Салмон Авда шундай дейдилар: “(Муҳтожга) очиққўллик, самимий чеҳра, розилик табассуми ва ўзингни яқин олиб садақа берасанми ёки қўлингни унга истар-истамас чўзиб, юз ўгирмоқчидек, нафрат билан, унга худди юқишидан қўрқаётган касалликдек қараб ёки унинг офатидан эҳтиёт бўлгандек садақа берасанми?
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
قَوْلٌ مَّعْرُوفٌ وَمَغْفِرَةٌ خَيْرٌ مِّن صَدَقَةٍ يَتْبَعُهَا أَذًى وَاللّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٌ
“Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ ғаний ва ҳалим зотдир” (Бақара сураси, 263-оят).
Ўзининг ибодатини қилиб, оила аъзоларига ифторлик ва саҳарлик таомлари тайёрлаб бериб, яна бу хизматларини чин юракдан, заррача малолланмасдан қилаётган аёлларимизни Аллоҳ таоло икки дунёда азизу мукаррам қилсин!
*****
Намоз...
Намоз – уяли телефоннинг қувватлагичи (зарядка қилувчи батарея) кабидир. Агар телефонни қувватлаб олмасанг, экрани ўчади, жим бўлади. Агар сен ўзингни ҳар кунлик намоз билан қувватлаб олмасанг, нурни, тил бурролигини, ҳикматни, хотиржамликни йўқотиб, безовталик, қўрқув ва гоҳида аҳмоқликка мубтало бўласан.
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳ
*****
Мўмин одам раҳм-шафқат, одоб, тавозеъ ва муҳаббат манбаидир.
Намозхон қўпол бўлмайди.
Намозхон уятсиз бўлмайди.
Бўлиши мумкинмас!
Намозхон ҳаром мол еювчи бўлмайди!
Бўлиши амри маҳол!
Намозхон алдоқчи бўлмайди!
Бўлиши амри маҳол!
Намозхон мутакаббир бўлмайди!
Бўлиши амри маҳол!
Амри маҳол!
Амри маҳол!
Минг марта амри маҳол!
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий
*****
«Ота-онага яхшилик қилиш кабира гуноҳларга каффорот бўлади».
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ
*****
Ўқиш
Ҳаётимдаги бурилиш нуқта - онам телевизорни ўчириб қўйиб, мени ўқишга мажбур қилган кундир.
Бен Карсон, машҳур нейрохирург, сиам эгизакларини бир-биридан муваффақиятли ажратган дунёдаги иккинчи одам.
------------
Биринчиси ким бўлган экан деб ҳайрон бўлаётгандирсиз? Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бўлганлар. Танаси ёпишган эгизакларнинг бири вафот этганда, буюк имомнинг олдиларига маслаҳат сўраб келишган. Шунда имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ вафот этган тарафини ерга кўмиб, тиригига овқат бериб, қараб туришни маслаҳат берганлар. Уч кун ўтиб, ер эгизакларни бир-биридан ажратган.
*****
Нозимжон Иминжонов тўплади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан