шу иш тинчлик билан ҳал этишга ўзаро ёрдамлашиш саналади.
Ота-оналар ушбу ҳақиқатни ҳали фарзанд кўриш вақти келмасидан аввалроқ англашлари ўта муҳим саналади. Яъни ёш келин-куёвлик пайтида ҳис этишлари зарур. Аммо ким ўз аёли билан бўладиган келишмовчилигини фарзандлари олдида бақир-чақир қилиб ҳаммага эълон қиладиган киши бунинг оқибати ёмон эканини олдингилардан дарс олсин. Шу орқали қолган турмуш ҳаётининг услубини ўзгартириб, ўзи, аёли ва фарзандлари ҳаққида Аллоҳдан қўрқсин. Чунки бундай бақир-чақирлик, аввало, ўзининг асабини қурбон қилади, сўнгра аёлига зулм қилган ва фарзандлари миясини заҳарлаган бўлади.
Албатта, биз ушбу ҳақиқатга зид иш қиладиган бўлсак, ўз асаб ва жисмимизга азият бериб, уни еб битирамиз, фарзандларимиз руҳиятини синдирамиз, турмуш ҳаётимизни ўта чигаллаштириб юборамиз.
Баъзан аёл катта хато қилиб қўяди, лекин эрнинг унга қараб қаттиқ бақириши ва фарзандлари олдида унга қаттиқ танбеҳ бериб, койиши эрнинг маслаҳатидан эмас. Ҳудди шу иш аёлга ҳам тегишли, у ҳам эрига бақириши ёки фарзандлари олдида жанжал бошлаши унинг солиҳалигидан бўлмайди. Аллоҳнинг инсонда яратган суннатларидан бири уни мойил бўлувчи қилиб яратганидир. Мазлум бўлиб кўринган кишига нисбатан инсонда раҳмдиллик мойиллиги пайдо бўлади. Фарзандлар ҳам ота-онасидан мазлум деб ўйлагани тарафига ён босиш ҳисси пайдо бўлади. Ота бақираётган бўлса, онага, она бақирса, отага мойил бўлади. Қалбида золим бўлиб кўринганига нисбатан ғазаб, мазлум бўлиб кўринганига эса шафқат, меҳр сақлаб боради. Бу эса яхшилик аломати эмас, балки бу оила фаровонлигига зарар берувчи хатарли омилдир.
Юқорида айтилган нарсалар ҳаётдаги ҳамма кўриб билиб турган ва аниқ бўлган ишлардир. Агар эр-хотин бир-бирига танбеҳ бериш ва койишни истаса, бу иш хилватда, болалар қулоғига ҳеч қандай нарса етиб бормайдиган жойда бўлсин. Эр-хотиндан бири бошқасининг ҳиссиётини риоясини қилса, уни фарзандлари олдида уни койимасин, унга танбеҳ бермасин. Тинчлик ва сокинлик билан ҳал қилсин. Муоммолар қаршисида эр-хотинлар ўзларига қуйидаги асосларни белгилаб олишлари фойдадан ҳоли бўлмайди:
– Улардан ҳар бири бошқасининг инжиқлигини кўтариши;
– Бир-бирига тенгма-тенг асабийлашиб, қизишмаслиги;
– Хато содир қилгани ўз хатосини эътироф етиши ва ўзини катта олмаслиги;
– Ўрталаридаги келишмовчилик кўп давом этмаслик. Бири-биридан бир кеча кундуздан ортиқ аразлашиб юриш мумкин эмаслиги;
– Ҳадеб бир масалада бошқасини итоб қилавермаслик (камдан-кам бўлиб туриши бошқа нарса);
– Улардан бири келишмовчиликни ҳал этиб бериши учун бошқа шахсни аралаштирмаслик, на ўз аҳли ва на дўсти ва отасини ҳеч кимни қўшмаслик лозим.
Юқоридаги ҳолатлар эр-хотин келишмовчиликларида фойдали таъсири бўлиши мумкин, айниқса, уларни бирга яшашга рағбатлари мавжуд бўлса, албатта.
Хулоса ўрнида машҳур ҳадиси шарифни эслаб ўтамиз. Расули акрам ﷺ бундай деганлар: “Ғазабланма”. Яъни ғазабланишдан сақлан, барча муоммолар шу орқали юзага келади. Бошқа ҳадиси шарифда эса: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин”, деганлар. Гапирса фақат яхши гапларни сўзласин, бунга имкони бўлмаса, жим турсин, ана шу ишлар саодат калитидир, демоқчилар. Бошқа ўринда эса: “Бир мўмин эр мўмина хотинни тарк этмасин. Агар ундан бирор хулқи ёқмаса, бошқа хулқ-атвори уни рози қилар”, деганлар. Яъни эр-хотинлар ўртасидаги муоммоларда эр аёлини дарров тарк этиб кетмасин, унга ёқмаган нарсасидан бошқа бир яхши иши, хулқи ёқар, ана шу яхши хулқига қараб у билан яшайверсин. Зеро, банда камчиликдан ҳоли эмасдир.
Саид-Муҳаммадхон Муҳибуллаев,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасаси
Бир куни Фатҳ ибн Хоқон халифа Мутаваккилнинг ҳузурига кирди. Халифа жим ўтарар ва бир нарса ҳақида чуқур ўйларди. Фатҳ бу жимликни бузиб: “Нималар ҳақида ўйлаяпсиз, эй мўминлар амири?” – дея сўради. Халифа: “Мен ер юзида турмуши энг фаровон киши ким экан?” деб ўйлаётган эдим”, деди. Фатҳ бўлса: “Дунёда энг фаравон ҳаёт кечираётган киши сиз-да! Аллоҳга қасамки, у – сизсиз!” – деди. Халифа: “Йўқ! Мен эмас. Кенг ҳовлиси, солиҳа аёли, қобил фарзандлари ва етарли ризқи бўлган киши – ҳаёти энг фаравон одамдир”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Тўрт нарса бахтнинг белгисидир: солиҳа аёл, кенг турар-жой, солиҳ қўшни, яхши улов. Тўрт нарса эса бадбахтлик белгисидир – ёмон хотин, ёмон қўшни, чатоқ улов, тор хонадон”, деганлар.
Баъзилар бахтни машҳурликда, молу давлатга эга бўлишда деб биладилар. Бу дунёда Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ҳис қиладиган саодат таъмини тотиш бахтига мушарраф бўлмаган ҳолда яшаб ўтадилар.
Орифлардан бири: “Подшоҳлар бизда қандайин бахт борлигини билганларида эди, унга етишиш учун бизга қарши қилич кўтариб жанг қилишарди”, дейди.
Ғалаба билан саодат орасида катта фарқ бор. Ғалаба бу – ўзингиз истаб турганнинг устидан зафар қозониш бўлса, ненинг устидан ғолиб бўлсангиз, у сизнинг хоҳишингизга мансуб бўлмоғи чин саодатдир.
Оскар Уайльд[1]нинг шундай гапи бор: “Бахт фақатгина унга бир нечта кишилар билан бирга етишсанг ҳақиқий бўлади. Оғриқ, азоб ҳам фақатгина бир ўзингнинг бошингга тушса аламли бўлади. Саодат – бошқа кишиларни бахтли қилишдир”.
Олмон физиги Макс Планк: “Саодатни муҳофаза қилиш учун уни бошқалар билан бўлишишинг керак”, деган.
Ғарб мутафаккирларидан яна бири: “Тажрибамдан ўтган нарса шуки, энг буюк бахт – яхшиликни яширинча қилганимдан кейин кутилмаганда бу яхшилигим одамлар қулоғига етиб боришини кўришим”, деган эди.
Инглиз ёзувчиси Уильям Сомерсет Моэм[2]: “Биз улғайиб борарканмиз саодат – олишда деб ўйлардик, кейинчалик билдикки, бахт – беришда экан”, дейди.
Бахт – бошқаларга тортиқ қилиш ва яхши ишларни амалга оширишда мужассам. Бахт бировдан нарса олиш ва ўзганинг қўлига қарашда эмас.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Тўлиқ исми: Оскар Фингал О’Флаэрти Уиллс Уайльд. 1854 йилда Дублин шаҳрида туғилган. Шоир, драматург, сценарист. 1900 йил 30 ноябрда 46 ёшида Парижда вафот этган.
[2] 1874 йил 25 январда Францияда туғилган. 1965 йил16 декабрда Ницца шаҳрида вафот этган. 1897 йилда чоп этилган “Ламбетлик Лиза” романи билан машҳур бўлган.