Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2025   |   17 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2025, 17 Зулҳижжа, 1446

«Оқлон» маҳалласида ёниб кетган олтита хонадон эгаларига моддий ёрдамлар кўрсатилди

13.04.2019   5314   2 min.
«Оқлон» маҳалласида ёниб кетган олтита хонадон эгаларига моддий ёрдамлар кўрсатилди

Хабарингиз бор,  18 март куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласидаги “Кўкча Дарвоза”, “Фузулий” ва “Омон Мухторов” кўчаларида жойлашган олтита хонадонда кучли ёнғин бўлиб, уйларнинг ҳаммаси барча жиҳозлари билан ёниб кетган ва 65 киши бошпанасиз қолган эди. Жами 380 кв.метр майдонда уйларнинг том қисмилари ва ички жиҳозлари бутунлай ёниб кетган.

8 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ёнғиндан жабр кўрган саккизта хонадон аҳлларидан хабар олиб, ҳамдардлик билдирган эдилар.

Бугун 13 апрел куни, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари ташаббуси, Тошкент шаҳар вакиллиги, Шайхонтоҳур тумани имом-хатиблари иштирокида хонадон соҳибларига 200 000 000 сўмдан зиёд моддий ёрдами етказилди. Ёнғиндан жабр кўрган хонадон соҳиблари кўрсатилган саҳоват ва эътибор учун миннатдорчилик изҳор этиб, бу хайрли ишга ҳиссаси қўшилганлар ҳаққига дуои-хайрлар қилинди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида қуйидагиларни айтадилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади”

 Бундай қийин дамларда маҳалла аҳллари ҳам мусибат эгаларига астойдил ёрдам кўрсатаётгани, хусусан уйларидан бошпана бериб, ўз ризқи насибасининг ярмини қўшнилари билан баҳам кўраётгани таҳсинга сазовордир.  Хонадонларни қайта қуриш ишлари ҳам халқ ҳашари йўли давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эр-хотиннинг ярашуви шайтон бўйнини синдирар

12.06.2025   3701   5 min.
Эр-хотиннинг ярашуви  шайтон бўйнини синдирар

Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.


Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқ­лик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).


Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаб­бат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.


Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ ме­­нинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).


Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаёти­даги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қон­дириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият бар­қарорлигини таъминлашдир.


Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).


Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.


Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.


Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).


Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.


Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинч­лиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидо­йилик кўрсатиши лозим.


Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).


Бу оят никоҳдаги жуфт­ларнинг бир-бирига муҳтож­лиги ва улар ўртасидаги яқин­ликни таърифлайди.


Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.


Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқи­батида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.


Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).


Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаё­тига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.


Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бош­қа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.


Кечира олиш – гўзал фа­зилат, ди­нимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқа­зишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.


Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.


Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.


Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мус­таҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.


Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди 

 

 

Мақолалар