Қадр кечаси ва ундаги ҳикматли ишлар Қуръони каримда алоҳида битта сурада баён қилинган бўлиб, бу сурада Қуръони каримнинг нозил бўлиш тарихи ва у нозил бўла бошлаган кечанинг фазилатлари баён қилинган. Сура беш оятдан иборат бўлиб, унинг қачон нозил қилингани ҳақида икки хил қавл бор:
Сурада Қадр кечасининг ўзига хос фазилатлари баён қилинган. Бу кечанинг “Лайлатул қадр” яъни Қадр кечаси деб номланиши умумий тўрт хил маънога далолат қилади:
Сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим туширилгани ҳақидаги хабар билан бошланган:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ
“Албатта биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик”.
“Албатта” дея таъкид билан бошланиши икки хил маънони англатади:
Оят давомида “Мен нозил қилдим” дейилмасдан” кўплик шаклида “Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик” дейилиши, нозил қилувчи ва нозил қилинган нарсанинг улуғлигини ифодалайди. Яъни оятда кўплик шаклининг қўлланиши Аллоҳ таолонинг ва каломининг улуғлигига далолат қилади.
Қуръони каримнинг Қадр кечасида нозил қилиниши маъносини “Қуръон таржимони” унвонини олган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай тушунтирган: “Қуръон ушбу кечада Лавҳул маҳфуз”дан дунё осмонидаги “байтул изза” (иззатли уй)га тўлалигича нозил қилинган. Сўнгра уни Жаброил алайҳиссалом йигирма уч йил мобайнида турли воқеалар муносабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлак-бўлак тарзда олиб тушган”.
Аллома Совий “Жалолайн” тафсирининг ҳошиясида дунё осмонидаги “байтул изза” (иззатли уй) ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Жаброил алайҳиссалом Қуръонни шу кечада дунё осмонидаги фаришталарга ўқиб берган ва улар уни дунё осмонида турган саҳифаларга ёзишган. Дунё осмонидаги мазкур саҳифалар турган жой “Байтул изза” (иззатли уй) дейилади”.
Уламолар Қуръони каримнинг бундай босқичларда нозил қилинишининг ҳикматини қуйидагича тушунтирганлар: “Қуръони каримнинг дастлаб “Байтул изза”га тўлалигича туширилиши хабари унинг ҳаммаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилишини англатган. Шу маънода бу хабар у зотни шодлантириш учун бўлган. Йигирма уч йил мобайнида бўлак-бўлак қилиб туширилиши эса бандаларнинг қалбларини унга мослаштириш ва унинг ҳукмларини қабул қилишни енгиллаштириш маъносидаги илоҳий илтифот бўлган”.
Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида қуйидагиларни ёзган: “Аллоҳ таоло ушбу сурада Қуръоннинг улуғлигини уч жиҳатдан намоён қилган:
“1. Нозил қилиш нисбатини ўзига бериб “Биз нозил қилдик”, дея уни Ўзига хослаган;
Келгуси оятда Қуръон нозил қилинган мазкур кечанинг фазилатлари баёнига ўтилган:
وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ
“(Эй, Муҳаммад алайҳиссалом) Қадр кечаси нима эканини сизга нима билдирди?”. Яъни бу кечанинг улуғлигини сизга нима билдирди?
Имом Мотуридий бобомиз бу оятни “Қадр кечаси нима эканини (Биз билдирмасак) сиз билмас эдингиз” маъносида тушуниш ҳам мумкинлигини айтган.
Баъзи уламолар: “Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш маъносида туширилган”, деганлар. Оятнинг давомида Қадр кечасининг биринчи фазилати шундай баён қилинган:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ
“Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Яъни, қадр кечасида қилинган амаллар унда қадр кечаси бўлмаган минг ой яъни саксон уч йилу тўрт ой давомида қилинган амаллардан яхшироқдир.
Шунингдек муфассир уламолар бу оятдан аниқ минг ойлик вақтнинг баёни эмас балки қадр кечасининг мутлақ улуғлигини кўрсатиш маъноси ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин, деганлар. Зеро миқдор баёни гоҳида муаян ададни эмас бирор нарсанинг яхши ё ёмон сифатларини кўрсатиш маъносида ҳам келади. Худди ўзбек тилида “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи”, дейилганидек. Шунга кўра бу оят ушбу кечадаги ибодатлар минг ойлик муддатга тенг ибодатлардан кўра яхшироқдир маъносининг ўзини эмас, балки бошқа вақтларда қилинган ибодатлардан мутлақо яхшироқдир маъносини ифодалаши ҳам мумкин бўлади.
Оятнинг давомида Қадр кечасининг иккинчи фазилати шундай баён қилинган:
تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ
“Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушади”.
Оятдаги Руҳни аксар муфассирлар Жаброил алайҳиссалом, деганлар. Баъзи уламолар эса Руҳни Аллоҳ таолонинг раҳмати маъносида тушуниш ҳам мумкинлигини айтганлар. Бундай тафсир қилинганда бу оят: “фаришталар Аллоҳнинг раҳмати билан тушадилар”, маъносида бўлади. “Барча ишлар учун тушади” ояти шу йил давомида қилинадиган ишлар учун тушади маъносини англатади. Яъни аслида фаришталар Аллоҳ таолонинг бандаларига нима тақдир қилганини билмайдилар. Эҳтимол ана шу кечада улар мазкур ишлардан хабардор қилинадилар ва Аллоҳ таолонинг амри билан ўша ишлар учун ерга тушадилар.
Фаришталарнинг Қадр кечасида ерга тушишларининг ҳикматлари ҳақида Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: “Фаришталар шу кеча ердаги турли турли тоат ибодатларни кўрадилар ва гуноҳкор бандаларларнинг мағфират сўраб ёлвориб илтижо қилаётганларини эшитишади ва бир-бирларига: “Келинглар бизнинг тасбеҳларимиздан кўра Роббимизга севимли бўлган овозларни эшитамиз”, деб ерга тушишади.
Шунингдек фаришталарнинг ерга тушишлари бу кечада ерда қилинган тоатларга алоҳида хос фазилатлар ато қилиниши сабабли бўлиши ҳам мумкин. Худди ер юзининг барча жойлари ичида Масжидул ҳаромда қилинган ибодатларга алоҳида хос фазилатлар ато қилинганидек. Шунга кўра фаришталарнинг бу кечада ерга тушишлари ўша фазилатларга эришиш учун бўлиши ҳам мумкин”.
Оятнинг давомида бу кечанинг учинчи фазилати қуйидагича баён қилинган:
سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
“У то тонг отгунича саломатликдир”.
Ушбу оятдаги “У саломатликдир” сўзини аксар муфассирлар “у саломат бўлинадиган кеча” деб тафсир қилганлар. Яъни қуёш ботгандан то тонг отгунича бу кеча турли офат балолардан саломатлик бўлади.
Заҳҳок: “Аллоҳ таоло бу кечада фақат саломатликни тақдир қилади, бошқа кечаларда эса балоларга ҳам саломатликка ҳам ҳукм қилади”, деган.
Бази уламолар “У саломатлик”ни “фаришталар қанотларини силкитиб Аллоҳ таолонинг бандаларига саломи, раҳмати ва мағфиратини йўллаб турадилар” маъносида тафсир қилганлар.
“То тонг отгунича” сўзини Мотуридий бобомиз қуйидаги маъноларда ҳам тушуниш мумкинлигини айтган:
– мазкур баракалар то тонг отгунча давом этади;
– то тонг отгунича салом айтилиб турилади;
– то тонг отгунича фаришталар ерда бўлиб турадилар.
Ҳар бир мўмин киши ундаги фазилатларига эришишни орзу қиладиган ушбу улуғ кечанинг айнан қайси кечалиги ҳақида турли ривоятлар келган:
– Имом Бухорий ва имом Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқларидан излаш хабар берилган;
Баъзи ориф зотлар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу қасам ичиб айтган ушбу гапларини Қадр сурасида келган ишоралар қўллаб-қувватлашини айтганлар. Бу ҳақида Аллома Совий “Жалолайн” тафсирининг ҳошиясида қуйидаги ишораларни келтирган:
Аслида Қадр кечасининг ҳаммага қатъий равишда аниқ билдириб қўйилмагани ҳам Аллоҳ таолонинг яна бир раҳматидир. Зеро бандаларга уларнинг қачон вафот этишлари ва қиёмат вақти махфий қилингани сингари Қадр кечаси ҳам махфий қилинган. Чунки унинг вақтини аниқ билмаслик бутун ой давомида ғафлатда қолмасликка ва ҳамиша тоат ибодатларга ғайрат қилишга ундаб туради.
Шунинг учун Рамазон ойи давомида доимо қуйидаги дуони ўқиб юришга одатланиш тавсия қилинади:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيَّ لَيْلَةٍ لَيْلَةَ الْقَدْرِ مَا أَقُولُ فِيهَا ؟ قَالَ:قُولِي: اَللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّا تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Эй Аллоҳим, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин”, деб дуо қилинг”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Аллоҳим, бизларни Қадр кечасининг фазилатларига муваффақ қилгин, гуноҳлари кечирилган бандаларинг қаторига қўшгин!
Ўта афв қилгувчи меҳрибон Роббимизга ҳамду санолар, У зотнинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.
Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.
Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари