Рамазон ойи – фараҳли ой. Катта-кичик шу ойда ниҳоятда тақводор бўлиб қолади. одамлар бир-бирларига одатдагидан ҳам меҳрибон бўлади. Таровеҳ намозига чиққан кишилар кўп вақтлардан бери кўришмаган дўсту ёронлари билан дийдорлашади. Маза қилиб таровеҳни ўқиб бўлганларидан сўнг эса ҳазил-ҳузул қилиб бири иккинчисини саҳарликка, ифторликка таклиф қилиб тарқалади.
Бу ойда, айниқса, ёш болаларнинг ғайрат-шижоатини айтмайсизми! Ҳаммадан бурун саҳарликка туриб олади. Ухлаб қолганлари эса саҳарликка уйғотмагани учун ота-онасидан чошгоҳгача, бирорта ўйинга овуниб кетгуни қадар аразлаб туради.
Тасаввур қилинг, саҳар вақти турасиз, атроф жим-жит. ҳаво мусаффо. Гўёки осмон эшиклари очилгану тананингизга беҳисоб куч-қувват ёғдираётган тонг ҳавоси айнан ўша ёқдан келаётгандек. Узатсангиз қўлингиз юлдузларга етадиганга ўхшайди. Оилангиз жам бўлиб саҳарлик қиласиз, мириқиб суҳбатлашасиз. Бомдод киргунига қадар зикр қиласиз, қазо намозларингиз бўлса, уларни ўқийсиз. Бу вақтда булбуллар чаҳ-чаҳлаб сайраб ётган бўлади. Кейин эса намоз қуши келиб бомдоднинг кирганини хабар қилади. Маҳаллангиздаги масжидда чақирилган азон овози қулоқларингиздан кириб танингиздаги энг инжа томирларингизни ҳам силаб ўтади – роҳат-фароғат, бахту саодат бундан ортиқ бўлиши мумкинми!
Нафсиламри, имони заифроқларимизга рамазон дарров келиб қолгандек туйилади. Аммо шуни ёдда тутайликки, машойихларимиз: “Бу дунёда вужудга оғир келадиган нарсалар қиёматда тарозида ҳам оғир келади”, деганлар. Зотан, бизнинг аъмолимиз қиёматга захира ҳозирлаш эмасми!..
Бинобарин, Аллоҳ таоло муборак Каломида: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сурасининг 183-ояти), деб марҳамат қиларкан, фарз амали бўлган рўзани тутсак, тақводорлигимиз янада зиёда бўлишининг хабарини берган.
Рамазон рўзасини руҳимиз (сиддиқлар рўзаси), ақлимиз (хослар рўзаси), жисмимизни (авомлар рўзаси) жамлаб тутсак, шубҳасиз, Раббимиз ушбу ояти каримада айтганидек, тақводорлигимиз ортади, ажру савобларимиз кўпаяди,
Аслида эшик қоқиб турган рамазон – савоблар қўлга киритиладиган фурсат ойи. Шу ойдан ҳаммамиз фойдаланиб қолайлик, юртимизга тинчлик, элимизга файзу барака, хонадонларимиз хотиржамлик, фарзандларимизга бахту саодат тилайлик. Чунки бу ой – мағфират ойи. Бу ойда дуолар мустажоб бўлади, иншаа Аллоҳ!
Дамин ЖУМАҚУЛ
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.