#xabar #muftiy
Бугун, 11 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг VI йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбой ҳожи Тағанули ва Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Абдулазиз қори Зокиров қатнашди.
Нутқ қилган муфтийлар Туркий давлатлар диний идоралари ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётганидан мамнун эканини изҳор этиб, ушбу анъанавий анжуман аҳиллик, иноқлик, дўстлик, бирдамлик, таҳликали замонда тинчлик-осойишталик ва тотувликни таъминлашга ҳисса қўшишдек муштарак мақсадларга хизмат қилаётганини эътироф этишди. Бундай эзгу ишлар ва уммат бирлигига Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ҳам чорланганини далиллар билан келтиришди.
Глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш борасидаги имкониятларни бирлаштириш бугунги кунда жуда ҳам муҳимлигини таъкидладилар. Фитналар, бузғунчи ғоялар ва ахборот хуружлари авж олган бир пайтда ғоявий таҳдидлар қаршисида Туркий дунё халқлари бирдамликда муаммоларни бартараф этишга янада жидду жаҳд қилиш кераклигини айтиб ўтишди.
Йиғилишда мазкур тузилма ҳузуридаги Фатво ҳайъати томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, Кенгашга кўриб чиқиш ва имзоланиш учун тақдим этилган оила, никоҳ, инсон органларини кўчириш, ҳаж ва умра, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли борасидаги бешта муҳим фатво имзоланди. Ушбу фатволарнинг мазмун-моҳиятини келгусида батафсил ёритиш режалаштирилди.
Кенгаш доирасида жамоавий фатволар чиқарилиши муҳим тарихий қадам бўлиб, туркий мамлакатлардаги диний-маърифий ишлар ва фиқҳий масалаларни ҳал этишда якдиллик ва ҳамкорликни таъминлайди.
Туркий давлатлар муфтийлари ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган Исломда уммат бирлиги номли Баёнот ҳамда иқлим ўзгаришининг олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал қилиш тўғрисидаги Мурожаатни ҳам қабул қилишди.
Йиғилишда Туркий давлатлар муфтийлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини муҳтарам Президентимизнинг фармонларига кўра “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланганлари муносабати ила самимий қутладилар. Ўз навбатида Муфтий ҳазратлари қардош давлатлар диний идоралари раҳбарларига ташаккур айтдилар.
Шундан сўнг Кенгаш йиғилиши Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг дунё мусулмонларига тинчлик-офият сўраш, туркий халқлар бирдамлиги янада мустаҳкам бўлиши ҳақидаги хайрли дуолари билан якунланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати