Миттигина жонзот – асалари Аллоҳ таолонинг улкан мўъжизаларидан биридир.
У Зот Қуръони Каримда шундай деган:
وَأَوْحَى رَبُّكَ إِلَى النَّحْلِ أَنِ اتَّخِذِي مِنَ الْجِبَالِ بُيُوتاً وَمِنَ الشَّجَرِ وَمِمَّا يَعْرِشُونَ ثُمَّ كُلِي مِن كُلِّ الثَّمَرَاتِ فَاسْلُكِي سُبُلَ رَبِّكِ ذُلُلاً يَخْرُجُ مِن بُطُونِهَا شَرَابٌ مُّخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاء لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
“Роббинг асаларига: “Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин”, деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят-белги бордир”. (Аллоҳ таолонинг ҳайвонотларга, жумладан, асаларига ваҳий қилиши унга илҳом бериши ҳисобланади. Аллоҳ таоло асаларини яратганда унга ҳис-туйғу ва илҳомни қўшиб яратгани учун у кўпгина ақлли инсонлар ҳам қила олмайдиган аниқлик билан ўзига топширилган ишни бажаради.) (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).
Агар тафаккур қилмоқчи бўлсангиз, ушбу оят борасида тафаккур қилинг! Чунки, у ҳам бошқа оятлар каби тафаккурга чорловчидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асалдан тайёрланган шарбат ичар эдилар.
Асалари ҳашаротлар ичида озуқа учун гул шираси (нектар) йиғадиган ягона жонзотдир. Асаларини кўпчилик фақат асал ишлаб чиқаради деб ўйлайди. Аслида асал ишлаб чиқариш унинг вазифаларидан биридир. Бундан ташқари у гулларни, ўсимликларни чанглатувчи ҳам ҳисобланади. Асаларининг иштирокисиз кўплаб ўсимликлар мева бермайди.
Асалари худди чумолига ўхшаб ижтимоий ҳашаротдир. Унинг тузилиши, иш фаолияти ва меҳнатининг маҳсули ақлни лол қолдирадиган даражададир.
Ҳайвонлардаги табиий сезги жуда мураккаб ҳолатдир. Лекин бу касбий эмас. Яъни бу сезги ҳайвонларнинг ўз кучи, меҳнати эвазига шаклланган эмас, балки Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган ваҳбий ҳолатдир.
Асалари бир томчи шира йиғиш мақсадида мингдан ортиқ гулларга қўнади. У гулга қўниб нектарни сўриб бўлгач, ўзидан бир белги қолдиради. Токи унинг шериклари ўша гулга қўниб, нектар излаб вақтлари кетмасин.
Асалари юз грамм нектар йиғиш учун миллионтача гулга қўнади. Бир килограмм асал тўплаш учун эса асалари тахминан бир неча юз минг километр масофани босиб ўтади. Бу эса Ер шари атрофини тахминан ўн марта айланиб чиқишга тенгдир.
Юксиз асалари учаётган пайтда тезлиги соатига 65 километрга етади. Агар нектарни кўтариб олган бўлса, у ҳолда унинг тезлиги соатига 30 километрга пасаяди. Асалари олиб кетаётган нектарнинг оғирлиги танасининг учдан бирига тенг келади. Бу бир тонналик машина 300 килограмлик юкни олиб кетяпти деганидир.
Юқорида айтганимиздек, бир килограм асал ишлаб чиқариш учун кичик ва меҳнаткаш ҳашарот – асалари бир неча юз минглаб, тахминан 400 минг километр масофани босиб ўтади.
Баъзи саноат соҳасида ривожланган мамлакатлар ҳомашёларни бошқа қитъалардан олади. Кемалар ортга қайтаётганда, шу кеманинг ўзида мазкур ҳомашёни қайта ишлаш жараёни ўтказилади. Мен Япония ҳақида бир мақола ўқигандим. Унда айтилишича, Япония зангламайдиган пўлат экспорти бўйича етакчи мамлакатлардан бири бўлишига қарамай, уларда мутлақо ҳомашё йўқ экан. Улар ҳомашёни Австрадиядан олиб, ортга қайтаётган кемаларда ҳомашёни қайта ишлаш бўйича мураккаб жараёнлар ўтказар эканлар. Кейин ушбу қайта ишланган маҳсулот саноат корхоналарига топширилар экан.
Асалари нектарни олиб, инига қайтар экан, йўлда нектарни асалга айлантириш бўйича ўта мураккаб кимёвий амалиётларни бажарар экан. Инига етиб боргач, қайта ишлов берилган маҳсулот яна қайта ишланиб, соф асал ҳолига келтирилади.
Баҳор келиб, гуллар қийғос очилган пайтларда нектар йиғувчи арилар ўзидаги юкни бошқа арига топшириб, яна дарҳол нектар йиғишга жўнаб кетар экан. Асаларилар орасида узоққа учолмайдиган заифлари бўлади. Улар меҳнаткаш дўстларининг йиққан нектарларини қабул қилиб олиб, инга етказар, уни инга олиб кириб, муносиб жойга жойлаштирар экан.
Асаларилар оиласида малика ари бўлади. У бошқалардан ҳажмининг катталиги билан ажралиб туради. Малика асалари баҳор фаслида ҳар куни мингтадан то иккимингтагача тухум қўяди. Ақлни лол қолдирадиган ҳодисалардан яна бири шуки, ушбу малика ари малика аричаларни бир жойга, эркак аричаларни яна бир ўринга, урғочи аричаларни эса бошқа жойга тухум шаклида қўяр экан.
Урғочи арилар орасида маликага хизмат қиладиган, унга таом келтириб турадиган “оқсоч” арилар ҳам бор экан. Баъзи арилар маликаларига шоҳона таом сифатида гул чанги йиғиб келадилар. Агар малика ари ўлса, инда тартибсизлик ва заифлик юзага келади. Малика асалари инсонни чақмайди. Эркак асалариларнинг вазифаси – маликаларни уруғлантириш, урғочи асалариларнинг вазифаси хизмат қилиш, маликанинг вазифаси тухум қўйишдир.
Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг азаматига далолат қилувчи мўъжизалардир. Аллоҳ таоло асалариларни юксак даражада ўзаро ёрдамлашиб, тартибли, самарали меҳнат қилиб яшайдиган жамоа этиб яратди. Шунинг учун асаларилар жамоасида бузғунчилик, талофот етказиш деган нарсалар кузатилмайди. Бу жамоа бир мақсад йўлида бирлашган, жипс жамоадир. Жамоа раҳбари бўлган малика асалари билан бирор масалада ҳеч ким тортишмайди. Жамоадаги ҳар бир асалари маликанинг махсус моддасидан унинг шу ердалиги ҳис қилиб турадилар. Чунки ушбу моддани махсус хизматчилар ҳар бир уяга етказиб турадилар.
Юқорида айтганимиздек, агар малика ўлса, уяда тартиб-интизом бузилиши содир бўлиб, бекорчилик тарқалади ва ишлар тўхтайди. Баъзи пайтларда малика йўқ бўлса, ўрнига унинг ўринбосари ёки “валиаҳди” жамоани бошқариб туради.
Урғочи асаларилар жуда кўп вазифаларни бажарадилар. Уларнинг умрига, жисмоний тузилишига қараб иш тақсимланади. Улар орасида ёш аричаларга қарайдиган “энага”лар, “тарбиячи”лар, уяга сув ташиб келадиган урғочилар, уяни ёз фаслига тайёрлайдиган, қишда уяни илитадиган, ин қуруқшаб қолса, намлантирадиган, уяни тозалайдиган, унинг деворларини махсус моддалар билан ялтиратадиган арилар ҳам бўлади.
Шунингдек, уяни душмандан ҳимоя қиладиган қўриқчи арилар ҳам бўлиб, улар инга кирмоқчи бўлган асаларидан махфий сўз (парол)ни сўрар эканлар. Агар айтса, уяга киришга рухсат берар, айтмаса, уни ўлдирар эканлар. Зарурат туғилган пайтда махфий сўз бошқасига алмаштирилар экан.
Баъзи асаларилар мумни олти бурчакли қилиб ясаш ишлари билан шуғулланадилар. Бу шакл мукаммал ҳисобланиб, орасида бўш, ғовак жойлар қолмайди. Асаларилар мумни олти бурчак қилишда шу даражада аниқлик билан иш олиб борадиларки, катакларнинг бири иккинчисидан миллиметрнинг ўндан биричалик ҳам фарқ қилмайди.
Яна шундай асаларилар борки, уларнинг вазифаси – гуллар жойлашган маконларни аниқлашдир. Гуллар маконини топишгач, дарҳол уяга қайтиб, таналарининг орқа тарафини қимирлатиб, махсус рақсга тушишади. Бу рақс бошқа ишчи асалариларга гулларгача қанча масофа борлигини, уларнинг миқдорини ва йўналиш қайси тарафдалигини кўрсатади. Агар “разведкачи” асалари дум тарафини тезроқ қимирлатса, у бепоён гулзор топганидан далолатдир.
Уядаги ичши асаларилар олиб келадиган нектар асал учун ҳомашёдир. Нектар йиғиш учун ўнлаб километр узоқликларга учиб кетган асалари яна уясини аниқ топиб қайтиб келишининг сири ҳалигача аниқланмаган.
Асаларилар имкон қадар қисқа вақт ичида кўпроқ нектарни ташиб келтириш ва сақлаш бўйича энг самарали ҳашаротлардир. Шунингдек, ўсимликларни чанглатиш бўйича ҳам энг кўп хизмат қиладиган жонзотлар шулардир.
Аллоҳ таоло юқоридаги оятда “Унда одамлар учун шифо бордир” деб марҳамат қилган.
Асалда шифо учун етмиш тўрттадан кўпроқ турдаги керакли моддалар бор.
Дамашқда ишлайдиган бир жарроҳни биламан. У ҳар сафар жарроҳлик амалиётини якунлагач, тикилган жой тезроқ битиши учун жароҳат устига асалдан ип қўяди.
Бугунги кунда дўконларда сотилаётган турли ичимликларнинг кўпида заррача табиий модда йўқ. Ҳаммаси кимёвий моддалар билан тўлган.
Баъзи асал етиштирувчилар уя ёнига қуёқ шинни қўядилар. Асалари уни шимиб, ўшандан асал тайёрлайди. Аммо бу асалнинг озуқавий ва тиббий фойдаси у қадар кўп эмас. Инсонга ҳар томонлама фойдаси кўпроқ бўлгани гул нектари асосида олинган асалдир.
Асал инсоният учун ҳам озуқа, ҳам шифодир.
Бир гулдан нектар сўриб бўлгач, шериклари оввора бўлмаслиги учун унга белги қўйишни асаларига ким ўргатди?! Узоқ масофага учиб кетган жонзотга яна адашмай ўз инини топиб келишни ким таълим берди?! Албатта, Буюк Мусаввир бўлган Аллоҳ таоло ўргатгандир!
Сўзимизни ушбу оят билан якунласак:
هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ
“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон оятларини ўқиб, тадаббур қилиб, яратган махлуқотлари хусусида тафаккур қилишимизни ва иймонимиз нури янада зиёда бўлишини насиб этсин, омин!
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизалари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَأْكُلْ بِيَمِينِهِ، وَإِذَا شَرِبَ فَلْيَشْرَبْ بِيَمِينِهِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَأْكُلُ بِشِمَالِهِ وَيَشْرَبُ بِشِمَالِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар (Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар).
Демак, чап қўли билан еб-ичган одам Роҳманнинг амридан юз ўгириб, шайтонга эргашган ва унинг ишини қилган бўлади.
Шунинг учун бу масалага катта эътибор билан қарамоғимиз, фарзандларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим.
عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَكَلَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِشِمَالِهِ، فَقَالَ: كُلْ بِيَمِينِكَ، قَالَ: لَا أَسْتَطِيعُ، قَالَ: لَا اسْتَطَعْتَ، مَا مَنَعَهُ إِلَّا الْكِبْرُ، قَالَ: فَمَا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Бас, у зот:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар.
«Қодир эмасман», деди у.
«Қодир бўлмагин! Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», дедилар у зот. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди» (Муслим ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда овқатланиш маданиятига қанчалик аҳамият берилганлигини ёрқин кўриб турибмиз. Албатта, гап овқатланишнинг исломий маданияти ҳақида кетмоқда. Овқатланишнинг исломий маданиятларидан бири ўнг қўл билан ейишдир. Ҳар бир мусулмон инсон бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан қараши лозим. Баъзи бир кишилар бу исломий маданиятга риоя қилмасалар, уларни огоҳлантириш керак.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида овқатланишнинг исломий маданиятига риоя қилмай, чап қўли билан таом ейишга тутинди. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга бепарво бўлишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун мазкур одобсиз кишига таълим бериб:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар».
Бундай пайтда ҳар қандай одам таълим берувчига ташаккур айтиб, ўзини ўнглаб олишга уринади. Одоб-ахлоқ тақозоси шу. Аммо ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаккур айтиб, ўз хатосини тузатиб, ўнг қўли билан таом ейишга ўтиш ўрнига:
«Қодир эмасман», деди».
Яъни, бу «Овқатни ўнг қўли билан ея олмайман. Чап қўлим билан еявераман», дегани эди. Ўзи нотўғри иш қила туриб, унга меҳр кўрсатиб, хатосини тўғрилаб қўйган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай бетгачопарлик қилган нобакор ҳар қандай жазога ва қарғишга лойиқ эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб:
«Қодир бўлмагин!» дедилар».
Яъни, «Ўнг қўлинг билан таом ея олмасанг, бир йўла ея олмай қолгин», дедилар. Ҳамда у ерда ҳозир бўлганларга тушунтириш учун:
«Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», деб, қўшиб қўйдилар. Яъни, у одам юқоридаги гапни ҳақиқатда ўнг қўлида нуқсон борлиги учун эмас, кибр билан хатосини тан олишдан бош тортиб айтган эди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жойида қабул бўлди.
«Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».
Ажаб бўлди! Баттар бўлсин! Ўз фойдасини билмаган, шариат ҳукмидан кўра ўзининг кибрини устун қўядиганлар учун бу ҳам кам!
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Чап қўл билан таом еб бўлмаслиги.
2. Бировнинг чап қўл билан еганини кўрган одам танбеҳ бериб, ўнг қўл билан ейишини эслатиб қўйиши кераклиги.
3. Диний ҳукмлар бўйича насиҳат эшитган одам мутакаббирлик қилмаслиги кераклиги.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари дарҳол қабул бўлиши.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз