Хабарингиз бор, 18 март куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласидаги “Кўкча Дарвоза”, “Фузулий” ва “Омон Мухторов” кўчаларида жойлашган олтита хонадонда кучли ёнғин бўлиб, уйларнинг ҳаммаси барча жиҳозлари билан ёниб кетган ва 65 киши бошпанасиз қолган эди. Жами 380 кв.метр майдонда уйларнинг том қисмилари ва ички жиҳозлари бутунлай ёниб кетган.
8 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ёнғиндан жабр кўрган саккизта хонадон аҳлларидан хабар олиб, ҳамдардлик билдирган эдилар.
Бугун 13 апрел куни, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари ташаббуси, Тошкент шаҳар вакиллиги, Шайхонтоҳур тумани имом-хатиблари иштирокида хонадон соҳибларига 200 000 000 сўмдан зиёд моддий ёрдами етказилди. Ёнғиндан жабр кўрган хонадон соҳиблари кўрсатилган саҳоват ва эътибор учун миннатдорчилик изҳор этиб, бу хайрли ишга ҳиссаси қўшилганлар ҳаққига дуои-хайрлар қилинди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида қуйидагиларни айтадилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади”
Бундай қийин дамларда маҳалла аҳллари ҳам мусибат эгаларига астойдил ёрдам кўрсатаётгани, хусусан уйларидан бошпана бериб, ўз ризқи насибасининг ярмини қўшнилари билан баҳам кўраётгани таҳсинга сазовордир. Хонадонларни қайта қуриш ишлари ҳам халқ ҳашари йўли давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ўқилиши: Шаҳидаллоҳу аннаҳу лаа илаҳа илла ҳува вал малааикату ва улул илми қооиман билқисти лаа илаҳа илла ҳувал ъазийзул ҳакийм.
Маъноси: "Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам гувоҳлик бердилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким Зотдир" (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига мен ҳам гувоҳман" деса, Аллоҳ таоло ушбу оятнинг ҳарфлари ададича фаришталарни қиёмат кунигача ўша кишининг ҳаққига истиғфор айттириб қўяди".
У зот алайҳиссалом бошқа ҳадисда бундай деганлар: "Ким уйқуга ётишидан олдин ушбу оятни ўқиса, Аллоҳ таоло етмиш мингта фариштани яратади ва улар қиёмат кунигача ўша кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар".
Абу Ғолиб айтадилар: "Мен Куфага тижорат қилиш учун борганимда Аъмашга қўшни бўлиб турдим. Шунда у кишини ҳар кеча ушбу оятни такрор ва такрор ўқигани ва ундан кейин: "Мен ҳам Аллоҳ гувоҳлик берган нарсага гувоҳман, мен ушбу гувоҳлигимни Аллоҳга омонат қилиб топшираман. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло менга омонатимни қайтаргай" деганларини эшитар эдим.
Шунда у кишидан бунинг сабабини сўраганимда, айтган эдилар: "Абу Воил менга Ибн Масъуддан ривоят қилиб айтган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида ушбу калималарни айтса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга хитоб қилиб бундай дейди: "Бандам менга берган ваъдангда турдинг, яъни тавҳидда, Мен ҳам Ўз ваъдамда тураман. Эй, малоикаларим! Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар, бу бандам хоҳлаган эшигидан кирсин", дейди".