Мисрда чоп этиладиган йирик матбаа нашрлардан бири - “Ал-Аҳрам” газетаси саҳифасида “Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси: Президент Шавкат Мирзиёев янги муддатга сайланганидан кейин Миср билан ўзаро манфаатли алоқаларда улкан ривожланиш кутилмоқда” сарлавҳаси остидаги интервью босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Қоҳирадаги дипломатия ваколатхонаси раҳбари Мансурбек Қиличев билан бўлган ушбу суҳбатда Ўзбекистон ва унинг халқи араб мамлакатлари, хусусан, Миср халқи билан кўплаб тарихий, маданий ва диний ришталар орқали боғлангани қайд этилган.
Унда Ўзбекистоннинг мисрликларга қадим замонлардан бери Мовароуннаҳр – “дарё ортидаги мамлакат” сифатида танилгани ва Қоҳирада икки давлат ўртасидаги тарихий муносабатларнинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишини тасдиқлайдиган кўплаб далиллар ва ёдгорликлар сақланиб қолгани таъкидланган.
«Масалан, Қоҳирадаги “Нилометр”. “У Аҳмад Ал-Фарғоний” томонидан кашф этилган, шунингдек, ҳудуди бўйича Мисрдаги энг йирик масжидлардан бири бўлган “Ибн Тулун” масжиди асли Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридан бўлган Аҳмад ибн Тулун томонидан барпо этилган. Қоҳира марказидаги боғи билан машҳур бўлган “Ал-Ўзбекия” маҳалласининг номи эса Султон Қайтбой ўз қўшини қўмондони Сайфуддин Ўзбекка 60 гектар ерни совға қилишидан сўнгги даврига тўғри келади. Бу ерда Сайфуддин Ўзбек ободончилик қилган, кўплаб иншоотлар, жумладан, мазкур боғни барпо этган», деб ёзади нашр.
Ушбу интервьюда Ўзбекистоннинг замонавий даврдаги муносабатлари тарихий муносабатларидан кам эмаслиги, Миср 1993 йили, собиқ советлар иттифоқи парчалангач, яьни Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Тошкентда элчихонасини очган биринчи давлатлардан бири бўлгани ҳам қайд этилган.
Суҳбатда Миср араб давлатлари орасидан биринчи бўлиб, 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олгани ва 1992 йилда имзоланган Қўшма баёнот асосида икки давлат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилгани ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср етакчилари мунтазам учрашаётгани, Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисий 2018 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюргани, жорий йилнинг феврал ойида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мисрга буюрган ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш барча соҳаларда ҳамкорлик асосларини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратгани алоҳида таъкидланган.
Юқоридагилар билан бирга, Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличев жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтган сайловларда Президент Мирзиёев янги президентлик муддатига сайланганидан кейинги даврда ҳам Миср билан алоқалар ҳам муҳим ўрин тутишини қайд этгани ва бунинг сабаблари атрофлича қаламга олинган.
«Ўзбекистон элчиси Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишончга асосланган дўстликка асосланишини тасдиқлар экан, икки мамлакат халқлари ўртасидаги тарихий ва маданий муштараклик ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос эканлиги, Миср Ўзбекистон учун истиқболли ҳамкор ва ўз мамлакати экспортининг Африка бозорларига кириш эшиги эканини таъкидлади», деб ёзади газета.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, “Ал-Аҳрам” газетаси 1875 йил 5 августда Мисрнинг расмий газетаси сифатида ташкил этилган. У Миср ва араб дунёсидаги энг йирик нашр бўлиб, кунлик адади 1 миллионга яқин нусхани ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази