"Лаа илаҳа иллаллоҳ" жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – "Лаа илаҳа иллаллоҳ"нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи "Лаа илаҳа иллаллоҳ" бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким "Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса", Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким "Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…", деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?" дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши "Лаа илаҳа иллаллоҳ"ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса", дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.
“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.
“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.
“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.
“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.
“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.
“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.
“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.
“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.
Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат” деди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ