Маҳзун кўнгилларга бир дам бўлсада илиқлик бахшида этмоқлик, меҳр-мурувват, эътиборга муҳтож кишиларга саҳоват кўрсатишлик қанчалар шарафли тадбир эканлигини яхши биламиз. Агар бундай амаллар савоблар 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтирилиб берилгувчи улуғ Рамазон ойиида бажарилса нур устига аъло нур бўлади. Ушбу муборак ойда юртимиздаги масжид имомлари ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саҳоват” уйлари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексалар, имконияти чекланган кишилар, шунингдек кам таъминланган, ёрдамга, меҳр-муруватга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий эътибор кўрсатилмоқда. Бу билан Рамазон сабаб кишилар қалбига шодлик улашилмоқда, чин маънода байрам кайфияти зоҳир бўлмоқда. Рамазоннинг ўтган етти куни мобайнида жойларда умумий қиймати 187.405.000 сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Яхшиликда мусобақалашинглар” дея марҳамат қилган. Рамазон савобли амалларни қилиш учун мусобақа ойидир десак муболаға бўлмайди. Албатта бунда илоҳий кўрсатмалардан чиқмаслик талаб этилган. Имом Бухорий ривоят қилган, Салмон Форисий розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойи меҳр-мурувват улашиладиган (ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар оладиган, уларнинг қалбига хурсандчилик киришига сабаб бўладиган) мавсуми эканлигини” айтганлар. Бу динимзнинг одоби ва унинг мусаффо фитратидир.
Кўрсатилган меҳр-мурувватлардан мамнун бўлганлар, Рамазон айёмларини қутлуғ бўлишини сўраб, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини, қолаверса, бу каби хайрли амалларга ҳиссалари қўшилган барча кишилар ҳаққига дуолар қилишди.
Сизчи азиз диндош! Бу яхшиликлар мавсумида хайрли ишга улгурдингизми? имконингиз қадар кимнингдир оғирини енгил қилишга, қувонч ва меҳр-муҳаббат улушишга киришдингизми? Бир зумда Рамазоннинг учдан бири ҳам ўтиб бормоқда, ҳадемай, бир ойгина азиз меҳмонимизни ҳам кузатамиз. Фурсатни ғанимат билинг, ей савоб изловчи!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида
Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.
Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром
“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.
“Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.
Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.
“Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.
Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.
Уламолар ҳикматларида:
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.
Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.
Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: “Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.
Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.
Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда “Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир!” бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.
Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.