Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари сафига яна бир янги нашр қўшилди: «Hilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуаси муассислигида «Ҳилол» илмий-маърифий, ижтимоий-адабий журнали нашр этила бошланди. Журнални нашр этиш ғояси атоқли олим, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга тегишли бўлиб, у киши бошлаган катта илмий-маърифий ишларнинг узвий давоми саналади. «Соф Ислом маърифатини кенг ёйиш» шиори остида ўз фаолиятини бошлаган журналга динимиз таълимотларини ёритувчи зарур маълумотлар, маърифий суҳбатлар, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш асосида катта ислоҳотлар қаршисида турган халқимизга соф Ислом таълимотларини тушунтириш, мусулмонлар маърифатини оширишга ҳисса қўшиш вазифаси юкланган.
Журналнинг илк сонида «Тафсир», «Фиқҳ», «Саҳобалар ҳаёти», «Дунё олимлари эътирофи», «Насиҳат», «Фарзанд тарбияси», «Аёллар саҳифаси», «Адабиёт», «Машҳур масжидлар» каби ўнлаб рукнлар остида Ислом дини таълимоти ва мусулмонлар ҳаётига оид кўплаб қизиқарли материаллар эълон қилинган. Айниқса, машҳур араб олими шайх Муҳаммад Аввоманинг «Бу юртнинг илмга садоқатига гувоҳмиз!» номли мақоласи, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаларидан бири Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг аёлларга эр билан муносабатларни яхшилаш борасида қилган насиҳатлари, фарзандлар қалбида Аллоҳ таолога муҳаббат уйғотиш йўллари ҳақидаги мақолалар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин.
Ҳар бир нашр ўз ўқувчиларининг муҳаббатини қозониш, уларнинг қалбига етиб бориш ва ўзаро мулоқотни кучайтириш орқалигина эътибор топади, оммалашади. Шу боис таҳририят ўқувчиларга мурожаат қилиб, журнал билан мунтазам ҳамкорлик қилиш, қимматли тавсия-маслаҳатлари, фикр-мулоҳазалари билан журнал фаолиятида иштирок этишга чорлайди.
Янги журнал мамлакатимизнинг барча мусулмонларига муборак бўлсин, унинг қадами қутлуғ келсин! Кўп йиллар давомида халқимизга буюк Аллоҳни танитиш, умумбашарият учун фойдали бўлган динимизнинг барча нодир, эзгу фазилатларини баён этиш, одамларимиз иймон-эътиқодини янада мустаҳкамлаш, уларга дин арконларини ўргатишда энг яхши ҳамкор ва йўлдош бўлишини Аллоҳнинг Ўзи муваффақ айласин!
Islom.uz портали таҳририяти
Бугун Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев бошчилигида Гурлан туманидаги “Усмон Саид бобо” жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Унда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирок этди.
Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Бундай хайрли ишлар, яъни халққа хизмат қилиб, одамларни рози қилиш, Ҳақнинг розилигига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Сўнгра имомларнинг йўналишга доир амалга оширган ишлари кўриб чиқилди.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати