Шайтон инсоннинг душманидир. У бандани Роббисига ибодат қилишдан тўсади. Бунинг учун одам боласини эртаю кеч тинмасдан васваса қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: «У: “Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан. Магар, улардан халос қилинган бандаларинггина (иғвога учмас)”, деди» (Сод сураси, 82-83-оятлар).
Сеҳргар шайтонга бўйсуниши ва диндан чиқиши орқали сеҳр билан шуғуллана олади. Қуръони каримда бундай дейилади: «Икковлари ҳатто: “Биз фитна–синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар» (Бақара сураси, 102-оят).
Кимки диндан чиқар экан, жаҳаннамга тушади. Натижада, шайтон ўз мақсадига эришади. Чунки унинг асл муддаоси – инсонларни бутун оламлар Роббига ибодат қилишдан тўсиш, ўрталарига тафриқа, фитна-фасод, иғво уруғларини сочиш, оилаларни бузиш ва ҳ.к. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар” (Бақара сураси, 102-оят).
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги “Тўхтабой” жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб йиғилган жамоатни яқинлашиб келаётган Рабиул-аввал ойи ва жума айёми билан муборакбод этиб, “Сарвари олам сийратларидан сабоқ олиш мавсуми!” мавзусида маъруза қилдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари суҳбат давомида мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиул-аввал ойида у зот алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганиш, гўзал хулқларидан намуналар олишга эътибор бериши лозимлигини таъкидладилар.
Маъруза асносида Қуръони каримдаги: “(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21) ояти каримаси ҳамда “Сизлардан бирортангиз мен унга боласидан, ота-онасидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмини комил бўла олмайди” (Имом Бухорий ривояти), деган мазмундаги ҳадис шарҳлаб берилди.
Хулоса ўлароқ мавлид ойида оила даврасида сийратга оид китобларни мутолаа қилиб, фарзандлар қалбида Расулуллоҳ алайҳиссаломга муҳаббатни уйғотиш гўзал амаллар сирасига кириши айтиб ўтилди.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, яқинлашиб келаётган Мавлид ойини хайрли ва баракали бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати