11 май куни Тошкент шаҳридаги янги бунёд этилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги жоме масжидда илк таровеҳ намози ўзгача файзу тароватда адо этилди.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан қуриб битказилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ номларидаги муҳташам масжидда бу йилги Рамазон ойининг илк таровеҳи катта шукуҳ билан ўқилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган ушбу муҳташам мажмуа барча мўмин-мусулмонларга Рамазон туҳфаси бўлди. Мажмуа барча қулайликларга эга бўлиб, кенг ва шинам тарзда барпо этилган.
Шу куни ҳуфтон намозига азон айтилишидан анча олдин янги масжид хонақоҳи мухлис намозхонлар билан тўлди. Масжиддаги илк намозни адо этиш учун кўплаб намозхонлар билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида юртимизнинг кўзга кўринган уламолари ташриф буюриб, халқимизни муборак Рамазон ойи ҳамда янги масжид очилгани билан муборакбод этдилар. Муфтий ҳазратлари жумладан шундай сўзларни билдирдилар:
– Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизга жуда ҳам улуғ неъматлар, тинчлик-осойишталикни берди. Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Улуғ алломалар мангу қўним топган жойларни обод қилиш, уларнинг илмий меросларини тарғиб этишга катта эътибор бериляпти. Куни кеча Давлатимиз раҳбари азим пойтахтимизда иккита муҳташам масжид-мажмуаларини очилишида иштирок этдилар. Мана шундай шарт-шароитларни муҳайё қилиш ишларига катта эътибор бераётган муҳтарам Президентимизнинг ҳақларига дуои хайрлар қилиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Таровеҳ намози аввалида ушбу масжидга Шайх ҳазратларининг фарзанди – Исмоил Муҳаммад Содиқ имом-хатиб этиб, ҳазратнинг шогирди Баҳодир қори Раҳматуллаев имом ноиби этиб тайинлангани эълон қилинди.
Намоздан сўнг барча намозхонлар қўлларини дуога очиб, марҳум ва мағфур Шайх ҳазратларининг руҳлари шод бўлишини, хатми Қуръоннинг савоби у кишига етиб боришини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Шундай табаррук масжиднинг бунёд этилишига ташаббускор бўлган муҳтарам Президентимизнинг она-Ватан тараққиёти, мўмин-мусулмонлар манфаати йўлида олиб бораётган шарафли ишларида Ҳақ таоло мададкор бўлиб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрашини илтижо қилдилар.
“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидини Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга муборак айласин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси