Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Январ, 2025   |   23 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:42
Пешин
12:40
Аср
15:47
Шом
17:31
Хуфтон
18:48
Bismillah
23 Январ, 2025, 23 Ражаб, 1446

Россияга яна беш нафар қоримиз етиб борди

7.05.2019   2114   1 min.
Россияга яна беш нафар қоримиз етиб борди

Аввал хабар берганимиздек, ўзбекистонлик қорилар  Россия Федерациясининг турли ўлкаларида бўлиб, муборак ой давомида таровиҳ намози ва хатми Қуръонларда иштирок этадилар. Бугун 7 май куни ўзбекистонлик яна беш нафар қори Москва шаҳрига етиб бордилар. Бугуннинг ўзида қориларимиз Москва шаҳрида Россия мусулмонлари жамияти раиси, муфтий Альберт ҳазрат Крганов қабулида бўлдилар. Муфтий ҳазрат ўзбекистонлик диний уламолар, қорилар кўп йиллардан буён Россия мусулмонларининг ихлоси, эътирофига сазовор бўлиб келаётгани, диний идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарали натижалар бериб бораётганлиги ҳақида сўзлаб берди. Ўз навбатида қориларимиз ҳам ўзларига билдирилаётган ишончни оқлаб, Аллоҳ қодир қилганича бор билимларини бериб, мусулмонларга исломий маърифатни етказишда астойдил ҳаракат қилишларини  билдирдилар.

Шундан сўнг қориларимиз ўзлари тақсимот қилинган ҳудудларга йўл олдилар. Жумладан:

  • Тошкент шаҳар “Саид Ваққос ота” жоме масжиди имом ноиби Фазлиддин Мамадалиев, “Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллатиф Рустамжонов, Тошкент вилояти “Абдужалилбоб” жоме масжиди имом-хатиби Илёс Шокировлар Чувашия Республикаси, Чебоксары шаҳрида;
  • Тошкент шаҳар “Яҳё қори” жоме масжиди имом ноиби Абдулбосит Абдуллаев Москва вилоятига қарашли Звенигород шаҳрида;
  • Тошкент шаҳар “Тинчлик” жоме масжиди имом-хатиби Иброҳим Нурмуҳаммедов Ханти-Мансийск округидаги Сургут шаҳридаги масжидларда таровиҳ намозларида хатми Қуръон ўтказиб берадиган бўлишди.

Хорижда фаолиятларини давом эттираётган қориларимиз ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Менинг қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки

20.01.2025   3794   3 min.
Менинг қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки

Эй инсонлар! Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиринглар ҳамда У Зот Сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан, яъни вақтинча қўлларингизда турган, эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларни қўлларига ўтиб кетадиган Аллоҳ берган мол-давлатдан инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир! (Ҳадид сураси, 7-оят).

Халифа деб таржима қилинган сўз Қуръонда “мустахлафийна” деб келади. Бу сўз луғатда ўзини ўрнига бирор кишини ўринбосар қилмоқ маъносида – эгасини ўрнига бир ишни бажарадиган кишига ишлатилади. Масалан: Мол-мулк, сиз унда мустахлафсиз, яъни у сизни қўлингизда омонат, ҳақиқий эгаси сиз эмассиз, омонатдор қўлсиз холос! Уни сизга Аллоҳ кўрсатган ўринга ишлатишингиз учунгина берилган!

Бир тўда туяси бор аъробийдан сўрашди, бу туялар кимники? Аъробий гўзал жавоб берди: Менинг қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Мени қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Яъни, бу Аллоҳники! Мен уни тасарруф қилишга масъулман холос.

“Мустахлаф” сўзини яна ҳам кенгроқ тушунсак, мол-мулкда сиз мустахлафсиз. Сиҳат-саломатлик! Сиз унда мустахлафсиз! Уни ўзини ўрнида ишлатишингиз лозим бўлади. Жамиятда ҳар бир кишини ўз вазифаси, ўрни бор. Сизни ҳам ўз ўрнингиз, вазифангиз бор. Ночорга ёрдам бериш, кучсизни ҳимоя қилиш ҳам жамият аъзоларини вазифаларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ сизга илм берган. Сиз унда мустахлафсиз! Ўзини ўрнида ишлатишга, яхши-ёмонни эслатишга, ҳалол-ҳаромни билдиришга масъулсиз! Аллоҳни олдида жавобгарсиз!

Аллоҳ айтади: “Мен ерда Одамни халифа қилмоқчиман” (Бақара сураси, 30-оят).

Инсон-Аллоҳ уни қўлига мол-мулк бериб, уни омонатдор қўл қилган Аллоҳни ердаги халифаси. Мол-мулк бизники эмас. Аслида бизники бўлмаган нарса қандоқ қилиб бизники бўлсин. Яъни, мени қўлимдаги мулк меники эмас, уни қўлидаги мулк уники эмас, сизни қўлингиздаги мулк ҳам сизники эмас. Биз уни ҳақиқий эгаси эмасмиз. Биз тановул қилсак тугатамиз, кийсак эскиртамиз ва аммо, садақа қилганимизнигина ўзимизга олиб қоламиз!

Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир қўйни ҳаммасини тарқатдим фақатгина қўли қолди холос деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: Йўқ ундай эмас, қўлидан бошқа ҳаммасини олиб қолибсан, дедилар. Яъни, садақа қилганинг охиратга захира бўлиб ўзингда қолади. Олиб қолганинг тугаб тамом бўлади.

Эй биродарим! "Мустахлаф" сўзи жуда кенг маънода тушунилади. Масалан сени мошинанг бор, сен унда мустахлафсан.

Ҳақиқатда ёрдамга муҳтожларни ҳожатларига уни ишлатсанг уни ҳаққини адо этган бўласан. Гуноҳ, кўнгилхуши учун ёки шунчаки айланиб келиш учун эмас, ҳақиқатда шунга эҳтиёжи бор, чорасиз турган одамга ёрдам беришга масъулсан! Инсон унга берилган ҳар бир насибада, иқтидорда, илмда, ҳунарда, шижоатда, куч-қувватда, ғайратда барча барчасида мустахлафдир. Мол-мулк неъмат ҳисобланмайди. Уни қай ўринга ишлатилишига қараб туради.

Агар Аллоҳ рози бўладиган-тоатга, муҳтож-у ночорларга хайр-саховатга, ўзи масъул бўлганларни нафақаларига ишлатилсагина неъмат ҳисобланади. Ундай бўлмаса-гуноҳу маъсиятга, кайфу-сафога, фойдасиз ўринларга ишлатилса-бало бўлади, офат бўлади!

Муҳаммад Ротиб Нобулусий суҳбатларидан
“Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам ЮСУПОВ таржимаси.