Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
*****
Момақалдироқ гумбурлаганда, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Раҳматининг овози шунчалик бўлса, азобининг овози қандай экан?!» дедилар.
*****
Аёлингизга — унинг диндорлиги учун уйланган бўлсангиз, ҳар сафар намоз ўқиётганини кўрганингизда, муҳаббатингиз зиёда бўлаверади.
*****
Ака-уканг сенга фойдаси текканидир. Қариндошликни, яқинликни даъво қилгани эмас.
Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ
*****
Кишининг қандайлигига унинг бераётган саволларидан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкин.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Солиҳ инсон бўл. Лекин буни исботлаш учун вақтингни зое қилма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ғарб дори-дармон сотиш учун халқларнинг касал бўлишини, озиқ-овқат сотиш учун камбағал бўлишини, қурол-яроғ сотиш учун уларнинг урушишини, босиб олиб, эгалик қилиш учун бўлинишини истайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳатто оппоқ атиргулнинг ҳам қора сояси бор.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Энг закий инсон – тинглаб, фикрлаб, мулоҳаза қилиб кўрадиган инсондир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамларнинг жим туришини заифлик деб хато ўйлама. Донишманд, оқил инсонлар ўзларининг улкан ишларини ҳам баланд овозда айтиб эълон қилмайдилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бахтли инсонлар ички оламларини ислоҳ қилиш, тузатиш билан машғул бўлсалар, бахтсизлар бошқаларга маломат тошларини отиш билан овворадирлар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
- Ярим қултум сув чанқоғингни қондирмайди.
- Ярим бурда нон очлигингни кетказмайди.
- Йўлнинг ярми сени манзилга олиб бормайди.
- Яримта фикр сенга натижа бермайди.
- Яримта деган нарса ожизлик белгиси, ярмида тўхташ ожизлик лаҳзасидир.
Сен ожизмассан. Чунки, сен яримта инсон қилиб яратилмагансан.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Совчи қўяётган пайтда куёвга, сайловолди ташвиқотларини олиб бораётган пайтда номзодга ишонма.
Жалол Омир
*****
Мен ҳеч кимни ёмон кўрмайман. Ҳатто мени хўрлаган дўстларимни ҳам. Уларни ҳалиям яхши кўраман. Лекин энди уларни қайтадан дўстликка қабул қила олмайман.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Аҳолиси китоб ўқимайдиган шаҳарда бўрилар етакчига айланади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ўқимайдиган миллатни, халқни алдаш осон.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандадан хато содир бўлмаслиги мумкин эмас, балки содир бўлган хатоларни тузатишга интилиш — ана шу бандалик хусусиятидир. Одам боласидан хато содир бўлиши оддий ҳол. Хатоларни афв этиш эса ҳамма ҳам қила олмайдиган, охиратда шараф бўладиган хислатдир.
Европалик бир файласуф: «Оловни ҳаддан зиёд ёқиб юборма, душмандан олдин ўзингни куйдириб қўймасин», дейди.
Бир одам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Мен сени шундай ҳақорат қиламанки, у сен билан бирга қабринггача боради», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Сенинг ҳақоратинг қабргача мен билан эмас, балки ўзинг билан бирга боради», дедилар.
Хуллас, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг ахлоқсизлигига эътибор ҳам бермадилар.
Қуръони Карим жоҳил кишилардан юз ўгириб ўтиб кетишни ва беҳуда ишлардан батамом сақланишни таълим берган ва таъкидлаган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Хизматкоримнинг хатоларини неча маротаба авф қилайин?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қилмай жим турдилар. У яна қайта сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар куни етмиш маротаба» дедилар.
Имом Термизий ривояти.
Ҳадисдан олинадиган фойда шуки, хатоларни авф қилишнинг ҳадди белгиланган эмас. Агар ходим ҳар куни етмиш маротаба хато қилса ҳам, уни кечириш гўзал хулқ ва раҳм-шафқатнинг талабидир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан