Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июн, 2025   |   16 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июн, 2025, 16 Зулҳижжа, 1446

“Тугун оши”

29.04.2019   7051   3 min.
“Тугун оши”

Назира  келин бўлиб тушганига  бир ойча бўлиб қолди. Чоршанба куни тушликка яқин қўшни келин косада таом олиб чиқиб,  “Тугун оши қилган эдик, Қуръон ўқиб юборарсизлар. Тугунларимиз ечилиб кетсин” , дея чиқиб кетди.  Назира ота-онасининг  уйида бундай ҳолатга дуч келмаганидан қайнонасидан  тугун оши нима учун қилинишини сўради. Қайнонаси  ён қўшниси ҳар ойда чоршанба куни тугун оши, пайшанба ҳолвайтар, чўзма қилиб, қўшниларга  тарқатишини, бу одат ислом дини кўрсатмаларида  йўқлигини  қўшни аёлга қанча тушинтирмасин таомга эътиқод қилишини  ташламаганини айтиб берди.

Бошига бирор муаммо тушганида фолбинми, яқинларими билиб-билмай “тугун оши” қилиб юборишни маслаҳат беришади. “Тугун оши” қандай одат? Бу тўғрисида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳақиқатан, баъзи кимсалар чоршанба куни  тугун оши қилиб, у орқали муаммолар ечимини ахтарадилар. Жумладан, иши юришмаганда, бирон муаммога дуч келганида, ўғил-қизларининг бахти очилмаганида, келини ёки қизининг кўзи ёриши яқинлашганида бундай ишларни қилиш омма халқ орасида урф бўлган. Аммо бунинг шариатимизга ҳеч қандай дахли йўқ. Аслида ўша чучвара, холвайтар ва бошқа таомлар покиза ҳолатда қилинса, уларни “бисмиллоҳ” айтиб ейиш мумкин. Бироқ улар инсонни бирон муаммодан қутқаради, йўли очилишига сабаб бўлади, деган эътиқодда бўлиш нотўғри!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз”.

“Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар Сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У Kечиримли ва Раҳмлидир” (Юнус сураси, 106-107 оятлар).

Ташвиш ва муаммолардан қандай қутулиш лозимлиги ҳақида динимизда бошқа кўрсатмалар келган. Жумладан, бирон ишда иккиланиш бўлса, истихора қилишга, муаммолардан қутула олмай турган бандага кўп истиғфор айтишга, келиши мумкин балолардан сақланиш учун ихтиёрий садақалар беришга тарғиб қилинган. Бироқ таом тайёрлаб, Қуръон тиловат қилиш ва ўша таомга ишониб қолиш мусулмон бандага тўғри келмайди. “Чоршанба муродбахш кун”, деган ишонч ҳам шу билан боғлиқ бўлса ажаб эмас.

Хуллас, халқ орасида кенг тарқалган бу одатлар Исломга бутунлай ётдир. Улар бидъат-хурофотдан бошқа нарса эмас. Унутмайликки, таом пишириш билан ташвиш аримайди, шариатимизда таом устида тиловат қилишга буюрилмаган ёки бу ишга тарғиб ҳам қилинмаган...

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

13.01.2025   14807   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

Мақоланинг аудио шакли

Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:

– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:

– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.

– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.

Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:

– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.

Мен:

– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.

Улар:

– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.

– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.

“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар